Ёш ижодкорларга илҳом ва рағбат улашган ЗОМИН

0
42
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ташкил этилиб, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари адабиёт соҳасида изланаётган ёшларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Уч кунлик ушбу ижодий лойиҳа Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида адабиёт, китобхонлик, истеъдодлар байрами сифатида ўтказилди.  

–Ёшлар ижодда маррани баланд олиши керак, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси,  Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Эҳтимол ҳамма Зулфия опа ёки Ҳамид Олимжон бўлиб кетмас. Ижод йўли энг машаққатли йўл. Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бўлади, деб бежизга айтилмаган. Шеърият – виждон иши. Абдулла Ориповдек ижодкорлар ҳам ҳеч қачон «менинг ижодим» деб баланддан гапирмаган. Ёшлар ўз изланишлари, покиза интилишлари билан Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшишларини истардим. Президентимиз улуғ орзу-ниятлар билан шундай семинарларни ташкил этганлар. Ёшларга тиниқ ва жўшқин илҳомлар тилаб қоламиз. Ўзи емай фарзандларига илинган халқнинг фарзандларисизки, бунинг қадрига етиш керак.  

–Семинарда танланган ёшлар иштирок этмоқда, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, болалар шоираси Умида Абдуазимова. – Болалар адабиёти шўъбасига болаларга ибратли сўз айта оладиган, уларнинг кўнглига йўл топа оладиган ижодкорлар йиғилганидан мамнунман. Ўйлайманки, ушбу семинар ёшлар учун ўзига хос тажриба, ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.  

–Бундан 27 йил аввал Зомин семинарида иштирок этганман, – деди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Холбўтаев. – Ўшанда Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Ҳусниддин Шарипов сингари устоз шоирларнинг сўзлари юрагимизга таскин берган. Эҳтимолки, шу таскин билан бугун ижодкор бўлиб юрибмиз. Мазкур семинарда бугун қатнашаётган ёшлар келгусида етук ижодкор бўлиб етишишини тилайман.  

Дарҳақиқат, семинар самимий, файзли ўтди. Мушоиралар, адабий анжуманлар, мулоқотлар, маҳорат дарслари, адабиётнинг турли йўналишлари бўйича шўъба машғулотлари бўлиб ўтди. Сўлим гўшаларга саёҳатлар семинарга ўзгача руҳ бағишлади.  

– Ушбу тадбирда иштирок этганимдан жуда мамнунман, – деди Самарқанд давлат университети талабаси Сардорбек Абдуллаев. – Ушбу семинарда шеърият йўналиши бўйича қатнашдим. Шеърларимни устозлар кўригидан ўтказдик. Янги дўстлар орттирдик. Бу тадбирлар  биз учун катта маҳорат мактаби бўлди.  

Семинар якунида барча иштирокчиларга сертификатлар, эсдалик совғалари топширилди. Зомин адабий семинари якунланди, лекин ёшларнинг изланиши, ижод йўлида ўқиб, ўрганиши давом этаверади. 

Назокат Усмонова, ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.