Табиатни тушуниб бўлмаяпти. Гўё биздан, одамлардан кўрган ситамларига қандай жавоб қайтаришини кўрсатмоқчидай.
Аномал иссиқ, аномал совуқ. Ёзда Хўжам нималарни ўйлаб топмади. Биз кексаларга кондиционер деганларнинг совутиши малол. Салқинида суякларимиз зирқирашни бошлайди. Невараларга қараса шу кондиционернинг тагида ётиб ухласа.
Хўжам очиқ деразаларнинг ромларига музли сувга ботирилган ҳўл докаларни осонгина илдириб қўядиган усул қилди. Тўғри, деразадан иссиқ ҳовур киради. Лекин нам докадан ўша иссиқлик аллақандай ҳузурли бўлиб ўтади. Шамол паррик билан музли сувнинг салқинини тарқатиш йўлини топди. Ишқилиб аномал деган ярамас иссиқда жон сақлашнинг табиий жараёнларини излашдан чарчамаяпти.
Табиатнинг қинғирлиги хилма-хил. Қайноқ ёз кунида чанг тўзонли дуваланг кўтарилиб, шамол туриб, челаклаб ёмғир қуйганида менга бироз истеҳзо билан савол беради.
– Айтчи, бу ниманинг қайи?
– Сизга мунажжимманми, мендан сўрайсиз? — истеҳзосини хис қилиб энсам қотади.
– Ақлавандлик қилар эдинг. Бу янги ой чиқишининг қайи, бу буржнинг янгиланиши қайи деб. Ҳозирги ур тўполоннинг қайини айтиб берчи?
– Товба, мени тинч қўйинг. Онамдан, сизнинг момонгиздан эшитганларимни айтганман. Табиатни қисқа вақт оралиғида тезлик билан ўзгариб бориши тушимга кирибдими?
Болалик пайтимизда, хусусан, эллигинчи йилларнинг охири, олтмишинчи, етмишинчи йилларда онамнинг об-ҳавони ўзгаришига қараб ой кунларини, буржларнинг ўзгаришини аниқлаши эсимда қолган.
– Сумбула кирди, ҳаво иссиқ бўлса-да энди сув совийди, ёпда чўмилманглар, — дер, ёки – мезон бошланди. Мезондан сўнг ёз, ҳамалдан сўнг қиш бўлмас –деб қўярди. Ёки кутилмаганда ёмғир қуйса, шамол кўтарилса -Янги ой кўринади. Бу янги ой чиқишининг талатўпи — деса баъзида ҳовлиққанининг, нотинчлигининг сабабини — Тўлин ойнинг таъсири — дея изоҳ берарди.
Онам кўк қарғанинг қайи, ола ҳакканинг қайи деган гапларни ҳам айтгувчи эди. Қайсидир қушни ҳушламай эсларди. Баҳорнинг илиқ кунларида бирдан ҳавонинг совуб кетиши шу қушнинг қайи экан. Беҳосият қуш тухумини оғзидан қўяр, тухуми музлаб эригач полопон чиқар экан. Энди эса табиатни тушуниб бўлмаяпти.
Олдинлари Хўжам ер крантни ишлатиб, ундан куч билан отилиб чиқадиган сувни шланг орқали атрофга сепарди. Оби ҳаётнинг поклигидан баҳра олиб, ўзи ҳам шалоббо холда уйга кирарди. Эндиликда невараларнинг қўлига челакча тутқазиб, кўлоблатмай сув сепиб чиқишни топширади.
– Нени хор тутсанг шунга зор бўласан. Момом рахматлик крандан сув оқизиб қўл ювмасди. “Сувни зоя этганнинг у дунёда жавоби бор” деб тунчада юз қўлини чаярди. Бизга ухшаб ванналарни тўлдириб тоширмаган, эрмакка душни сувини шариллатиб ювинмаганлар. Болалигимизда онам челакда сув иситиб чўмилтирганлар. Поп-покиза озода бўлардик. У пайтда сув мўл, эшигимиз олдидаги солмалардан сув шарқираб оқарди. Мош мушугимиз солмага қўл тиқиб, балиқчалар овларда. Хўжам чуқур хўрсинади.
–Бир авлоднинг кўз ўнгида борлиқ ўзлигини йўқотяпти.