Давлатимиз раҳбари марҳум академик Беҳзод Йўлдошев оиласига ҳамдардлик билдирди

0
53
марта кўрилган.

Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, физика-математика фанлари доктори, академик, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Беҳзод Йўлдошев кеча, 28 август куни вафот этган эди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Президент Шавкат Мирзиёев бугун таъзияли хонадонга ташриф буюрди. Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди.

Давлатимиз раҳбари марҳумнинг эзгу ишларини, Ватанимизга хизматларини ёдга олди.

Беҳзод Йўлдошев 1945 йил 9 майда Тошкент шаҳрида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1968 йилда Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти стажёр-тадқиқотчиси сифатида бошлаган. Юқори энергиялар физикаси соҳасида халқаро миқёсда кенг эътироф этилган олим Ядро физикаси институти директори, Фанлар академияси президенти лавозимларида ўзининг юксак илмий ва ташкилотчилик салоҳиятини намоён этган. Юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш, хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, илмий натижаларни иқтисодиёт тармоқларида қўллаш ишларига муносиб ҳисса қўшган. У Атом энергияси бўйича халқаро агентликда ва университетларда ишлаган, кўплаб  йирик лойиҳаларга раҳбарлик қилган.

Б.Йўлдошев Олий Мажлис депутати, кейинги вақтда Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида самарали фаолият олиб бориб, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда фидойилик кўрсатди.

Академик Б.Йўлдошевнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони, “Фидокорона хизматлари учун” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари, Беруний номидаги давлат мукофоти, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони билан мукофотланган эди.

Давлатимиз раҳбари марҳумнинг рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилади. Улар ташрифи ва далда сўзлари учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Gujum.uz таҳририяти ҳам академик Б.Йўлдошевнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради, сабр-тоқат тилайди. Мамлакатимиз илм-у фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшган  олим Беҳзод Йўлдошевнинг охирати обод бўлсин, ётган жойи нурга тўлсин, дея эзгу тилаклар билдиради. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.