Лондонда ўн кун мобайнида давом этган “Global Chess League “Tech Mahindra” турнири финалида Нодирбек Абдусатторов дона сурган “PBG Alaskan Knights” ҳамда сафида Жавоҳир Синдоров бўлган “Triveni Continental Kings” жамоалари рўбарў келди.
Кеча ўтказилган сўнгги тур баҳсларида муддатидан аввал финал йўлланмасига эга чиққан “PBG Alaskan Knights” вакиллари Ҳикару Накамура бошчилигидаги “American Gambits” жамоасини 14:5 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу қарама-қаршиликда Абдусатторов қора доналарда польшалик Ян-Криштофф Дуда билан муроса йўлини танлади.
Иккинчи финалчи жамоани аниқлаши лозим бўлган “Alpine SG Pipers” –“Triveni Continental Kings” курашида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров қаҳрамонга айланди. Айнан унинг сўнги учрашувдаги ғалабаси “Triveni Continental Kings”ни финалга олиб чиқди. Ушбу ўйинда Жавоҳир бельгиялик гроссмейстер Даниэль Дардани 3:0 ҳисобида таслим этди. Сардорлар ўртасидаги “дуэл”да Магнус Карлсен Алиреза Фирузжадан 4:0 ҳисобида енгди. Шундай бўлса-да Синдоровнинг ғалабаси эвазига “Triveni Continental Kings” Магнус Карлсен сардорлигидаги “AlpiAlpine Sg Pipers” жамоасини 9:7 ҳисобида доғда қолдирди ва иккинчи финалчига айланганди.
“Triveni Continental Kings” – “PBG Alaskan Knights” ўртасидаги финал ўйинининг сардорлар баҳсида Алириза Фирузжа Аниш Гирини енгган бўлса, ушбу лига мусобақалари давомидаги учта ўйинда хитойлик Вей Йини таслим қилган Абдусатторов финалда кутилмаганда имкониятни бой бериб қўйди. Жавоҳир Синдоров бўлса Абдусатторовнинг жамоадоши Нихал Сарин билан дурангга эришди.
Шу тариқа “Global Chess League “Tech Mahindra” турнири бош соврини – 500 минг АҚШ доллари Жавоҳир Синдоровнинг “Triveni Continental Kings” жамоасига насиб қилди. 2-ўрин ва мукофот жамғармасида белгиланган 250 АҚШ доллари Нодирбек Абдусатторовнинг «Alaskan Knights» жамоасига тегишли бўлди. Шунингдек, турнирда 3-4-ўринлардан жой олган жамоалар 100 минг АҚШ долларини қўлга киритган вазиятда 5-6-ўрин соҳиби бўлган жамоалар ўртасида мукофот жамғармасининг 50 минг АҚШ доллари тақсимланадиган бўлди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА