Ўзбекистон ва Хитой етакчилари кўп қиррали ва ҳар томонлама стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиқдилар

0
56
марта кўрилган.

24 январь куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Учрашув аввалида Президентимиз Хитой етакчисига ташриф билан келиш таклифи ва кўрсатилаётган илиқ меҳмондўстлик ҳамда Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг юксак эътирофи учун самимий миннатдорлик билдирди.

Давлат раҳбарлари кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар ривожида кучли суръатга эришилганини таъкидладилар.

Барча даражаларда алоқалар фаоллашиб, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатларимиз муҳим масалалар юзасидан бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Ўтган йил ноябрь ойида Пекин шаҳрида Ташқи ишлар вазирлари стратегик мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Парламентлараро ҳамкорлик фаоллашди.

Президентимиз ХХР Раисига камбағалликка қарши курашиш бўйича ҳамкорликка шахсан эътибор қараётгани ва қўллаб-қувватлаётгани учун ташаккур билдирди.

Томонлар Ўзбекистонда Хитойнинг “Лу Бань устахонаси” профессионал таълим тизимини жорий қилиш бўйича пилот лойиҳа бошланганини олқишладилар.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.

Ўтган йил якунлари бўйича товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етди. Яқин истиқболда буни 20 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар борлиги тўғрисида якдил фикр билдирилди.

Кейинги йилларда Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони эса уч баробар ошди.

Инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва “яшил” энергетикада технологиялар трансфери соҳаларида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш ва қабул қилишга келишиб олинди.

Шу маънода, ўтган йил охирида Ўзбекистонда Хитой компаниялари иштирокида қуввати 1000 мегаваттлик иккита янги қуёш электр станциялари фойдаланишга топширилгани мамнуният билан қайд этилди.

Хитойнинг етакчи банклари, “Ипак йўли” фонди ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан самарали молиявий-техник ҳамкорликнинг бугунги даражаси юқори баҳоланди.

Давлатимиз раҳбари инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг молиявий воситаларини кенгайтириш, жумладан, қўшма платформа яратиш борасида келишувларга эришилганини, шунингдек, Хитой Эксимбанкининг Тошкент шаҳрида Марказий Осиё учун минтақавий офис очиш қарорини олқишлади.

Президентимиз хитойлик шерикларни Ўзбекистондаги давлат корхоналари ва банкларини хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга чақирди.

Етакчилар ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашганига мамнуният билдирдилар. Бу борадаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари кенгашини тузишга келишиб олдилар.

“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Трансминтақавий транспорт ва транзит кўпригининг муҳим таркибий қисми бўладиган “Хитой – Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳим экани таъкидланди.

Куни кеча Пекинда биринчи таълим форуми, Шанхайда Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари кўргазмаси муваффақиятли ўтгани қайд этилди. Шу кунларда ўтаётган Ўзбекистон маданияти кунлари доирасидаги тадбирлар Хитой пойтахти аҳолиси ва меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди.

Таълим ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро маданият кунларини ўтказиш амалиётини давом эттириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Қўшма Ёшлар инновация форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Режалаштирилган барча тадбирлар ва илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида томонлар Ҳукуматлараро қўмита ва унинг барча кичик қўмиталари йиғилишларини жорий йилнинг биринчи ярмида ўтказишга аҳдлашиб олди.

Минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

“Ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги позиция ўзгармас экани тасдиқланди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон етакчиси ХХР раҳбарини ташриф билан мамлакатимизга келишга таклиф қилди ҳамда дўст Хитой халқининг яқинлашиб келаётган хитойча Янги йил – “Чунь Цзе” байрами билан табриклади.

Учрашув ҳар доимгидек ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.