Эл ҳурматига сазовор бўлган, халқни дилини топган раҳбар аёлларни Хоразмда опай деб эъзозлашади. Ана шундай эл-юрт хизматида тик турган опайлардан бири Хоразм ҳокими ўринбосари Шакаржон Хўжаниёзова эди.
Парламентда ишлаган кунларим у инсонни билган, бирга ишлаган кишилар опай яхши юрибдиларми деб сўрашарди. Олий Мажлис раиси ўринбосари бўлиб ишлаган Бўритош Шодиева мени саломимни етказиб турибсизми дея, сўраб, меҳр-муҳаббатини ифодалаб, ҳар кўришганимизда гўзал сийратларини бир-бир самимийлик билан таърифларди. Жуда дилкаш инсон, дилизувон воиза дея таъкидлашарди. Шакаржон Хўжаниёзова Олий Мажлис депутати бўлиб, ўзидан яхши ном қолдирди. Бир марта эмас икки марта халқнинг эъзоз-эътиборига сазовор бўлиб депутатликка сайланди. Бу аёл ҳақида кўплаб мақолалар ёзилган, китоблар битилган. Муҳаббат Сафаеванинг «Опа. Сийрат сари сафар» китоби шулардан биридир.
Ана шундай гўзал ташбеҳлар ила самимий ёзилган ёдномани таҳририятимизга синфдошим Бекпошша Хўжаева ҳам жўнатди. Хоразмнинг ардоқли қизи, воҳанинг севимли опайи Шакаржон Хўжаниёзова сафимизни тарк этганига беш йил тўлди. Ётган жойи нурга тўлиб, охирати обод бўлишини Аллоҳдан сўраб қоламиз…
Раъно Зарипова, GUJUM.UZ cайти раҳбари
Бекпошша Хўжаева: У кишини буюкликка дахлдор аёл деб биламан
Шакаржон Хўжаниёзова билан илк учрашувимиз асло эсимдан чиқмайди. Шу кундан эътиборан бу инсонга нисбатан руҳиятимда катта ишонч пайдо бўлган. Вақт ўтиши билан унинг феълидаги кучли ирода, интилувчанлик, халоскорлик, мададкорлик, меҳригиёси ўткирлигини, кўнгил одами эканлигини кашф этиб бордим. Яна қутлуғ қадам деган иборани ҳам том маънода Шакаржоннинг номи ёнига тиркаш мумкинлигини билдим.
Илк учрашувимиз – Шакаржон Хўжаниёзова халоскор. Хоразм телерадиокомпаниясининг “Ёшлик” редакциясида муҳаррирлик вазифасида ишлаётган йилларим. Касб- ҳунар техника билим юртлари ўртасида устозлар, шогирдлар иштирокида ўқиш, ҳунар эгаллаш жараёнларини яхшилаш борасида фикр- мулоҳазаларни ўртоқлашиш мақсадида учрашувлар ташкил этганмиз. Навбатдаги дастуримизда Боғот ва Гурлан туманларининг касб- ҳунар техника билим юртлари вакиллари катнашиши белгилаанди. Эфир вақти 50 дақиқа. Боғотликлар вақтида етиб келдилар. Ҳаммаси ораста, тартибли. Кўрсатув олди тайёргарлигини ўтказиш вақти яқинлашаяпти. Гурланликлардан дарак йўқ. Кўрсатув олди назоратни кечиктириб бўлмайди. Чунки, ҳар бир кўрсатувнинг вақти белгиланган. Танбеҳ эшитмаслик учун режиссёримиз билан бамаслаҳат фақат боғотликлар билан тийёргарликни бошлаб юбордик. Яхши ҳам тайёргарликни қабул қилиб олишда катталардан ҳеч ким иштирок этмади.
Эфир вақти яқинлашаяпти. Гурланликлар етиб келмаяптилар. Кўрсатувни қолдириб бўлмайди. У пайтлари тўғридан тўғри эфирга узатилган. Хоразм телевидениясида заҳира, архив деган тушунчалар йўқ. Кўрсатув дастурдан олиб ташланса 50 дақиқани нима билан тўлдирамиз? Изидан келадиган хайфсанлару, дўқ пўписалар тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади.
Менинг қаттиқ асабийлашиб, йиғлар ҳолатда иложсиз турганимни кўрган Шакаржон Хўжаниёзова ёнимга келди.
– Бекпошша опа. Қаттиқ сиқилаяпсиз. Рухсат берсангизлар, шу кўрсатувни бошқарсам. Насиб қилса вақтингизни чиройли қоплаб беришга кучимиз етади. Касбдошларим ва ўқувчиларимиз билан тезда тайёрланиб оламиз.
Режиссёримиз билан маслаҳатлашдик. Тайёргарликни пухталадик.
Кўрсатув бошланди. Юрагим бежо. Яхши билмаган одамга ҳеч кимдан рухсат олмай эфирни ишондик. Бир оғиз ножуя жумла кетсада катта муоммоларга қолиб, бошимизда таёқ синиши аниқ.
Эфирда Шакаржон Хўжаниёзова. Сочининг фарқи тал ўртадан очилиб икки тарафга силлиқ таралган, чиройли турмакланган. Эгнидаги одми кийими ўзига ярашган. Ўктам овозли. Айтаётган сўзига, мазмунга монанд урғу бериб, дадил, эркин гапираяпти. Худди 10 йиллаб бошловчилик қилаётгандай. Овоз режиссёри дейсизми, телеоператорлар, ёрдамчилар барчамиз ҳайратдамиз. 50 дақиқа деганда ўз вақтида кўрсатувни якунлади. Пешонамдаги теримни артиб студия эшиги олдига чопдим. Эшикдан чиқаётганлар орасида Шакаржонни бўйлари кўринмаяпти. Ана. Уни бағримга босдим. Ҳаяжондан қизариб кетган юзларидан ўпдим. “Ўзимнинг халоскорим” дедим кўзларим ёшланиб. Душанба кунида ўтказиладиган летучкада кўрсатувим юқори баҳоланиб, рахмат эшитдим. Бу аслида бизга эмас, Шакаржон Хўжаниёзовага билдирилган мақтовлар эди. Бизнинг ишончимиз, бир-биримизни тушуна олишимиз шу кундан бошланди, назаримда.
Вазиятни англай олиш хусусияти.1989 йил. Юртда парокандалик, норозиликларнинг кучайгандан кучайиб бораётган палласи. Вилоятимизнинг барча туманларига кўчма телевизион марказ билан чиқиб, “Келинг очиқчасига гапиришайлик” туркимидан дастурлар тайёрлаяпмиз. Раҳбар мутахассисларни фуқаролар билан юзма юз учраштириб муаммоларни ҳал қилишга интилаяпмиз. Кўрсатувимиз видеомагнитафонга ёзиб олинади. Видеомагнитафоннинг катталиги дамас автомобилидек, кассеталари ғилдирагидек келади. Бироқ, кўрсатувни монтаж қилишнинг асло иложи йўқ. Жараёнда хатолик ўтса кўрсатув қайта бошдан ёзилади. Ушбу ҳолатни қатнашчиларга қайта-қайта тушунтириб кўрсатувни бошлаймиз.
Бу гал Боғот туманидамиз. Бир томонимда туман партия комитетининг 1- котиби Рустам Қутлимуродов, иккинчи томонимда туман ижроя комитетининг раиси Шакаржон Хўжаниёзова. Залда биринчи қаторда туманнинг бошқа рахбарлари мутахасислари, орқа ўриндиқларда туман маркази ва қишлоқлардан келган вакиллар.
Сўзни Рустам Қутлимуродов бошлади. Ҳаяжонланиб озгина дудуқлангандай бўлди. Унинг ҳолатини ҳис қилган Шакаржон Юсуповна малол келмайдиган тарзда гапни илиб кетди. Ана сизга таъсирчан, хаммани ўзига жалб қиладиган воизлик! Зал жонланди. Қизғин мунозара бошланди. Опайнинг ёрдамга шайлиги, мададкорлигини шу даврада кашф этдим.
Шакаржон Хўжаниёзова Боғот тумани ҳокими. Мустақил Ўзбекистонда, вилоятда, биринчи аёл ҳоким.Ҳокимлик улкан, оғир масъулиятли даража. 37 ёшни қаршилаётган навжувон бошига элни олға бошлаш вазифаси юкланди.
Дастлабки кунларданоқ Боғот туманидан кўрсатувлар ҳозирлашни зиммамга олдим. Деярлик 10 йил давомида тумандаги ўзгаришлар, янгиланишлар, вақти келганда танқидий чиқишларни ҳам эфирга узатиб бордик. Ўтган давр оралиғида Шакаржон Хужаниёзова раҳбарлигида кучли жамоа юзага келди. Шу жамоада тарбия топган мутахассислар вилоят, Республика миқёсида элга намунали хизмат кўрсатиб келмоқдалар. Лекин, бундай даражага етиш учун қанчалик азият чекилгани, қанчалик курашларни енгиб ўтгани, руҳий зарбаларга тоб берганини кузатганман. Қисиниб, қимтиниб турган пайтида кўнглимдан кечаверадиган гапни шарта айтиб юборибман.
–Ташланг шу бош оғриғи раҳбарликни!
Шакаржон армонли кулимсиради. Ва – Сизга ҳавасим келади – деди дабдурустдан.
– Менгами? – ҳайратимни яшира олмадим.
– Ҳа, сизга. Раҳбарликка хос кирдикорлардан узоқдасиз. Лавозим – ўпқон. Домига тортиб кетаверади. Тўлқин қирғоққа отиб ташласа ҳас-чўпдан фарқинг қолмайди. Оқимга қизиқиб сузаверасан, сузаверасан. Ўпқонга дуч келиб унга тортилиб кетганингни билмайсан. Раҳбарликнинг масъулияти, халқ олдидаги жавобгарлиги ниҳоятда катта. Бу йўлга кирдингми, чиқмоқлик мушкул.
Шакаржон кўп гап айтмоқчи эди-ю, кўзларимга бир зум тикилиб туриб гапни ҳазил томонга буриб юборди. Унга раҳмим келди, ҳа-ҳа юртни бошқариб ўтирган бу аёлга том маънода раҳмим келди. Нега? Кўзларининг бир чеккасида доимо мунг бор. Назаримда курашлардан, масъулиятдан чарчагани борлиғида акс этиб тургандай. Бири-биридан савлатли раислар, бригада бошлиқлари, завод ва корхоналарнинг раҳбарлари, мутахассислар қаршисида туриб уларнинг камчилигини кўрсатиш, иш талаб қилиш осон кечадими? Изланиш, ўқиб- ўрганиш, янгиликлардан бохабарлик, ҳаётий тажрибага эга инсонлардан камтароналик ила сабоқ ола билиши туфайли бутун бошли туманни бошқара билди
Аччиқ танбеҳ эшитган раҳбар индамайгина тинч туради дейсизми? Буни яхши тушуниб етган ҳоким ўткир танқид, уни бартараф қилиш йўл-йўриқини кўрсатиш билан, ўша раҳбарнинг салоҳиятини, имконияти катталигини исботлаб, эришган муваффақиятларини эслатиб қўярди. Шакаржон Юсуповнага хос ушбу услуб: ҳам танбеҳ ҳам мақтов тарозининг палласида тенг келиб, ишнинг ўнгланиб кетишига замин яратарди.
Шакаржон Хўжаниёзова иродаси кучли аёл эди. Деҳқончилик учун оғир келган йили тасвирчимиз Собир ота Худойберганов билан униб чиққан ниҳолларни тасмага олиб хабар тайёрлаш учун Боғот туманига бордик.
Дала ўртасида ҳорғин юзи баҳорнинг қуёшида қорайиб кетган, бироз униққан рўпагини пешонасига бостириб танғиб олган, оёғидаги этигининг ранги тупроқ билан бир хил….Қўлида чивиқ. Бот-бот ерга тиқиб кўради, ўтириб тупроқ ковлаб, қадалган чигитни олиб кўради.
–Ҳорманг!! – овоз берамиз.
– Э, бор бўлинг. Синглимни аҳволи қандай кечаяпти деб хабарлашмайсиз ҳам, – гина қилган овозда сўрашиб, қўллари чангини қоқиб, оғир одимлаб ёнимизга келди.
Ажабо, жилмайишга уринаяпти-ю, кўзларига мунг чўккан. Қопоқлари солиққан, далама дала юравериб толиққан. Дарди борлиги, инжилгани аниқ сезилиб турибди. Устига устак, кўп майдонларда чигит униб чиқмаяпти. Сўрашиб, исташиб бўлгач, мақсадимизни билдирдик. Унинг ўзи бизларни илк ниҳоллар қулоқ чиқарган далага бошлади. Мунгли нигоҳлари бирдан ёришди. Кўрсатгичларни ёзиб олдим. Фактларни дона дона айтадики, хох хабар ёзай, хох кўрсатув тайёрлай рисоладагидай чиқади.
Шакаржоннинг ижод аҳлига, журналистларга эътибори бўлакча эди. Қалам аҳлини қадрлай оларди. Балки, шунинг учундир, кўпчилик Боғотга интиларди. Мавзу айтилса бас. Манзиллар белгиланарди. Ҳамроҳ қўшиларди. Фақтлар ҳозирланарди. Иш тез юришиб кетарди.
Ёз кунларининг бирида эъзозли шоиримиз Омон Матчонни оиласи билан Қалъажиқда учратдик. Тузли кўлда чўмилиб, қумга кўмилиб, қора уйда дам олиб ўтирган эканлар. Шу орада Шакаржон Юсуповна етиб келди. Суҳбат қизиди. У Омон Матжоннинг шеърларидан баъзиларини сокин, ўктам овозда сатрларга урғу бериб ёддан ўқидики, ўзим билган шеърларнинг мазмун моҳияти бошқача маъно кашф этди гўё.
Якка қолганимизда шоирнинг ижодини яқиндан билиши билан қизиқдим.
–Омон ака кўпдан бери Қалъажиққа келишини айтиб юргандилар. Хоразмдан шундай кучли ижодкор чиққан бўлсаю, ижодидан хабардор бўлмасак, ярашадими? Вақт топиб тўпламларини қайта кўздан кечирдим. Айрим шеърларини иккинчи бора ўқишда ёдимда қолди.
Ҳоким талабалар билан кўп учрашувлар ўтказар, уларга ишонч билдирар,. совғалар улашар, муҳтожлардан ёрдамини дариғ тутмасди. Аёллар билан ўтказиладиган учрашувларда эса, ўсмир ёшдаги қизларни асраб авайлаш масаласига алоҳида урғу берарди. Бир куни бунинг сабабини сўрадим. Саволимга ўзининг мисолида жавоб қайтарди. Шакаржоннинг оиласида фақат қиз фарзандлар дунёга келган. Падарлари ўғил фарзанд истаган ва бошқа аёлга кетган. Ўсмирлик йилларида юк билан боғлиқ оғир меҳнатлар қизлар зиммасига тушган. Бу холат бўйларининг рисоладагидек ўсмай қолишига сабаб бўлган.
Шакаржон Юсуповнанинг характерида икки хил ўзгаришни кузатганман. Қўл остидаги раҳбарлар олдида расмий, дадил, басавлат овозли. Оддий фуқаро қошида ўта самимий, дилкаш. Айниқса, хотин-қизлар даврасида гул-гул яшнаб, очилиб-сочилиб, қувноқ аёлга айланиб кетарди.
“Бир келиб кетинг қишлоғимизга” кўрсатувини хозирлашга борганимизда Найман қишлоғида учрашиб қолдик. Опайни пудратчи аёл тўйга таклиф қилган экан. Кириб боришимиз билан даврадаги опа-сингилларимиз дув ўрнидан турдилар. Кўришдик. Бир муддат тортинчоқлик қилдилар. Шакаржоннинг шўх охангда гурунг бошлаб қишлоқда мехнати орқали хурмат қозонган аёллар билан боғлиқ қизиқарли воқеаларни гапириб бердики, барчамиз кулишиб бир мисқол бўлдик. Кетаётганимизда қўлимизга тугунчик тутқаздилар. Албатта, ичида икки чўрак, бир қисим шира, 2 метр мато. Бундай матоларни элгазар яъни элкезар дейдилар.Тўйдан-тўйга, маракадан маракага юради.
– Рахматей, Шу сизлардан тугунчак олишни яхши кўраманда, —хазиллашди Шакаржон
Шаддот аёллардан бири – туюнчиклар бир бўғча бўлгандиров – деб гап ташлади. Шакаржон кулиб юборди.
– Фолбин бўлиб кетинг-ей. Йиғиб қўйганман. Тўйга борганингизда бош — оёқ сарпо қилиб тугунчак қайтараман.
Шакаржон Хўжаниёзова рахбар ходимлари тўпланган масканга машинада кириб бориб, уларнинг олдигинасида уловдан тушарди. Далада ишлайдиганлар олдига эса машинани узоқда қолдириб пиёдалаб борарди.
Бир гал дала бошида раиснинг жазавага тушиб кимларнидир қаттиқ койиётганини яққол эшитиб яқинлашдик. Хокимнинг пайдо бўлиб қолиши раисни жавдиратди. Шакаржон Юсуповна хеч гап эшитмагандай раис, унинг атрофидагилар билан омонлашди. Сухбатлашди. Гап нимадалигини англади. Йиғилганлар далага, биз чертак (шипон) томонга йўл олдик.
“Сеча(чумчуқ) ўз дошига ботмон. Сўкиб турганларингизнинг хар бири бир оилани бошлиғи. Сўқаламанг. Сўқоланган одамнинг иши ўнгидан келмайди, юришмайди. Юмушини нафрат аралаш бажаради”, – деди опай.
Босиқлик билан танбеҳ бергани баланд бўйли раис ҳам, пештоқдек басавлат бригада бошлиғи ҳам назаримда унинг олдида кичрайиб қолгандек туюлдилар.
Чертак савлат тўккан гужумнинг тагида. Салқин. Жиккакина жувон лиқиллаб турган курсичани оёғи тагига қўйиб, гужум шохасига илинган дудан сават ичидаги рўмолдан иккита нонни олиб дастурхонга қўйиб бизга тутди. Аслида ноннинг тузини бир чимдингина синдириб татадилар. Биз эса беихтиёр шаппатдай нонни синдириб олдик. Боиси, хамири сутга қорилган, тандирда ғўзапоя ўтида қип-қизариб пишган қисирдама нон иштаҳамизни қўзғаб юборган эди. Шакаржон жувонни пазандалигини улуғлаб, мақтади. Ёнимизда турган ёшлардан бирини машина томон жўнатди. У олиб келган сумка ичидан гулдор рўмол чиқариб аёлнинг бошига солди. Уни қувонганини атрофдагиларга шодланиб назар ташлаганини бир кўрсангиз эди!
– Сиз учун асраб юргандим, – Шакаржон аёлнинг шодлигига шерик бўлди.
Ҳоким машинасида дурралар ва катта рўмолларни олиб юрар, қайсидир мехнати билан кўзга кўринган аёлларга йўл-йўлакай совға қилиб кетарди. Ўзини ҳам бошидан рўмол тушмасди.
Шакаржон Юсуповна асосан эркаклар билан ишлашини инобатга олиб коматини яширадиган кўзга ташланмайдган, одми кийинарди.
8-март халқаро хотин қизлар куни арафасида вилоятнинг илғор аёлларига бағишлаб катта байрам давраси ташкил этилди. Шакаржон Юсуповна даврани деярли ўзи бошқариб борди. Шубҳасиз айтган ҳар сўзининг салмоғи бор. Ҳазили ҳам ўрнида. Ўйин-кулгу бошланганда даврани тарк этди. Чиқиб кетаётиб кўпчилик билан сўрашди, ёнларида туриб суҳбатлашди. Биз қучоқлашиб кўришдик. Менинг ҳам, Шакаржоннинг ҳам кўзларимиз ёшга тўлди. Нега? Билмайман. Бизни узоқроқ туриб қолганимизни кўрган Ленинза опа Асқарова секин келиб Шакаржонни бошлаб кетди.
– Узоқлашдиков. Сизни кутаман, – деди.
Бордим, ишхонасига. Опаси оғир хасталанибди. Шифоланиш даврида менинг оғом, тиббиёт фанлари доктори, профессор Озод Хўжаев билан учрашибдилар.
– Шундай ажойиб, тенгсиз оғангиз бор экан. Буюк инсон. Жуда камтар, ўткир билим эгаси Озод оғага ҳурматим юксак.. Юртимиздан шундай инсонлар етишиб чиққана!
Мен оғом билан доим фахрланганман. Унинг қуёшдай иссиқ меҳридан отасизлигимни сезмай яйраб улғайганман. Шакаржоннинг эътирофи мени янада ифтихорга тўлдирди. Буни қарангки, оғом билан қўнғироқлашганимизда Шакаржон Юсуповнани сиёсатни, иқтисодни, халқ аҳволини чуқур англаган, салоҳиятли, иқтидорли раҳбар эканини таъкидлаганлар. Шу учрашувдан кейин яна узоқлашдик. Йигинларда кўрардим. Унинг эриб бораётгани, дардлари безовта қилаётганини ҳис қилардим. Аммо, ишдан қолмади. Жонсарак юраверди. Вазифасини бор кучи билан адо этаверди. Неча бор жарроҳ тиғига дучор қилган дарди охири йиқитди.
Жанозага хабар бердилар Бордик. Кўча бўйлаб машиналар, одамлар тизилишган. Хонадони 20 йил олдин қандай бўлса шундайлигича турибди. Ҳатто бироз унниққандай. Охорсиздай. Файзи кетгандай.
Опайни тўрт бурчакли тобутга солдилар. Жаноза ўқилди. Оломон гуррилаб қистоғ билан, тобутни лопилатиб олиб кетди. Бир пайтлари Опайнинг Боғоти деб келадиганимиз, ўзи билан завқланиб ўтадиган кўчалар мунғайиб қолгандай.
Шакаржонни тез-тез эслайман. Амалга оширган ишларини ҳаёлдан ўтказаман Ва Хоразмда яна бир БУЮК ИНСОН яшаб, ёрқин из қолдириб ўтганини ҳис қиламан.
Бекпошша Хўжаева, фахрий журналист