Муҳтарам боболарим, бувиларим ҳамда ардоқли ота-онамнинг порлоқ хотирасига бағишлайман.
1983 йил. Тошкент-Урганч поезди елдек учиб, манзилга шошади. Дилором сессиялар тугаб, амалиётга ва шундан сўнг ёзги таътилга Урганчга – ўзи туғилиб ўсган шаҳарга ошиқяпти. Бу гал уйга қайтишда меҳрибон онажониси унга ҳамроҳ эканидан қиз жуда хурсанд. Поезд Урганчга 24 соатда етиб боришини эътиборга олиб, у йўлда айнимайдиган, онасига ёқадиган егуликларни тайёрлаб олган эди. Уларни вагондаги мўъжаз столнинг бир чеккасига қўяр экан, чойнакни ҳам олиб, сочиқ билан ёпди. Купедошлар – ёшлари қирқдан ошиб қолган икки нафар киши галма-гал сумкасидан нон, бодринг, помидор, колбаса, сўнгра эса ҳеч бир истиҳоласиз ароқ олиб, стол устига «дўқ» этиб қўйишди. Она-қиз ҳайрон қолиб, уларни кузатишар экан, ҳеч нима дейишмади.
– Хола, сизлар ҳам овқатланиб оласизларми, – дея сўради сал озғинроғи.
– Сизлар бемалол овқатланиб олинглар, биз уйдан овқатланиб чиққанмиз, – деди Жамила опа, – пешин ўтиб кетяпти, мен намозимни ўқиб оламан.
Кишилар намоз сўзини эшитишлари билан, кўзлари олайиб, бир-бирларига маъноли қараш қилишди.
– Сизларга халақит бермайман, ўтириб ўқиб олавераман.
– Она, поездда намоз ўқимай қўяқолинг, мени ёмон уялтиряпсиз. Онаси қолоқ экан, дейишмайдими, қаранг, – дея қиз онасининг қулоғига шивирлади ва ён-атрофга қаради.
– Ёнимда ўтиришга ор қилсанг, нарироққа бориб ўтир, – деди, аразлагандай Жамила опа ва намозини ўқий бошлади. Дилором онасига беихтиёр қўполлик қилиб қўйганини англаб, уялиб кетди. Икки барзанги эса онахоннинг намоз ўқиётганига парво қилмай, ароқни ўзлари билан олиб келган ранг туси ўчиб кетган пиёлаларга қуйиб, ича бошлашди.
Дилором онасининг дилини оғритиб қўйганига хижолат бўлди-да, бир чеккага келиб ўтирди. Аммо атрофдагилар намоз ўқиётган онасига ғалати қарашаётганини кўриб, аччиғи келди. Бунинг устига ҳозир проводник келиб, онасини уришиб беришидан хавотирга тушди. Яхшиямки, проводник уларнинг купесига бирон марта ҳам бош суқмади.
Қизнинг шу топда безбетларча оғизлари тинмай кавшанаётган ҳамда жавраётган барзангиларга қаттиқ-қаттиқ гапиргиси келди. Лекин онаси қизининг важоҳатини кўриб, секин бошини чайқаб, «қўй, гапирма, керакмас», дегандай имо қилди. Дилором эса барибир чидай олмади.
– Оғалар, шу ароқни олиб қўйсангизлар яхши бўларди, – деди қатъий оҳангда.
– Нега ундай деяпсиз. Менимча, онангизга халақит бераётганимиз йўқ, – деди бақалоқ, ошкора норозилик билан.
Жамила опа эса ҳеч кимга парво қилмай, ҳамон намоз ўқирди. Шу орада улар овқатланиб, шишадаги заҳри қотилни ҳам симириб бўлишди. Онаси юзига фотиҳа тортиб сўнгги дуоларини ўқир экан, қизига юзланди. Купедош эркаклар онани зимдан кузатишарди.
– Қизим, одамзодга умр бир мартагина берилади. Ана шу қисқа умрда ҳар қадаминг савобдан иборат бўлмоғи керак. Одамлар нима дейди, деб эмас, Аллоҳ нима дейди, деб яшаш керак. Эртага, Аллоҳ ҳузурида ҳар бир амалинг учун жавоб беришга тўғри келади. Биздан биринчи сўраладигани намоз, – дея насиҳат қилди. Қиз ҳам онасинининг сўзларини диққат билан тинглади.
Дилором оиланинг суюкли, кенжа қизи. Онасининг иймон, ҳалоллик ва покизалик тўғрисидаги мулоҳазаларини, панду-ўгитларини кўп эшитган. Аммо негадир, намоз ўқишга келганида, журъати етмайди, ёки қунт қила олмайди. Мактабда, олийгоҳда, умуман теварак-атрофда атеистик руҳ, коммунистик тарбия тўғрисида бонг урилаётган бир пайтда мусулмончилик, Қуръон китоби ҳақида гапириш мумкин ҳам эмас эди. Айниқса, ёшларга бу мавзу ғалати туюларди. Шундай бир даврда, турли тақиқларга ҳам қарамасдан, эсини танибдики, онаси беш маҳал намозни канда қилмаган.
Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Нақшбандий, Сўфи Оллоёрларни университетда диний мистик адабиёт намояндалари сифатида йўл-йўлакай, шунчаки ўрганишган бўлишса-да, қиз онасидан уларнинг тарбиявий, маърифий ҳикматларини такрор-такрор эшитганди. Баъзи сўзларнинг маъносини унчалик тушунмаган пайтларида онасидан сўраб-билиб олган. Диний китобларни ўқийдиган отинойилар даврасида тез-тез бўлиб тургувчи онаси ўзи билганларини болалари билан уйда баҳам кўрарди. Ўн нафар фарзандини муносиб тарбиялашга доимо куч-қувват топаётган онасига қизнинг ҳамиша ҳаваси келган. «Катта бўлганимда сизга ўхшаб қатъиятли, шижоатли, лафзи ҳалол, кучли бўламан» – дерди қиз…
Жамила опа ҳеч қачон, ҳар қандай шароитда ҳам беш вақт намозни канда қилмаган. Чоржўйга яқинлашганларида, онаси бир муҳим тарихни очди. «Шу ерга раҳматли қайнотам дафн қилинган» – деди-да, тиловатни бошлади. Шу тобда қиз онамнинг бу художўйлигидан зиён-заҳмат етиб қолмасайди, деган хавотирда эди.
Купедошлар қилган ишларидан озгина бўлса-да хижолат тортишдими, уялишдими, ҳар ҳолда онахоннинг гапларидан сўнг шишага бошқа қўл узатишмади. Аксинча, поезд вагонида алланечук хунук кўриниб, шайтон суви анқиб турган идишларини олиб чиқиб, қаергадир гумдон қилиб келишди. Хаёлларидан нималар ўтдийкин, билмадик, аммо онахоннинг сўзларидан анчайин таъсирланган бўлсалар неажаб. Эҳтимол, бу аёлни тинглаб, ўз оналари эсларига тушгандир. Ахир она фарзандларига фақат яхшилик истайди, эзгулик улашади.
Жамила опа уларни кузатар экан,»илойим, буларга ҳам инсоф ва иймон берсин» , – деди, пастроқ овозда.
Чоржўйда дафн қилинган бобоси ҳақидаги воқеаларни илгари бир неча бор эшитган Дилором бу сафар ҳам онажонисининг ҳикоясини жон қулоғи билан эшитди. Боз устига бояги икки нафар киши ҳам купега қайтиб келиб, онахоннинг гапларини диққат билан тинглашарди…
Давоми бор.