Анвар Шукуров:  ЎҒУЗХОН ТАРИХИ

0
129
марта кўрилган.

Анвар Шукуровни (охирати обод бўлсин) парламентда ишлаган кезларимизда биз сафдошлари уни ҳуқуқшунос сифатида билардик.

Кейинги йилларда у  тарих билан жумладан, туркийлар тарихи билан чуқур шуғулланишга, илмий изланишга киришди. Ана шундай қилиб   ЎҒУЗХОН ТАРИХИ китоби дунёга келди. Бугунги китобхон учун, шахсан мен учун ҳам  жуда қизиқаарли мавзу эди.

Тилшуносликдан биринчи курсда бизга дарс берган  Исматуллаев домламиз бўларди. Биринчи марта у кишидан туркий тил ўғиз тилидан келиб чиққанлигини эшитгандик. Бироқ, тилларнинг келиб чиқиши ҳақидаги фикрлар ифодаланган дарсликларда бу сўз тилга олинмаганди. У киши туркий тил жумладан,  турк, озарбайжон, туркман, уйғур ва хоразмликлар тили ўғуз группадан келиб чиққанлигини таъкидлаганди.  

 Шундан кейин  Алишер Навоий номидаги республика кутубхонаси картатекасини титкилаб, жўяли китоб топмадим. Топган мақолаларимдан шуни билдимки, Ўғизхон биринчи марта Шарқда бутун қабилаларни бирлаштириб, улкан бир давлат, империя тузган экан. 

Кейинчалик  аллома, фалакиёт илмининг султони Мирзо Улуғбекнинг  “Тўрт улус тарихи” китобида Ўғизхонни тилга олганини ўқидим.(Ўзбекистон Мстақиллигидан кейин чоп этилган). Шунингдек, Мустақилликдан кейин чоп этилган  Хива хони Абулғозий Баходирхоннинг “Шажараи турк” китобида ҳам ушбу мавзу тилга олинади. (Т.-1994 йил “Чўлпон” нашриёти).

Анвар ака Шукуров ушбу мавзуни чуқурроқ ёритишга киришган. Ўша пайтда қўл ёзмани менга жўнатган эди. Бироқ, мен уни ўқиб улгурмадим. Компьютерим бузилиб қолиб, уни тўлиқ ўқий олмадим.  Кейинчалик укаси Акрам Шукуровдан сўраб олдим. Ушбу тарихий асарда шундай кўп  китоблардан, Шарқ-у Ғарб алломаларининг фикрларидан изоҳлар келтирганди-ки, “қандай қилиб топдингиз бу далилларни” деганимда “компьпютер билан инглиз тилни билсангиз, ҳамма нарсанинг ечими бор”,– деган эди рахматлик.

Ушбу асар Анвар ака ҳаётлигидаёк, оз нусхада, муаллифнинг ўз маблағи ҳисобига чоп этилган. Ушбу китоб туркий халқларнинг тарихини кўз олдингизда нурлантиради. Албатта, тарихий  асарда чалкашликлар ҳам йўқ эмас. Аммо, шу мавзунинг кўтарилганлиги катта воқеа.

Бу фикр китобда Маҳмудхўжа Беҳбудийдан келтирилган иқтибосда  ҳам таъкидланади: «…Бурунғи асрларда Туркистон ва турклар воқеоти ва аҳволи ҳақинда туркий, форсий ва арабий тилларда неча китоблар ёзилгандурки, у китоблардан рус ва бошқа оврўпойилар истифода этган ва этмакдадурлар. Лекин у мухталиф (турли-туман) тилларда ёзилган. Тарихий асарлардан биз туркистонийлар истифода этуб, янги муҳокама ва тадқиқот ила  ўз шевамизда мунтазам бир асар вужудга келтирганимиз йўқ».

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сўзлари ҳақиқат. Ўзбекистон Мустақиллигидан кейингина қадриятларимизга,  тарихимизга  бошқадан назар ташлай бошладик. Мамлакатимизда махсус комиссия тузилиб   бизнинг мамлакатимизда ёзилган  тақдир тақозаси билан хорижга чиқиб кетган кўплаб китобларимизнинг  факсимелиси олиб келинди. Улардан бири – “Кисаси Рабғузий” бўлиб, 1309 йилда ёзилган бу асарни қадимий туркийдан замонавий ўзбек тилига ўгирганимизда тарихимизнинг буюклигига, халқимиз илм-фанни азал-азалдан улуғлаб келганлигини яна бир карра ҳис қилганман.

Анвар Шукуровнинг Ўғузхон масаласини кўтаргани ҳам тарихга янгича кўз, янгича назар билан қараш лозимлигини англатади. Дарҳақиқат, Ўғизхон ким?  Муаллиф шу саволларга жавоб излаб тарихимиз сарҳадларига шўнғийди.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Анвар Шукуров:  Ўғузхон қачон яшаган?

 «Ўғузхоннинг замонидин Чингизхон замониғача Тин, Атил ва Ёйиқ, бу уч сувнинг ёқасинда қипчоқдин ўзга эл йўқ эрди. Тўрт минг йилғача ул ерларда ўлтурдилар. Анинг учун ул ерларни Дашти Қипчоқ дерлар (Абулғозий Баходирхон “Шажараи турк” Т.-1994 йил “Чўлпон” нашриёти 22-бет)”.

Агар Абулғозий Баҳодирхоннинг ўзи 1603-1663 йилларда яшаганини эътиборга олсак,  Ўғузхон 4800 йил аввал яшаган! Абулғозий Баходирхон ҳисоби ҳақиқатга қанчалик яқин?

Юртимиз олимлари, хусусан Абу Райҳон Беруний ва унинг шогирдлари ҳисобига кўра, Нуҳ алайҳиссалом давридаги тўфон, ҳижрат (эрамизнинг 622 йили)гача 3725 йил деб олинган. (М.Улуғбек “Тўрт улус тарихи” Т.-1994 йил “Чўлпон” нашриёти 30-бет).

Абулғозий Баходирхон ҳижратнинг мингинчи йили ва ундан кейин яшаган. Яъни, Беруний ҳисобига 1000 йилни қўшсак, 1622 йилда тўфон бўлганига 3725 йил тўлади. Чингизхон Абулғозий Баходирхондан 400 йил аввал яшаган. Абулғозий Баҳодирхон ҳисобига кўра Ўғузхон Нуҳ пайғамбарнинг 10 ўғли. Ҳар бир ота оралиғини 30 йил деб оламиз. Шунда 300 йилни Нуҳ алайҳиссаломдан Ўғузхонгача бўлган даврга ажратамиз. Булар 1.Ёфас; 2.Турк; 3.Тўтак; 4.Аблачахон; 5. Диббоқўйхон; 6.Куюкхон; 7.Аланчахон; 8.Мўғулхон; 9. Қорахон; 10.Ўғузхон.

Ҳар бир ота-бола оралиғи 30 йил эканлигини инобатга олсак, Абулғозий Баҳодирхон айтаётган йил санаси ҳақиқатга жуда яқин айтилмоқда. Бундан ташқари Абулғозий Баҳодирхон  Ўғузхон билан Чингизхон ўртасидаги 450 йилдаги оталарнинг исмини билмаганлигини айтади (Абулғозий Баходирхон “Шажараи турк” Т.-1994 йил “Чўлпон” нашриёти 22-бет)”. Абулғози Баходирхон ўз асарида шундай деганини яхшилаб таҳлил қилинса, у 450 йилга эмас балки, деярли 6 бараварга – 2800 йилга адашаётганини кўрамиз.

Бу чалкашликни фақатгина битта фикр билан тушунтириш мумкин. Тарихни нафақат советлар, балки М.Улуғбекдан олдин ва кейин яшаган чингизийлар фойдаси учун сохталаштирилган экан. Қадимда арабларда шундай ибора бўлган: «Тарихни туркийлар яратади, форсийлар унга афсоналар тўқийди, араблар эса (бу афсоналарни) эшитишни хуш кўради».

Абулғозий Баходирхоннинг фикрларини ўрганишда давом этамиз. Шу борада, Абулғозий Баходирхон асаридаги оталар саноғи Мирзо Улуғбек саноғидан фарқ қилишини кузатиш мумкин. Абулғози Баходирхон асарида  Ўғузхон Нуҳнинг 10 ўғли ҳисобланади.

Мирзо Улуғбек асарида эса Ўғузхон 9-ўғил ҳисобланади: 1. Ёфас; 2. Турк; 3. Абулчахон; 4. Дибадқўйхон; 5. Куюкхон; 6. Алмужаннахон; 7. Мўғул; 8. Қорахон; 9. Ўғузхон.

Яъни, М.Улуғбек асарида Туркнинг ўғли Тўтак йўқ. М.Улуғбек Абулғозий Баходирхондан икки аср олдин яшаган бўлса-да, уни билмаслиги қизиқ. Овқатга туз солишни Тўтак кашф этганлигини инобатга олсак, уни тарих саҳифасидан ўчириш асло мумкин эмас.

Мирзо Улуғбек ва Абулғозий Баходирхоннинг тарихий битикларини уларга етти ёт бегона Геродотнинг фикрлари билан солиштирамиз:

“Улар(қипчоқ)ларнинг ҳисобича, Таргитай шоҳлиги замонидан Доронинг бостириб кириши даври ораси роппа-роса 1000 йилни ташкил этармиш” (“Қадимги тарихчилар Ўрта Осиё ҳақида”YURIST-MEDIA MARKAZI” Тошкент-2008 йил 8-бет).

Геродот Абулғозий Баходирхондан 2100 йил олдин  яшаган. Бундан чиқадики, агар Геродотнинг маълумотини асос учун қабул қилсак, қипчоқларнинг Дашти қипчоққа келганларига Абулғозий Баходирхон даврида 3100 йиллар бўлган ҳисобланади.

“Турон қавмлари” кичик энциклопедик луғатда келтирилишича, “Мўғул қабиласи 12-аср бошларида кичик қабила бўлиб, тарих саҳнасига чиққан, асрнинг ўрталарида татар қабилалари томонидан босиб олинган … Чингизхон тарих саҳнасига чиққанидан бошлаб, мўғул қабилалари бирлашиб, мўғул миллатини келтириб чиқарди” (З.Зиётов “Турон қавмлари” Т-2008 “Истиқлол” нашриёти 93-94-бетлар).

 Агар шундай бўлса, чингизийлар маҳаллий аҳолига ўзини яқинроқ кўрсатиш мақсадида, фақат бир кишини иложи борича Турк отага яқинлаштиришлари мумкин. У ҳам бўлса Мўғул.

Нуҳ пайғамбарнинг фарзандлари бўйича Абулғозий Баходирхоннинг саноғи қуйидагича:

1.Ёфас алайҳиссалом; 2.Турк; 3.Тўтак; 4. Аблачахон; 5.Дебакқўйхон; 6.Куюкхон; 7.Аланжанахон; 8.Мўғулхон; 9.Қорахон; 10.Ўғузхон; 11.Ойхон; 12.Юлдузхон; 13.Манглайхон; 14.Тенгизхон; 15.Элхон; 16.Қаён; (450 йилдаги кишилар номаълум, шунинг учун яна 15та кишини қўшсак оталар сони 30 та бўлади) 32.Бартачина; 33.Қўймарал; 34.Бичин Қаён; 35.Тимач; 36.Кичи мерган; 37.Қужамбурал; 38.Бўкабандунхон; 39.Самсавчи; 40.Қалимачухон; 41.Темуртошхон; 42.Менгли хўжахон; 43.Аланқуванинг исми номаълум отаси; 44.Аланқува; 45.Бузанжирхон; 46.Буқахон; 47.Дутумнанхон; 48.Қайдухон; 49.Байсунқурхон; 50.Тумнахон; 51.Қабилхон; 52.Бартанхон; 53.Есугай Баҳодир; 54. Чингизхон.

Яъни, 10-ўғил Ўғузхон билан 54-ўғил Чингизхонгача 44 киши бор. Уларни 30 (йил)га кўпайтирсак 1320 йил бўлади, унда Ўғузхон милоддан олдинги II асрда яшаган бўлиб чиқади. Александр Македонский милоддан олдинги 3 асрда Ўрта Осиёга келган. Ундан сўнг биронта туркий ҳоқон Хитой, Ҳиндистон, Рус ерлари, Эрон, Шом, Мисргача борганида албатта, тарихда қайд этилган Салавкийлар ёки Рим империяси билан тўқнашган бўларди.

Шунинг учун Абулғозий Баходирхоннинг Нуҳ алайҳиссаломдан Ўғузхонгача бўлган оталар саноғи тўғрилигига (жуда катта шубҳа билан), чунки Абулғозий Баходирхон айтганидек “Ҳеч нимарсанинг мартабаси тўққуздин юқори бўлмас, ниҳояти тўққуз турур” (Абулғозий Баходирхон “Шажараи турк” Т-1992 йил “Чўлпон” нашриёти 12-бет) биринчи бошдаги оталар ичидан Мўғул чиқарилса Ўғузхон 9-ота бўлиб қолади) ҳозирча кўнамиз, аммо қолган оталарнинг кўпчилиги Абулғозий Баходирхон ҳамда М.Улуғбек руйхатига кирмаганлигини инобатга олишимиз керак.

Абулғозий Баходирхон ҳам Мирзо Улуғбек ҳам Нуҳ пайғамбарнинг Чингизхонгача бўлган давр ичида оралиқдаги Оталар саноғини билмаганлигини эътиборга оламиз. Лекин улар Нуҳдан кейинги ўғиллар саноғига Мўғилни кирнтиши сиёсий талабларга мувофиқ амалга оширганлар.

Уларнинг саноғидан Мўғилни олиб ташлаб, қуйидаги рўйхатни тузишимиз мумкин: 1. Ёфас; 2. Турк; 3; Тўтак; 4.Аблачахон; 5. Дебакқўйхон; 6.Куюкхон; 7. Аланжанахон; 8. Қорахон; 9. Ўғузхон.

Нуҳнинг катта ўғлини биз араб тили орқали Ёфас, иврит орқали Иафет деб биламиз. Менимча, бизнинг тилимизда унинг исми АйАз дейилиши керак. Чунки, туркий тиллар ўзаклар елимланишидан ташкил топиб, фанда агглюнатив тил деб аталади. Бунда ўзаклар алоҳида ҳолда ҳам бирикканда ҳам ўз маъносини сақлаб қолади. Аммо, юзлаб йиллар ўтгач ўзаклар қўшилган пайтдаги ундош товушлар қаттиқ (кучли) ундош товушлар ҳисобига емирилиб кетиши кузатилади.

Шарқ тарихчилари келтирган ривоятга кўра Нуҳ пайғамбар ухлаб ётганида аврати кўриниб қолади. Буни биринчи бўлиб кўриб қолган Ҳом ухлаб ётган отасининг устидан кула бошлайди, иккинчи ўғил Сом Отасининг уятли жойини пана қилади. Бу мунозара устига етиб келган катта ўғил Ёфас Ҳомни уради. Шовқиндан Нуҳ пайғамбар уйғониб кетади. Гап нимадалигини англагач катта ва кенжа ўғилларидан хафа бўлади. Кейин Ёфасни шимолга бадарға қилади, Ҳомнинг танасини қорайтиришни сўраб Ҳиндистонга сургун қилади.  АйАз дегани ҳозирги туркий, хусусан ўзбек тилида қаҳратон совуқни англатади. Туркистон Яқин Шарқ мамлакатларига нисбатан совуқ ўлка, Ой уни булут қоплаганидан оз кўринадиган жой. Шунинг учун АйАз.

 Бу ердаги Ай, араблар айтадиган Ёфас сўзидаги «Ё», яҳудийлар Иафет дейдиган сўздаги «Иа»нинг туркийдаги номидир. Мисол учун аслан туркий бўлган Иброҳим пайғамбарнинг исми яҳудийларда «Аврам» дейилади. Унинг туркийдаги исми Айрам бўлади. Ай бу ерда Ота, одам маъносини беради. Туркийларнинг қадимги достонларидан бири бўлмиш «Улуғ Хон битиги» асарида шундай дейилади:

«Ulu Han Ata Bitiği diğer adı ile Ulu Han Ata Kitabı, Türklerin ilk babasının yani Türk ırkına mensup ilk kişi olan Ulu Ay Ata’nın ve ilk Türk kadını ve annesi Ulu Ay Ana’nın yaradılışını anlatmaktadır».

Яъни, илк туркийлар ичидаги энг биринчи кишилар Ай ота ва Ай она бўлганлиги эътироф этиляпти.

Мамлакатимиз ҳудудига ислом дини кириб келиши билан юртимизга араб ва форс тили ҳам кириб келди. Амир Темур даврида эса сарой тили форс тили бўлганлигини биламиз. Араб лашкарбошиси Қутайбанинг барча туркий тилда ёзилган китобларни йўқ қилиб юборганлигини инобатга олсак, нега барча туркий ёзма манбалар форсий ва арабий тилда қайтадан ёзила бошлаганлигини англаймиз.

Бошқа тилларда эса сўзлар бошқача кўринишга эга бўла бошлайди. Бизга араблар орқали кириб келган Мусо пайғамбарга туширилган китоб номи «Таврот» сўзи инглизларда «Тора» шаклида ёзилади. Сизларнинг эътиборингизга ўзбек олими Фаррух Атаевнинг «Дунё ва туркий тил» мақоласидан бир парча келтираман: Аҳмад Яссавий шеъриятидан намуна:

«Писанд қилмас олимлар бизни айтғон туркини,

Маънисиға етғонлар бошдан олар бўркини» 

Давоми бор

 

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.