Парижда ўтказилган ёзги Паралимпия ўйинлари якунланди

0
49
марта кўрилган.

Париж шаҳрида ўтган XXXIII ёзги Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этган спортчиларимиз юртимизга қайтиб келишди. Айни пайт Тошкент халқаро аэропортида ҳамюртларимизни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтмоқда. Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, уларнинг ота-оналари ва яқинлари, журналистлар иштирок этишмоқда. Ушбу беллашувларда байроғимиз 26 марта бошлар узра баланд кўтарилди, дилларни яйратиб мадҳиямиз янгради.

Эслатиб ўтамиз: Парижда ўтказилган ёзги Паралимпия ўйинларининг дастлабки уч кунги мусобақаларида делегациямиз 5 та олтин, 3 та кумуш, 3 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 7-ўринга кўтарилиб олганди.

Биринчи сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Париждаги Паралимпия ўйинларида ғалаба қозониб, терма жамоамиз ҳисобидаги олтин медаллар сонини бештага етказган енгил атлетикачилар Элбек Султонов, Ёрқинбек Одилов ва таэквондочимиз Асадбек Тоштемиров билан телефон орқали суҳбатлашди. Ушбу зафарлар энг азиз, энг улуғ байрам – Мустақиллик кунига муносиб совға бўлганини таъкидлади. Паралимпиячиларимиз муросасиз беллашувларда кўрсатаётган юксак маҳорати ва метин иродаси билан бутун халқимизга, айниқса ёшларга катта руҳият бағишлаётганини қайд этди.

Чемпионлар ҳар бир чиқишда давлатимиз раҳбари ва халқимиз қўлловини ҳис этганларини, ютуқлар эса юртимизда паралимпия ҳаракати ривожига қаратилаётган эътибор ва яратилган шароитлар туфайли эканлигини таъкидладилар. 

Паралимпия ўйинларининг аёллар ўртасида ядро улоқтириш (F54) бўйича сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Нурхон Қурбонова ядрони 7.75 метрга улоқтириб,  бронза медалини қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида ядро улоқтириш (F41) бўйича сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсида эса  Бобуржон Омонов ядрони 14.32 метрга улоқтирди ва Паралимпия ўйинларининг олтин медалини қўлга киритди. У 2021 йили Токио шаҳрида ўтган Паралимпиадада ҳам олтин медалга сазовор бўлганди. Ғолиб спортчимиз билан Президент Шавкат Мирзиёев телефон орқали мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари Бобур Омоновни икки карра паралимпия чемпионидек шарафли номга сазовор бўлгани ҳамда 2021 йилда ўзи ўрнатган Паралимпиада рекордини янгилагани билан дилдан қутлаб, ушбу натижа Ўзбекистон паралимпия ҳаракати тарихида муҳим воқеа бўлганини қайд этди. Бу галги ўйинларда ҳам юксак маҳоратини яна бир бор тасдиқлаш йўлида унга кўмакдош бўлган мураббийлари ва яқинларига раҳмат айтди.

Паралимпия ўйинларининг еттинчи кунги мусобақаларида матонатли ва иродали спортчилар 14 та спорт тури бўйича баҳслашди. Унда пара велоспортчиларимиздан Ғолиббек Мирзаёров, Азимбек Абдуллаев, пара ўқ отишда Сервер Ибрагимов, Шаҳноза Мамажонова, пара сузишда Дмитрий Хорлин, пара енгил атлетикада Кубаро Ҳакимова, Мадина Мухторова, Урганч Эгамназаров, Розия Эргашева ва Шаҳина Йигиталиева иштирок этди. 

Пара ўқ отиш дастурида (P4) 50 метр масофада тўппончадан ўқ отиш бўйича мусобақада Сервер Ибрагимов медаллар учун кечган беллашувда 215.3 очко жамғарган ҳолда иккинчи ўринни эгаллади ва кумуш медални қўлга киритди.  Эслатамиз: Паралимпия ўйинларида Хитой паралимпиячилари якка етакчига айланиб олди. Кейинги поғонада Буюк Британия ва АҚШ жамоалари турибди. Ўйинлар якунланишига 4 кун қолганида Хитой муддатидан аввал 1-ўринни эгаллашга улгурди.

  Шерзод Намозов пара дзюдо бўйича 60 килограммгача вазн тоифасида (J2) финал босқичида грузиялик Зураб Зураиани билан беллашди. Мазкур баҳсда полвонимиз рақибидан устун келди ва фаолияти давомидаги Паралимпия ўйинларининг иккинчи олтинини қўлга киритди.

Сафия Бурхонова 14.12 метр натижа қайд этиб, кумуш медални қўлга киритди. Эътиборли жиҳати шундаки, Сафия айнан ушбу йўналишда “Рио-2016” Паралимпия ўйинларида кумуш, “Токио-2020” Паралимпиадасида олтин медалга сазовор бўлган.  

 Паралимпия ўйинларининг эркаклар ўртасидаги диск улоқтириш (F37) беллашувларида финал босқичи якунланди ва Толиббой Йўлдошев дискни 57.28 метрга улоқтириб, олтин медални қўлга киритди. Маълумот ўрнида: бир неча кун аввал ядро улоқтириш баҳсларида Толиббой бронза медалига сазовор бўлган эди.

Паралимпия ўйинларининг баландликка сакраш баҳсларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Темурбек Ғиёсов (Т64) 2.03 метр баландликни забт этди. Пара атлетимиз ушбу натижаси эвазига бронза медалини қўлга киритди. 

Паралимпия ўйинларининг пара дзюдо бўйича аёллар ўртасида J2 классида -57 кг вазн тоифасидаги финал баҳсларида иштирок этган ҳамюртимиз Кумуш Хўжаева делегациямиз ҳисобига навбатдаги кумуш медални қўшиб қўйди. 

Паралимпия ўйинларининг аёллар ўртасидаги найза улоқтириш (F54) беллашувларида Нурхон Қурбонова найзани 21.12 метрга улоқтириб, жаҳон рекордини янгилади ва олтин медалига сазовор бўлди.  Маълумот учун: Нурхон Қурбонова F54 классида найза улоқтириш бўйича  жорий йили Японияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 20.73 метр натижа билан жаҳон рекордини ўрнатган эди.  Шунингдек, Нурхон Қурбонова бундан аввал “Токио-2020” ёзги Паралимпия ўйинларида кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган. 

Паралимпия ўйинларининг пара пауэрлифтинг бўйича аёллар ўртасидаги 73 килограмм вазн тоифасидаги мусобақада ҳамюртимиз Рўза Қўзиева 147 кг натижа қайд этди ва “Париж-2024” Паралимпиадасининг кумуш медалини қўлга киритди.  Бундан аввал, Рўза “Токио-2020” Паралимпия ўйинларида ҳам кумуш медалга сазовор бўлган эди.

“Париж–2024” XVII ёзги Паралимпия ўйинлари ниҳоясида Ўзбекистон делегацияси ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этди. Матонатли спортчиларимиз муросасиз беллашувларда 10 та олтин, 9 та кумуш ва 7 та бронза, жами 26 та медаль қўлга киритиб, Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий қаҳрамонларига айландилар.

gujum.uz

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.