Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 июль куни Эрон Ислом Республикасининг янги сайланган Президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Масъуд Пезешкиённи бўлиб ўтган Президент сайловидаги ғалабаси билан самимий қутлаб, масъулиятли давлат лавозимида катта муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада ривожлантириш, савдо, инвестиция ва транспорт соҳаларидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми, қўшма лойиҳа ва корхоналар, авиақатновлар сони ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Аввал эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.