1938 йилнинг 28 март куни Сталин, Молотов, Кагонович, Ворошиловлар раҳбарлигида Ўзбекистондаги сиёсий элитадан 165 кишини қатағон қилиш ҳақидаги рўйхатга қўл қўйилади. Мана шу рўйхат асосида 4-7 октябрь кунидаги фожиалар рўй берди.
155 киши отувга, 10 киши меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинади. Худойберган Девонов, Чўлпон, Фитрат, Отажон Ҳошим, Абдулла Қодирий, Анқобой, Акбар Исломов, Исроил Ортиқовлар 4 октябр куни отиб ташланди. 5 октбяр куни эса аллақачон отиб ташланган инсонлар гўёки «суд қилинади».
4 октябрь қирғини амалга оширилган ҳудуд – «Алвастикўприк». Тошкент, Шаҳидлар хиёбони.
4 октябрь куни шунчалар кўп одам отиладики, Абдулҳамид Чўлпонга келганда ҳатто ўқлар тугайди, отувчиларнинг ўзи ҳам чарчаб қолади. Чўлпонга сени эртага отамиз деганида, у: «Бу инсонлар йўқ дунёда бир нафас ҳам яшашни истамайман, мени ҳозир отасизлар», деб туриб олгани учун унинг бошини болта билан чопиб ўлдиришади…
Абдулла Қодирий: Биз ким ва нималардан қўрқамиз? («Муштум» журналида Жулқунбой имзоси билан 1923 йил, 1 май, 7-сон, 6-бетида чоп этилган. — қисқартирилган вариант)
4 октябрда Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат ва Абдулҳамид Чўлпон отиб ташланган эди. Қуйидаги Қодирийнинг журналистик материалидан қирғинларнинг сабабини англаш мумкин……
Ҳар кимнинг ўзига яраша қўрқатурған нарсаси бўладир. «Иштонсизнинг чўпдан ҳадуги бор», дегандек, шу вақтда иштонлик инсон — ҳадуксиз одам, эҳтимол, йўқдир. Туркистон истатистиқа идорасининг кейинги йиқған ҳисобига қарағанда, иштонсизлар банаъжи кўпайибдирларки, биз уларни айнан қуйида кўчирамиз:
Мустамлакачи — аччиғланған чоғида сирининг очилишидан қўрқадир.
Ҳар турлук идора мудирлари — сайлов яқинлашса мансабдан тушиб қолишдан қўрқадирлар.
Камбағал деҳқон ва ишчилар — кун сайин бозор баҳосининг бирга бир кўтарилишидан қўрқадирлар.
Ҳукумат идораларидаги порахўрлар — порахўрлиқ билан кураш бошланғандан бери ўзларининг сояларидан ҳам қўрқадирлар.
Кўкдаги булутлар — ёғмай деса Худонинг буйруғидан, ёғай деса ердаги махлуқларнинг чиртинг-пиртингидан қўрқадирлар.
Ўзбек хотунлари — эрларининг калтагидан, қизлари кўчага чиқай деса оналарининг туртугидан қўрқуб, песлар моховдан, моховлар песдан, аживалар тараладан, таралалар аживадан; қисқаси катта-кичик, ясси-япасқи, қинғир-қийшиқ, узун-қисқа ҳаммалари ҳам қўрқоқдирлар…
Ман нима ва кимдан қўрқаман?
Айниқса, маним ишим жуда ҳам қийин: ёзай десам, ошна-оғайнининг шўртумшуқлиғидан, ёзмай десам, «Муштум» поччанинг жекиригидан қўрқаман.
Яна бундан бошқа қўрқатурған икир-чикирларим:
— Эски шаҳар кўчаларидан юрсам, бетимга лой сачрашидан қўрқаман.
— Ёғмур ёққан кунларида Эски шаҳар расталарининг ағнаб кетишидан, совдагарларнинг тўнғуз қўпишидан қўрқаман.
— Билим юртлари ёнидан, бошланғич мактаблар қаршисидан ўтуб қолсам, истиқболдағи алвир-шалвир ўзбек маданиятидан қўрқаман!
Ҳарҳолда маним ҳам қўрқунчларим ўзимга етарлик…
Олимжон Ўсаровнинг телеграмм каналидан.
Юрт озодлиги учун жонини фидо қилган ватанпарвар зиёлиларимизнинг охирати обод бўлсин.