Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар!
Муҳтарам Қуролли Кучларимиз фахрийлари!
Қадрли ватандошлар!
Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сана – Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Халқимиз сизлар каби мард ва жасур ҳарбийларимиз тимсолида Ватанни ҳимоя қилишдек дунёдаги энг улуғ ишни шараф билан адо этиб, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Бобур Мирзо сингари буюк аждодларимизнинг шонли анъаналарини муносиб давом эттириб келаётган она юртимизнинг чинакам қалқонларини кўради.
Мана шу қутлуғ айёмда барчамиз сизларнинг метин иродангиз, жанговар руҳингиз ва шиддатингизга қараб, Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, сарҳадларимиз дахлсизлиги мустаҳкам ишончли қўлларда эканини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида эришаётган барча ютуқ ва марраларимизда Қуролли Кучларимиз ва уларнинг сафларида ўз вазифасини сидқидилдан адо этаётган минг-минглаб ҳарбийларимизнинг муносиб ҳиссаси бор, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Халқимизнинг асл ўғлонларига хос фазилатлар улуғланадиган мана шу унутилмас лаҳзаларда Ватан олдидаги бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ботир жангчиларимизни ёд этиб, уларнинг ўлмас хотираси олдида таъзим қиламиз.
Ишончим комил, улар ўзларининг жасорати ва ўчмас номлари билан эл-юртимиз қалбида ҳамиша барҳаёт яшайди, жанговар сафларда уларнинг ўрни, азиз хотираси ҳеч қачон йўқолмайди.
Муҳтарам юртдошлар!
Кейинги йилларда “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган эзгу ғоя асосида Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини ошириш, ҳарбий қурилиш соҳасини тубдан модернизация қилиш бўйича олиб бораётган ислоҳотларимиз натижасида миллий армиямизда чуқур сифат ўзгаришлари юз бермоқда, унинг сафларида хизмат қилиш том маънода шон-шараф ишига айланиб бормоқда.
Бу борада, айниқса, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган ишларимиз муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Бугунги кунда ҳарбий хизматчиларимизнинг профессионал маҳорати ва обрў-эътибори жаҳон миқёсида ҳам юксалиб бормоқда. Буни мамлакатимиз Қуролли Кучлари вакилларининг нуфузли халқаро ҳарбий мусобақаларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келаётгани мисолида яққол кўриш мумкин.
Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва фахрийларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ҳам комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз ҳамда Миллий армиямиз ва халқимизнинг фаол ҳамкорлиги туфайли Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз тараққиёти, тинчлиги ва барқарорлигининг ишончли кафолатига, чинакам жасорат ва матонат мактабига айланмоқда, деб айтишга барча асосларимиз бор.
Қадрли дўстлар!
Дунё миқёсидаги ҳозирги ўта мураккаб вазиятда мамлакатимиз хавфсизлиги ва манфаатларини ишончли таъминлаш янада долзарб вазифамизга айланмоқда.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, жамиятимизда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, юртимиз мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш масалалари устувор йўналишлар этиб белгиланди.
Шу асосда мамлакатимизнинг ҳарбий-илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини кучайтириш, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, қўшинлар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этишга янада улкан аҳамият қаратамиз.
Буюк Амир Темур бобомиз айтганларидек, ғалаба тақдирини аввало қўшиннинг жанговар руҳи ва тайёргарлиги, маънавий қудрати ва мустаҳкам иродаси ҳал қилади.
Шу боис, миллий армиямизнинг чинакам куч-қудратини белгилаб берадиган қўрқмас ва довюрак ҳарбийларимиз қалбида жанговар руҳни ошириш, уларни ҳар қандай қийинчилик ва синовга чидамли ва матонатли этиб тарбиялаш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади.
Азиз Ватан ҳимоячилари!
Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, олижаноб ва масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.
Азму шижоатли Ўзбекистон ҳарбийлари – Ватанимиз посбонларига шон-шарафлар бўлсин!
-Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти,
Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони