Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи Мисрнинг таниқли ижодкори, Ал Шамс ва Луксор университетлари профессори Муҳаммад ал-Жибали томонидан таржима қилиниб, у «Туркистондаги аччиқ севги қиссаси” номи билан араб дунёси ўқувчиларига илк маротаба тақдим этилди. Китоб Мисрнинг энг йирик “Дорул – Маориф” нашриётида чоп этилган.
–Бу араб дунёси учун муҳим воқеа бўлди, – дейди Ўзбекистоннинг Миср Араб Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мансурбек Қиличев. – Китоб нусхалари Мисрнинг энг нуфузли кутубхоналари, олий ўқув юртларига етказилмоқда.
Китоб тақдимотида бу кўҳна диёрнинг таниқли ижодкорлари, ёзувчи – шоирлари, журналистлари ва жамоат арбоблари иштирок этдилар. Шунингдек, айни кунларда Миср Араб Республикасида ижодий сафарда бўлиб турган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти делегацияси аъзолари ҳам қатнашдилар. Тақдимотда сўзга чиққан Миср – Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси Маҳди Забал, “Ахбор ал-Яаум” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Фотима Бадавий, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси, адиб Фармон Тошев, “ХХI аср” газетаси бош муҳаррири, шоир Норқобил Жалил, Қоҳира университетида ўзбек тилини ўрганиб ҳозирда илмий иш қилаётган Раҳима Иброҳим ва бошқалар “Ўткан кунлар” романи ХХ аср бошларидаги ўзбек миллий маданияти, урф-одатлари, тарихи ва тақдиридан дарак берувчи юксак бадиий асар бўлиб қолади, дедилар.
–Мен илгари ҳам ўзбек адабиёти намуналарини араб тилига таржима қилганман, — дейди профессор Муҳаммад ал-Жибали. –Аммо “Ўткан кунлар” романини таржима қилишга ўнлаб йиллар ўқидим, ўргандим ва тайёргарлик кўрдим. Ниҳоят у араб олами вакиллари қўлига етди ва мен бундан беҳад бахтиёрман. Келгусида эса Навоий ғазаллари таржимасига киришмоқчиман.
Тақдимотда иштирок этган Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирий сўзга чиқиб ёзувчи авлодлари номидан миннатдорчилик билдирди.
Мулоқот чоғида “Ўткан кунлар” китоби Саудия Арабистонида ҳам қайта нашр этилиши айтилди. Роман асосида тайёрланган фильмни эса араб тилига таржима қилиш таклифи киритилди.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов ЎзА