Султонпошша опаямиз мактабни олтин медаль билан битказди. Мақсади шифокор бўлиш. Фақат битта имтиҳонни аълога топширса бас. Талаба бўлади қўяди.
Вилоятимизда тиббиёт институти йўқ. Тошкент шаҳрига ё Андижонга юборишга бувим тиш тирноғи билан қарши. Бўйи етган, кўзга яқин қизни узоқ юртларга юбориш масъулиятсизликдан бошқа нарса эмаслигини таъкидлашдан тўхтамади. Онам ҳам қарши. Ўнг қўл ёрдамчисини ёнидан жўнатиш кимга ҳам ёқарди. Отам бетараф. Чунки икки аёл ҳангирдаб турганда отамга фикр билдиришга йўл бўлсин. Биз қизларга барибир.
Ойбикам йиғлай -йиғлай шаҳримиздаги тиббиёт билим юртига ҳужжат топширди. Порасиз қабул қилмайдилар. Фалон сўмни чўнтакка солиб борасизлар, дейишганди. Олтин медал соҳибасини қувонч билан қарши олдилар.
Ойбикам бир зумда назарга тушди. Аълочи, жамоатчи, спортчи. Ўқитувчилар орасидан харидорлар чиқди. Ишонаверинг, уйимизда совчисиз кун йўқ ҳисоби. Бизга ёқмайди. Доимо тартиб қоидага амал қилиб, совчиларни тиржайиб кутиб олавериш онамнинг ҳам жонига тегди. Охири бу масалага нуқта қўйилди. Уйимизни шовқин суронга тўлдириб отамнинг болалик дўсти Эгамберган ака хотини Санамжон опа билан кириб келдилар. Кечгача гурунглашиб, мазза қилиб ўтирдилар. Кетар чоғлари Эгамберган ака омонатини олиб кетмоқчи эканлигини айтди. Ҳайрон қолдик. Отам билан бир вақтлари қуда бўлишга келишган эканлар. Отам қизариб бўзарди. Чунки бундай келишув бўлганини эслай олмадида.
Санамжон опа оғзи қулоғида. Ўғли Самандарни мақтайди. Армиядан хизматни аъло тугатиб қайтибди. Тавсияга биноан уни ички ишлар бўлимига қабул қилибдилар. Унинг шундай зўр ўғлига фақат Султонпошшадай қиз муносибмиш.
Эгамберган аканинг беш нафар ўғли бор. Қизлари йўқ. Санамжон опа ҳар доим ойбикамни қизидай кўрган экан. Ишқилиб, гапириб-гапириб кўндирдилар. Совчилик удумига кўра келтирган ширалари олиб қолинди. Фақат тўй ойбикам ўқишини тугатгандан кейин ўтказилишига келишилди.
Совчилар кетгач уйда ярим тунгача фикр олишувлар тинмади. Ойбикам норози. Турмушга чиқмайман деб хархаша қилади. Отам хотиржам. Онам мамнун. Чунки оилани яхши билади. Фарзандлари тартибли. Оила тўкин яшайди. Уй-жойи ҳавас қилгудек. Самандар куёвим бор деса дегудек. Ҳаммадан кўра бувим хурсанд. Чунки бўлажак қудалар ҳам хўжалар. Саидлар авлодидан.
Қудалар сўзида турмадилар. Тўйни тезлаштириш ҳаракатига тушдилар. Бизникилар норози. Ҳали энди биринчи босқичда ўқиса. Келинлик вазифасини адо қиладими, ёки ўқишини?
Санамжон опа гапни кесиб гапирди:
-Келиннинг хизматига эҳтиёжим йўқ! менга қиз керак. Олти эркакни ичида ўзим ҳам эркакка айланиб боряпман. Медучилиши боғимизнинг орқасида жойлашган. Дарсга чақирадиган қўнғироғини эшитиб ўтирамиз. Султонпошша қизимга бор имкониятни яратиб бераман. Бизга ҳам ўқигани маъқул. Сизнинг хонадонингизга қараганда ҳам эркароқ яшайди қизим.
Розилик берилди. Маслаҳатлашиб патир ушатиш, фотиҳа тўй, эшик очар, кўрпа бичар барчасини бир кунда ўтказишни режалаштирдилар.
Ойбикамга тўйлиқ келади. Эсимни танигандан бери биринчи марта тўйга тайёргарлик бўлаяпти.
Ана, кўча бошида юк машинаси кўринди. Уйга яқинроқ келиб тўхтади. Назаримда қуда томондан пиёдалаб келаётган хотин-қиз, эркакларни олдинга ўтишини кутаяпти. Аёлларнинг қўлларида катта дастурхонлар.
Элатимизда хизмат кўрсатган қўшиқчи Ражаббой оға доиракаш укаси Султонбой оға билан эшигимиз олдида чала авжида “Тўйлар муборак”ни бошлаб юборди. Амина опа бошчилигида элатимизнинг жўнқи аёллари рақсга тушиб қудахолаларни кутиб олдилар. Удумга кўра эшикдан ичкари ҳатлаган ҳар бир аёлнинг пешонасига ун суртиб, қўлларига унга беланган қанд-қурс бериб оқлантирдилар
Орқа дарвоза ланг очилди. Юк машинага ортилган тўйёналар йигитлар ёрдамида пастга туширила бошланди. Биринчи қайрилма шохларига пўта боғланган оппоқ қўчқор думбаларини чайқатиб дарвозадан етаклаб кирилди. Қўчқорга қойил қолдик. Кўринишидан от ҳуркади. Лекин қўйдай юввош экан. Худди молхонамизни азалдан билгандай беозор шу томонга йўналди. Атрофдагилар “Бечора қўчқор, тўйдан тўйга юравериб тажрибаси ошган”, деб мириқиб кулишади. Қўчқорни ичкарига етаклаган қориндошимиз шохидаги пўтани ечиб, ўзиники қилди, бу одатни тушунмадим.
Машинадан ғунажинни тушириш анча мушкул кечди. Зотдорлиги кўриниб турибди. Шатолоқ отиб ҳаммани безовта қилди. Бир амаллаб молхонага қамадилар. Кейин бир халта гуруч, икки халта ун, бир қоп сабзи, яшикларда ширинликлар, ичимликлар ичкарига ташилди. Охирида оржа устига терилган кўрпа-тўшак ёстиқу кўрпачалар, изидан оржа хонадонга киритилди.
Қудағайларни ичкарида, ясатуғлик дастурхон атрофида кайвони қариндош, қўшнилар қарши олдилар. Қудаларга мўлжалланган жойга эса кўрпа тўрт қават қилиб тўшалган. Удумга кўра бош қудалар шу кўрпалар устига жойлашадилар. Бу улкан сийлов тимсоли эмиш.
Ош тортилди. Аёллар томонда улар хуш кўрадиган жараён. “ўнгму-ўнг“, “Ўнг бўлсин, тўйлар ўнгидан бошлансин” деган садолар остида дастурхонлар очилди. Катта дастурхондаги патнисда ширинликлару шоха новотлар.
Элти момо: -Яратган бириборимни инояти билан Эгамберган, Санамжоннинг ўғиллари Самандарбойга Ҳўсинбой, Анажоннинг қизи Султонпошшага сизларнинг гувоҳлигингизда новвот ушатамиз! Хох хохо, хох-хохо.
Элтимомо йирик новот бўлакларини бир-бирига уриб майдалар экан бор овозда хохолаб кулар, унинг таъсирчан қаҳқаҳасига даврада ўтирган аёллар баробар қўшилишар, хонада хуш кайфият ҳукумронлик қиларди.. Момо энг чиройли тилакларни билдириб ёнидаги аёллар ёрдамида новотлар, оқ қанд, қимматбаҳо компут, қатлама патирларни ушатиб оқ рўмолчага ўраб ўтирганларга тарқатди. Тўғриси кап-катта аёлларнинг хола-хола ўйнаётган қизчалардек қилиқлари ғалати туюлди. Бундай удумларни ҳам кимдир ўйлаб топгану, одатга киритганов.
Демак, опамнинг тўйи бошланиши учун том маънода нон ушатилди.
Тўй куни белгиланди. Жуда қисқа муддат. Икки кундан кейин. Онам норозилик билдирди.
-На кўрпа тўшак, на кўрпача, на қизга қўшадиган майда чуйдамиз тайёр эмас. Кийимлари тикилмаган. Тўйга умуман тайёргарлик йўқ, қистонманг!
-Кўрпа тўшак кимга керак? Зарурларини тахт этиб келтирдим. Ғижим бахмалдан. Читнама пахта солиб қавилган. Шуларни қайтадан машинага юклаб, келин билан жўнатаверасиз. Кўрпа-тўшакка зориққан даврлар ўтди. У пайтлар узоқ яқиндан келган қариндош туққанлар икки-уч кунлаб меҳмон бўлар, кўрпа кўрпача тополмай қийналардик. Шундан тўшов йиғиш миямизга ўтирган. Чанг босиб, сандиқнинг устида қаватланиб ётаверади. Ҳозирги меҳмонларнинг келишидан кетиши тезроқ. Неки муродингиз бўлса бешик тўйида қиларсиз.
Ниҳоят, Санамжон опа ёқимсиз мавзудаги маърузасини тўхтади. Қулоғимизга ёқадиган хабарни айтди.
-Келиннинг кийимларига келсак, чеварга айтилган. Шогирди билан келади. Қизларингизнинг тўй кўйлакларини тикишингизга ҳам ёрдамлашади.
Шундай дея Санамжон опа бизни оржа томон бошлади. Сирли кўринаётган оржа очилди. Ичи лиқ тўла! Катта тугун опамга аталган. Отам учун макентош плаш. Онамга “Индийский” жемпир, бувимга катта иссиқ рўмол. Бизга, саккиз нафаримизга мўлжалланган бир ўрам, гуллари чарақлаган жерси мато. Бошқа совғаларнинг аҳамияти қолмади. Биз фақат орзу қила билганимиз жирси матоҳдан кўз узмаяпмиз. Қудаларнинг тезроқ кетишини пойлаяпмиз.
Ташқарида Эгамберган ака билан отам, Пиржон дойим суҳбатлашиб турибдилар. Отам қип-қизарган. Одатда бирор нарсадан норози бўлса шундай қизариб кетади. Сездик. Қудаларнинг тўйни ундан сўроқсиз тезлаштирганлари малол келаяпти. Дами ичида. Тўй дегани ўтади кетади. Қуда билан қаржашмаган маъқул. Пиржон дойим узоқдаги қариндошларни хабардор қилиш учун москвич машинасини ҳозирлашини айтди.
Қуда холамиз сўзида турди. Шу куниёқ шогирдига қўл машинкани кўтартириб чевар келди. Қўшнимиз Ёқутжон опанинг-да тикув машинасини ижарага олдик. Чевар Сапура опа дилкаш, ҳазилкаш жувон экан. Келиннинг кийимларидан аввал Янгилжон билан Тўхтажоннинг кўйлакларини бичди.
-“Сонце клеш” дейилади бу бичимга. Айланса қуёшдек атрофга кенг ёйилади, деди.
Биз у даражада тушунмадик. Шогирди шитирлатиб тикишни бошлади. Онамиз ҳам ўзига яраша чевар. Сапура опа ёрдамида биз қизларнинг кўйлагини ҳам гавдамизга, бўйимизга ярашадиган услубда қайчидан ўтказдилар. Ҳар ким қўлидан келганча ишга киришди. Айниқса, Аслпошша ойбикам. Тажрибали тикувчилар мисол қўлига игна-ип олиб топшириқларни бажаришга киришди. Кишчан билан мен секин ташқарига йўналдик. Бундай юмушлар менга асло ёқмайди. Кишчан-ку, умуман, хуш ёқмас.
Тикувчига буюртма берсанг ўн кун қатнайсан. Янгилжон билан Тўхтажоннинг кўйлаги уч соатга қолмай тайёр бўлди. Уларнинг шодлигини бир кўрсангиз. Тиним билмай гир-гир айланадилар. Кўйлакларнинг этак қисми доира шаклида ёйилиб чиройли холат бахш этади. Уларнинг қувончи барчамизга таъсир этди. Ҳар иккала опаячамиз Сапура чеварнинг ёнидан жилмадилар. Чеварга ҳам сингилчаларимизнинг хушчақчақлиги, иккаласининг бир-бирига меҳрлилиги ёқиб қолдими, “Худо хохласа шу қизларни Ҳасан-Ҳусанларимга сўраб келаман, келинликка берасизлара”, деди ҳазил аралаш. Биз мазза қилиб кулишдик. Катта опаялари қолиб, Яниш билан Татошга совчи келди деб.
Тўй кунигача Султонпошша ойбикамдан тортиб, онам, бувим, биз қизларнинг-да тўй либосларимиз тайёр бўлди.
Хина ёпар, яъни қиз тўйи куни саккиз опа-сингил бир хил кўйлакдамиз. Барчамизга ярашган. Кайфиятимиз аъло. Айниқса, Ҳурпошша ойбикам сарви санамга айланди. Эрта тонгда ювган қоп қора, қалин узун сочлари кўйлак этагига бош урган. 15 тутам. Биз қизлар соч узунлигини тутамлаб ўлчаймиз. Менинг сочим қанча парваришламай беш тутамдан ошмайди. Ойбикамнинг сочлари ялтираб турибди. Қошларини айтмайсиз, сочи каби жилоланаяпти. Қоп қора кўзларининг шу даражада жозибали эканини энди пайқабман. Ишонаверинг, каттадан кичик ҳамманинг кўзи ойбикамда. Фақат бувим безовта. Ўзини қўярга жой тополмайди. Ҳур ойбикамни кўзлардан пана қилишга интилади.
Хина ёпар зўр ўтди. Қуда томондан келган халфалар даврани қизитдилар. Биз ҳам чарчаб қолгунча ўйинга тушдик. Тўй якунида ловопкосаларни тўлдириб хина олиб келинди. Қуда холамиз биз томонларда камёб ва ноёб хина кукунини топиб жўнатган эканда. Иссиқина сувга аралаштирилган хинани қўлга суртиш завқли экан. Опамни кафтига поччамнинг номи хина билан ёзилди. Юрак шакли чизилди. Ва ниҳоят йиғилганлар уй-уйига жўнадилар.
Қўлларимизни ювдик. Султон опамнинг қўлидаги ёзув ва юрак хўп чиройли чиқибди. Янгилжон, Тўхтажон, Кишжонларники чапланиб кетибди. Ҳаммадан кўра Ҳур ойбикамнинг қўлларидаги хина тиниқ, тўқ рангда намаён бўлибди.
Бувим ҳамон безовта. Ўзини қўярга жой тополмайди. Мени бандиргоҳга, кўчамизнинг бошида, йўллар кесишган жойга жўнатди. “Йўлнинг тўрт томонидан тўртта чўп келтир”,-дедилар хомуш холда.
Чопқилаб кетдим. Бувимнинг чеҳраси очилса бўлди. Қандай вазифа топширса бажаришга шайман.
Чўпларни келтирдим. Кейин уйдаги катта-кичик бувимнинг буйруғига биноан энса сочидан бир тор юлиб берди. Кейин қоғозни буклаб, буклаб қайчи билан қирқишга бошлади. Ҳар қайчи урганда кимнингдир номини айтади. Қирқим узоқроққа тушса айрим олиб қуяди. Қийқимларни очсак худди кўз шаклига ўхшайди. Биз ҳайронмиз. Нима гап?
Ниҳоят катта якандозга исириқ солди. Чўғ устига узоққа сочилган, кўзга ўхшаган ўша қийқимларни, бандиргоҳдан келтирилган чўпларни, соч толаларимизни, пиёзнинг пўсти, мурч бўлакларини аралаштириб тутатди. Дастлаб, Ҳур ойбикамнинг бош оёғидан айлантирди. Нималарнидир пичирлади. Англаганим “Кўзи текканнинг кўзи чиқсин” деган гапи бўлди. Бизлар ҳам навбати билан исириқ ҳидидан баҳраманд бўлдик. Чини ойбикам тўнғиллади.
-Яп-янги кўйлагимиздан атир эмас, исвант иси келадиган бўлди-да, деди. У барча опаяларнинг дилидаги гапни айтди.
Эртаси тонгдан катта қозонда сузма дамланди. Тушга қараб қариндош уруғ, қўшни-ова, қудалар жамландилар. Сузма тортилди. Ташқари ҳовлида қуда томондан келган санъаткорлар қўшиқ айтдилар.
Аёллар даврасида чаққон, чевар, ували-жували кайвонилар гўшанганани бичиб тикдилар. Қизга аталган махсус дастурхонни қизлар даврасига олиб кириб, унга аталган никох кўйлагию, махсиларни кийдирдилар. Шу аснода гўшангана остига кирган қизлар теппасида туриб ёр-ёрни бошладилар.
Аввал бошлаб Худони ёд атали ёр-ёр,
Пайғамбарлар рухини шод атали ёр-ёр.
Пайғамбарни қизини Али олди ёр-ёр,
Қиз олиб, қиз баришмак шундан қолди ёр-ёр.
Кўшагананг сочоқи сочиламиш ёр-ёр,
Ичинда бир даста гул очиламиш ёр-ёр.
Йиғлама қиз, йиғлама, тўй саники ёр-ёр,
Бўсағаси тиллодан уй саники ёр-ёр.
Ёр-ёр узоқ айтилди. Менга ёққан сатрлар қулоғимда қолди.
Игнам учи синди даб, сўкдинг онам ёр-ёр, инди гетиб бораман, қолдинг онам ёр-ёр. (Бу бувимга тегишли. Бизни ниналарни йўқотиб қўйсак сўкардилар. Оёғингизга кирса, томир орқали тўғри юрагингизга қадалади. Ўлиб қоласизлар, деб).
Ўз онамнинг эшиги, гулдин эшик ёр-ёр,
Ўтсам-кетсам сочимни, силар эшик ёр-ёр.
Қайнонамни эшиги, тикон эшик ёр-ёр,
Ўтсам-кетсам сочимни, юлар эшик ёр-ёр.
Бизни эшик гулдай эмаслигини биламан. Санамжон холанинг эшигига тикон боғлаб қўйилганмикан?
Маҳзун нола билан айтиладиган ёр-ёр кўнгилларни, дийдаларни юмшатиб юборади. Гўшанга тагида келин бўлмиш ичикиб-ичикиб йиғлайди. Дугоналар унга қўшилади. Онажоним, бувим, опа-сингиллар, амма-холалар кўз ёшларини артадилар. Қиз ота уйини тарк этаётганини чуқур хис қилади. Она, эрка қизини энди фақат меҳмон эканини англайди.
Бизлар ҳам роса йиғладик. Ходим онанинг кескин овози барчани сергак тортирди.
-Бўлди шу, етар. Бибиойша, Бибифотима онамиздан қолган удум бу. Товба! Денгизнинг ортига кетяптими? Бир кўча нарига узатилаяпти. Қани янгалар, тезлашинг. Қудалар кутиб қолди.
Ташқарида отахонлар. Гўшанга остида ҳамон ўзини йиғидан тўхтата олмаётган ойбикамни узундан-узоқ дуо қилдилар. Отам ҳам кўз ёши юзини ювиб, бахт иқбол тилади.
Ойбикам чиройли безатилган оқ рангли “Газ-24” волгага икки нафар дугонаси билан жойлашди. Олдинда янга. Қўлида лампачироқ. Ғалати удум. Керосин қуйилган лампанинг пилигини ёқиб эҳтиётлаб, ўчирмасдан, келин хонадонига етказиш, эрта тонггача шу чироқни ёқиқлигини таъминлаш керак. Ўчиб қолса беҳосият бўлармиш. Момоларимиз нима қилган эканлар? Ҳуштик ёқиб, аравада чайқалиб, чайқалиб кетиверибдиларми?
Керосин тўкилиб, машина ичида олов чиқиш холатлари ҳам юз берганини, бундай беъмани одатлардан воз кечиш кераклигини маҳаллий телевидениемиздаги кўрсатувда берганларини кўрганман. Қарангки, амал қилинмаётган эканда. Янга бечора пишиб, куйиб қолмаслик учун бутун эътиборни келингамас, чироққа қаратаяпти.
Ҳур ойбикам шошилиб, келин машинага интилди. Дугоналари қаторида Султон опамга йўлдош бўлди. Биз ҳам тўйга боришни жуда хохладик. Рухсат беришмади. Кайвони аёллар йўлга отландилар. Йўл бошида қора волгада куёв жўралари билан опамни кутаяпти. Оқ ва қора волгалар изма из ҳаракатда. Бутун маҳаллани машиналарнинг бабап-бибипи тутиб кетди. Ўткинчи машиналар ҳам бибиблатиб сигнал чаладилар.
Биз эшигимиз олдида туриб уларни кузатиб қолдик. Янгилжон билан Тўхтажон анча жойгача изларидан чопқилаб бордилар. Уларга қўшилгим келди-ю, уялдим.
давоми бор.