Ўзбекистон Президенти рафиқаси билан Пекиндан Шэньчжэнга келди ва Гуандун музофоти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун кенг имкониятларни қайд этди

0
62
марта кўрилган.

Пекин шаҳридаги тадбирлар дастури якунлангач, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга Шэньчжэнь шаҳрига келди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Аэропортда олий мартабали меҳмонни Гуандун музофотининг расмий шахслари кутиб олди.

Бугун, 25 январь куни давлатимиз раҳбари Ўзбекистон-Хитой инвестиция форумида иштирок этади, ХХР етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказади.

Шэньчжэнь – Хитойнинг аҳоли сони бўйича учинчи шаҳри ҳамда Гуандун музофотидаги махсус иқтисодий ҳудуддир. Технологиялар, тадқиқотлар, ишлаб чиқариш, бизнес ва иқтисодиёт, туризм ва транспорт борасида глобал марказлардан бири, контейнерли юклар билан ишлаш қуввати бўйича дунёдаги тўртинчи денгиз портидир. 

Ўзбекистон Президенти  Шэньчжэнь шаҳрида Гуандун музофоти партия қўмитаси котиби Хуан Куньмин билан учрашув ўтказди.

Гуандун – Хитойнинг энг ривожланган ҳудудларидан бўлиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб 10 фоизини шакллантиради ва бу кўрсаткич бўйича етакчилик қилади. Музофот Ўзбекистон ҳудудларининг энг йирик иқтисодий шеригидир.

Учрашувда музофот билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни, энг аввало, юқори технологик тармоқларда кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Куни кеча ХХР Раиси Си Цзиньпин билан сермаҳсул музокаралар ўтказилгани, улар доирасида ҳудудлараро алоқаларни янада кенгайтириш масаласи қўллаб-қувватлангани мамнуният билан қайд этилди.

Саноат кооперациясини чуқурлаштириш, шу жумладан Гуандуннинг етакчи компаниялари учун мамлакатимиз ҳудудларида ихтисослаштирилган юқори технологик парклар ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Кеча бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувда ташкил этилиши келишиб олинган Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари кенгаши фаолиятида Гуандун муҳим ўрни тутиши таъкидланди.

Ўзбекистон музофот ҳудудида жойлашган “Huawei”, “BYD”, “ZTE” ва бошқа илғор компаниялар билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлиги қайд этилди.

Гуманитар алоқалар ва ишбилармонлик алмашинувларини фаоллаштириш мақсадида IT таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш ва тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.