Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Миллий уйғониш ҳаракатининг асосчиларидан бири бўлган Мунаввар қори Абдурашидхонов таваллудининг 145 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Анжуман аввалида Мунавварқори Абдурашидхонов ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид, адабиётшунос олим Баҳодир Каримов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессори, тарих фанлари номзоди Сотимбой Холбоев, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи бош илмий ходими Баҳром Ирзаевнинг “Мунавварқори ва “Ёш Туркистон” журнали”, “Мунавварқори – Ўзбекистон Миллий университети асосчиси”, “Мунавварқорининг педагогик маҳорати” каби мавзудаги маърузалари тингланди.
– Мамлакатимизда Мунавварқори Абдурашидхоновнинг 145 йиллиги кенг нишонланиши миллий адабиётимиз, маънавиятимизга қаратилаётган улкан эътиборнинг яна бир ёрқин далилидир, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид. – Президентимиз ўз чиқишларида маърифатпарвар боболаримиз мероси, ибратли ҳаёти, фаолияти ҳақида доим таъкидлаб келади. Мунавварқори Абдурашидхонов наинки педагог, балки миллатни уйғотган буюк сиймо, ёзувчи ва шоир, ўз даврининг илғор кишиси эди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Мунавварқори Абдурашидхоновнинг ижод намуналари жамланган китобни нашр этди. Гарчи бундай китоб икки-уч йил аввал нашр этилган бўлсада, уни яна қайта нашр этдик. Негаки, Мунавварқори меросига бугун ҳам эҳтиёж катта. Биз ёшларга юксак даражада билим берибгина, келгусида боболаримиз орзу қилган ривожланган давлатга эришишимиз мумкин. Ёшларга қаратилаётган эътибор натижасида Мунавварқори Абдурашидхонов каби инсонлар етишиб чиқишига шубҳам йўқ.
– Хотира уйғонса гўзалдир, – деди адабиётшунос олим Баҳодир Каримов. – Мунавварқорининг хотираси ухлаган эмас. У мудом уйғоқ бўлган. Мунавварқори Абдурашидхоновнинг асарларини ўқиб, у ўзининг бутун умрини миллатни уйғотишга бағишлаганини англаш мумкин. Афсуски, мустақилликкача унинг ижоди, фаолияти ўрганилмади. Мунавварқорининг душмани жаҳолат, илмсизлик эди. Мунавварқорини доим ўқиш, хотирлаш керак. Маърифатпарвар бобомизнинг орзу-умидлари бугун Янги Ўзбекистонда ўзининг рўёбини топмоқда, деб ўйлайман.
– Мунавварқори Абдурашидхонов ҳақидаги ҳужжатларни 2001 йилда топиб, ўрганиб, таҳлил қилгандим, – деди олим Сотимбой Холбоев. – Бу жуда оғир, изтиробли жараён эди. Мунавварқори ўзининг ҳибсдаги сўнгги кунларида “…биз ўзимизни қурбон қилиб, миллатни сақлаб қолишимиз керак!» деган эди. У 1901 йилда ўз ҳовлисида, кейинчалик Тошкентнинг турли даҳаларида жадид мактабларини очади. Мустақиллик, ўзликни англаш, бу мактабларнинг асосий ғоялари эди. Мунавварқорининг энг буюк хизматларидан бири – у Туркистон халқ дорилфунуни, яъни Ўзбекистон миллий университетини ташкил этишга бош-қош бўлган эди.
– Бизда минг йиллик таълим мактаби бор эди, – деди атоқли тарихчи олим, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи бош илмий ходими Баҳром Ирзаев. – Асрлар оша неча-неча буюк алломаларимиз, олиму мутафаккирларимиз айнан шу мактабдан етишиб чиққанлар. Мунавварқори Абдурашидхонов таълим тизими, дарсликларни миллийликка асосланган ҳолда замонавийлаштириш йўлида жонбозлик кўрсатади. Мактаб, ёшларнинг келажаги, таълим-тарбия Мунавварқори Абдурашидхонов ҳаётининг мазмуни бўлган эди.
Дарҳақиқат, тадбирда таъкидланганидек, Мунавварқори Абдурашидхонов таълим-тарбия, адабиёт, журналистика йўналишларида самарали фаолият кўрсатиши билан бирга миллий таълим тизими, миллий таълим дастурини яратган, мактаблар очган, ўз халқини маърифатли, юксак билимли, зиёли бўлишига умрини бағишлаган инсон эди.
2020 йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирлангани аждодлар меросига бўлган эътиборнинг амалий намунасидир. Зеро, янгиланаётган Ўзбекистонимизда Учинчи Ренессанс пойдевори айнан Мунавварқори Абдурашидхоновдек фидойи маърифатпарвар боболаримиз меросига вобаста яратилмоқда.
Хотира тадбирида маърифатпарвар бобомиз ҳаёти, ибратли фаолияти хусусида батафсил сўз юритилди. Жадидлар ҳаракатига доир фильмлардан лавҳалар намойиш этилди. Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ҳамда Юнус Ражабий номли “Мақом” ансамблининг бадиий чиқишлари иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (суратлар), ЎзА