Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўрди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Вилоятда илгари ҳеч бундай кенг кўламли қурилишлар бўлмаган эди. Сўнгги йилларда ўнлаб заводлар ишга туширилди, янги саноат тармоқлари пайдо бўлди. Шунга яраша ижтимоий инфратузилма ҳам барпо этилмоқда.
Шароф Рашидов туманининг бу ҳудуди адир ёнбағри, ундан деярли фойдаланилмас эди. Ҳозир 140 гектарли улкан майдонда жадал қурилиш кетмоқда. Лойиҳа уч босқичли бўлиб, 3 минг 936 хонадонли 105 та кўп қаватли уй барпо этилиши режалаштирилган. Уйлар 9, 12 ва 16 қаватли бўлиб, бу ҳам Жиззах шароитида янгилик.
Айни пайтда биринчи босқич доирасида 204 хонадонли 4 та кўп қаватли уй, марказий қозонхона, шоурум ва ички йўллар қурилган. Яна 16 та турар жой, мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, савдо маркази бунёд этилади. “Инно техно парк” аҳолини иш билан таъминлашда қўл келади.
Иккинчи босқич 2026, учинчиси 2028 йилларга режа қилинган. Бунда уйлардан ташқари маҳалла маркази, поликлиника, масжид, меҳмонхона, болалар ва спорт ўйингоҳлари, “Янги Ўзбекистон” боғи барпо этилади. Бўш майдонларга ҳам дарахтлар экилиб, хиёбонга айлантирилади.
Давлатимиз раҳбари бу йил режалаштирилганига қўшимча уйлар қуриб, имтиёзли ипотека кредитлари орқали аҳолига харид имкониятини яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Шунга мутаносиб равишда инфратузилма тармоқлари, мактаб, болалар боғчаси каби ижтимоий муассасалар қурилишини жадаллаштириш, савдо ва хизматларни, жумладан, йўл бўйида умумий овқатланиш шохобчаларини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Жиззах вилоятида учта шундай массив барпо этилмоқда. Уларда 4 минг 700 хонадонга эга 156 та кўп қаватли уй қурилади. Аҳоли барча ижтимоий хизматлар билан таъминланади. “Янги Ўзбекистон” массивлари қуриш ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги фармонига мувофиқ бошланган. Умуман, мамлакатимизда 53 та массивда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда 14 минг 400 та хонадонли 409 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган. Жорий йилда бундай массивларда 31 минг 447 та хонадондан иборат 767 та турар жойлар қурилиши белгиланган.