Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 сентябрь куни электротехника соҳасида ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестиция ҳажмини кўпайтириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Мамлакатмизда бу борада катта салоҳият бор. Сўнгги етти йилда соҳага 1 миллиард доллар инвестиция киритилган. Натижада 762 та корхона ишга туширилиб, 45 турдаги янги маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилган. Бунинг натижасида соҳадаги корхоналар томонидан бюджетга тушум 8 баробар ошган. Ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 баробар ўсган.
Экспорт географияси сўнгги уч йилда 2 карра ошиб, 62 та давлатга етди. Ишлаб чиқарилаётган 200 турдаги маҳсулотнинг 195 тури экспорт бўлаяпти. Умуман, электр техникалари экспорти 1 миллиард долларга етиб, тўқимачиликдан кейинги иккинчи маҳаллий саноат тармоғига айланди.
Шу билан бирга, ишлаб чиқариш ва логистикадаги узилишлар, айланма маблағ ва таннарх билан боғлиқ масалалар бор. Ҳамма давлатлар ички бозорининг ҳимоясига киришган. Янги бозорларга кириш, борларини сақлаб қолиш ҳам қийин бўлаяпти.
– Бундай шароитда ягона йўлимиз – сифатни таъминлаш ва таннархни тушириш орқали маҳсулотимиз рақобатдошлигини ошириш, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бунга тармоқдаги корхоналар бошини қовуштириб, қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш орқали эришиш мумкин.
Йиғилишда саноат тармоқлари мутасаддилари ва тадбиркорлар иштирокида шу борадаги имкониятлар таҳлил қилинди.
Корхоналарда қайта ишлаш даражаси ва тармоқлараро кооперация камлиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, автомобиль саноати учун талаб юқори бўлган кабеллар ишлаб чиқарувчи корхона 4 тагина, холос. Ёки мис қувурларни композит изоляция қилиш йўлга қўйилса, қиймати ошади.
Шу боис, бундан буён, электротехника соҳасидаги технопарклар ёндош йўналишлардаги корхоналар билан саноат кооперацияси асосида ривожлантирилиши белгиланди. Бунинг учун Оҳангарон, Фарғона, Қарши ва Урганч шаҳарларидаги технопаркларда композит материаллар, металл ва пластмассага ишлов бериш, қолиплар ишлаб чиқариш, қадоқлаш каби ёндош соҳа корхоналарига 10 гектаргача жой ажратилади. Бу йўналишдаги аниқ лойиҳалар учун тайёр бино қурилиб, саноат ипотекаси шартларида кредит ҳисобига тадбиркорларга берилади. Ушбу корхоналарга электротехника корхоналари каби, мол-мулк ва фойда солиғидан 50 фоизгача имтиёз берилади.
Сўнгги йилларда маиший техника йўналиши кенг ривожланди. Лекин биргина шу билан чегараланиб қолмаслик керак. Бугунги кунда энергетика, қурилиш, сув хўжалиги, автомобилсозликда электротехника маҳсулотларига талаб кун сайин ошиб бормоқда.
Масалан, энергетика соҳасида 36 миллиард долларлик 27 гигаватт электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилаяпти. Сув хўжалигида насосларни замонавийсига алмаштириш, ичимлик суви тармоқларида ҳисоблагичлар ўрнатиш бўйича кўп режалар бор.
Юртимизда йилига 100 мингта хонадонли кўп қаватли уйлар ҳамда 13 миллион квадрат нотурар бинолар қурилаяпти. Уларга ҳам кабель, трансформатор, иситиш ва совитиш тизимлари, насос, лифт, кузатув воситалари керак.
Шунга асосланиб, давлат инвестиция дастурлари ва йирик лойиҳалар бўйича “маҳаллий контент”ни кўпайтириш бўйича топшириқ берилди. Бунинг учун тегишли вазирлик ва тармоқлар маҳаллий корхоналарга ўз талабини етказиши, маҳсулот сифатини яхшилаш ва стандартларга мослаштиришга кўмаклашиши зарурлиги айтилди.
Умуман, бу йил электротехника соҳасида ишлаб чиқаришни 40 триллион сўмга етказиш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.
Тармоқдаги яна бир масала қўшилган қиймат солиғи билан боғлиқ. Ҳозирда ташқи қарз ҳисобидан бўлаётган лойиҳалар учун четдан олиб келинаётган товарлар бундан озод қилинган. Лекин шу лойиҳаларда қатнашаётган ўзимизнинг корхоналар қўшилган қиймат солиғи тўлаяпти. Оқибатда улар импорт товарлар билан нарх бўйича рақобат қила олмаяпти.
Қайд этилганидек, энди халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларга етказиб берилган товарлар учун, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга қўшилган қиймат солиғи қайтариб берилади. Бу орқали электротехника ишлаб чиқарувчи корхоналаримизга қўшимча 250 миллион долларлик бозор бўлади.
Шу ўринда давлатимиз раҳбари соҳа вакилларига мурожаат қилиб, энди сифат ва рақобат устида ишлаш, халқаро сертификатларни олиш зарурлигини таъкидлади.
Экспорт масалалари муҳокама қилинар экан, бошқа давлатларда йирик узелли йиғишни ташкил этиб, уларга бутловчи қисм ва ярим тайёр маҳсулотни ортиқча йиғимларсиз етказиб бериш мумкинлиги айтилди.
Жумладан, қўшни бозорларга технология, малакали мутахассис ва бутловчи қисмлар етказиб, Ўзбекистонни минтақавий “электротехника хаби”га айлантириш салоҳияти бор. Шу мақсадда миллий брендлар остида янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда уларни танитиш бўйича кўрсатмалар берилди.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси фақат йирик корхоналар билан чегараланмасдан, соҳадаги барча тадбиркор билан яқиндан ишлаши муҳим. Шу боис унинг фаолияти тубдан ўзгартирилиши белгиланди.
Хусусан, энди уюшма ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган товарларни аниқлайди, улар бўйича лойиҳа қилиб, тадбиркорларга беради. Соҳадаги стандартларни халқаро талабларга мослаб, корхоналарда жорий қилиш ва сертификат олишда кўмаклашади. Бошқа тармоқлардаги эҳтиёжни аниқлаб, уларнинг буюртмаларини электротехника корхоналарига етказади. Инженер-технолог ва ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш бўйича олийгоҳ ва техникумларга буюртма беради ҳамда ўқув дастурларини бирга ишлаб чиқади. Маҳаллий корхоналардаги истиқболли мутахассисларни хорижий илғор компанияларга иш ўрганишга жўнатади.
Уюшмага янги аъзо бўлганлардан 2 йил, айланмаси 10 миллиард сўмдан кам корхоналардан эса умуман бадал олинмайди. Уларнинг маҳсулотлари “Элтех Лаб” лабораториясида бепул синовдан ўтказилади.
Йиғилишда тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар бу йил 500 миллион долларлик 85 та лойиҳани ишга тушириш режалари бўйича ахборот берди.
Давлатимиз раҳбари соҳадаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилди. Уларнинг муаммо ва таклифлари асосида мутасаддиларга экспорт учун айланма маблағ миқдорини ошириш, саноат электротехникаси учун лизинг тизимини кенгайтириш, илмий тадқиқот ва конструкторлик тажрибаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, давлат харидларида маҳаллий маҳсулотларга устуворлик бериш, сифатсиз ва қалбаки маҳсулотлар савдосини чеклаш ва бошқа масалалар бўйича кўрсатмалар берилди.