Чақалоққа қанча сув ичириш керак?

0
4892
марта кўрилган.

Кўпчилик ёш оналар “Чақалоққа қанча сув ичириш керак?” деб сўрашади. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра кўкрак сути балан парваришланаётган болаларга 6 ойлик бўлгунларича сув ичирмаса ҳам бўлади. Чунки барча керакли суюқликни гўдак она сутидан олади. Сунъий аралашмалар бериб боқилаётган болага овқатланишлар оралиғида 20-30 миллилитр (бир ошқошиқ) сув бериш мумкин.

Иссиқ кунларда болага сувни фақат овқатлантиришлар оралиғида, яъни кун давомида бир ойлик чақалоқларга уч қошиқдан, 3 ойликкача бўлганларига 3-6 ошқошиқдан, ярим ёшгача 6-12 ошқошиқдан, 6 ойликдан 1 ёшгача 1 стакандан кўп сув бермаслик керак. Болага бериладиган сув тоза, узоқ туриб қолмаган, газсиз бўлиши керак.

Табиий-ки, бунда гўдак организмининг сувга эҳтиёжи ҳам ҳисобга олинади. Гўдакка сувни мажбурлаб ичириш керак эмас. Ўзи қанча ҳоҳласа шунча ичсин, лекин меъёрдан ошмасин.

Энди кўпчилик ёш оналар бола организмида  сувсизланиш аломатларини қандай аниқлаш мумкин деб сўрашади? Организм сувсизланганида гўдак ланж бўлиб қолади, йиғлашга ҳам мадори бўлмайди. Бундай вақтда болада пешоб миқдорининг камайиши, лаблари қуриши, лиқилдоғи чўкиши, тери бужмайиши, уйқучанлик, қўл ва оёқларнинг совиб, оқариши, пульс (томир уриши) сусайиши, кўзлар ич-ичига ботиши каби ҳолатлар рўй беради. Шу сингари белгилар кузатилганда болага дарҳол сув ичириш керак.

Организм сувсизланганда шифокор кўриги албатта, зарур. Гўдакка бирданига кўп суюқлик бера кўрманг, акс ҳолда бу унинг буйракларига зиён етказиши мумкин. Айниқса ёз ойларида кичкинтойингизни сувсизланиб қолишидан эҳтиётланг.

Ирода Бекчанова, Олий тоифали врач

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.