Бекпошша ХЎЖАЕВА : Ғамдан адо бўлдик (давоми)

0
50
марта кўрилган.

Бувим “Қувонч билан ғам етаклашиб юради”, дейдилар. Рост экан. Мактабда шов-шув кўтарилди. Опамнинг синфига тез ёрдам чақирилибди. Узоқ танаффус эмасми, синф эшиги томошаталаб болаларга тўлибди. Кишчан билан биз ҳам шу томонга шошилдик. Не кўз билан кўрайки, замбилда Ҳур опамни олиб чиқаяптилар. Кийимлари қонга беланган. Ҳушимдан оғай дедим. Кишчаннинг олдинги воқеалардан хабари йўқ, кимдир бурнига уриб қонатибди деган гумонда жаҳл отига миниб синфи томон одимлаяпти. Тўхтатдим. Уйга хабар қилишини буюрдим. Опам билан тез ёрдам машинасида касалхонага жўнадим.

Уйдагилар бир зумда касалхонага етиб келдилар. Бувим ҳеч кимга қулоқ солмай фарёд чекаяпти. “Ё худо. Боламга Ҳур қизимни кунини солма. Юрагимни яна ўтларга отма. Не гуноҳ қилган бўлсам жазони ўзимга бер. Зурёдларимга қолдирма”.

Отам билан онамнинг бувимни қилиқларидан жаҳллари чиқаяпти.

–Ёмон ният қилманг, бор йўғи бурни қонабди. Биласизку, болалигида ҳам қонаб турарди. Бу сафар сал кўпайган, ўтади кетади,- бувимни хотиржамгина тинчлантирмоқчи бўлади онам.

Ичкаридан хабар кутаётган эдик. Ниҳоят ҳамшира кўринди. Қўшнимиз. Юзларида ҳавотир зоҳирон. У отамни ичкарига бошлади. Бувимни йиғиси авжига чиқди. Онам беихтиёр бувимга жаҳлланиб қаради ва “Тавба” деди.

Вақт чўзилди. Отам кўринди. Юзлари кўкиш тус олгандай. Ўзи букчайиб қолгандай. Яқин келди. Сир яшириб ўтирмади.

-Қизимиз оқ қон касалига чалинибди. Вақтида қарамабмиз. Ўтлашибди. Умри қанча қолгани Худога аён.

Бувим ерга йиқилди. Қўл оёғи чангакдек тортишди. Оғзидан кўпик чиқди. Ваҳимада ичкарига отилдим. Шифокорлар ёрдамга шошилди. Кечқурунга бориб опам ҳам, бувим ҳам ўзларига келдилар. Ўлим билан боғлик гап сўзлар ёлғон туюлди.

Ҳур ойбикамни олдида қолишга рухсат бердилар. Иккаламизга бир хона. Уни ҳазил гаплар, ўзим тўқиган латифаларни айтиб кулдиришга, чалғитишга ҳаракат қиламан. Опам менга қўшилиб кулади. Ва кулгумиз ўз-ўзидан йиғига айланади. Кўриб турибман. Опамнинг холати яхшиланмаяпти. Мендан дафтар қалам сўради. Дарслардан ортда қолиб кетмасин деб, Кишчан бошлиқ синфдошларим кун ора келиб, ўтилган мавзулардан хабардор қилиб турганлари боис, дарров қалам ва дафтаримни қўлига тутқаздим.

Шошилиб ёзишга киришди. Кўзларининг ёши юзини ювиб, дафтар варағини ҳўл қилаяпти. Бурнида қон томчилари кўринган заҳоти дафтарни тортиб олдим. Шифокорга хабар бердим. Ёрдам келгунча қон отилиб чиқа бошлади. Уни дарров муолажа хонасига олиб кетдилар.

Опамнинг қонини кўрсам қалтирайман, ваҳимага тушаман. Ўзимни босиш учун дафтардаги ёзувга диққатимни қаратдим.

“Ҳурматбек оға! Алвидо. Севгингиз, меҳрингиз учун, менга беадад муҳаббат ато этганингиз учун рахмат. Тонгдаги тушимда Ҳурпошша аммам билан кўкларга учиб кетдим. Кўкда туриб биринчи сизни, кейин оила аъзоларимни, ўқишга киришни жуда хохлаганим Пединститут биносини кўрдим. Хайр. Сизни доимо осмонлардан кузатиб тураман. Ҳур қизларга йўлдош бўлишга шошилаётган Ҳурпошша. Ҳуррият”. Мени ҳайратга солгани ойбикамнинг бизларга эмас, Ҳурматбек оғага нома қолдиргани.

Кеча-кундуз касалхона ҳовлисида, деразамиз тагидан кетмаётган Ҳурматбек оғага дафтарни бердим. Оға бор овози билан ўкириб йиғлади. Дафтарни бағрига босиб, далилардек тентираб йироқлашди.

Ойбикамнинг мотам маросимларини эслашни истамайман. Кунлар ўтсада ичимнинг ўти ўчмаяпти. Кўзим уйқуга кетди дегунча алвон бахмал ёпилган тобутнинг лопиллаб бориши тушимга киради. Қулоғим остида марака кунлари халфа хотиннинг қабр азоби тўғрисида айтганлари, ҳар сафар фотиҳага қўл қўтарганларида опаямизнинг азон айтиб қўйилган ва паспортига ёзилган номларини қўшиб: “Ҳурпошша, Ҳуррият қизимизнинг жойлари жаннатда, ўринлари учмода, ҳур қизларга йўлдош бўлсин, ўлганини билмасин. Олди ўзига, изи қолганларга ярашсин”, деган гаплари эшитилаётгандай туюлади. Ҳар гал чўчиб уйғонганда опаяларимнинг мендан баттар аҳволда бедорликларини кўраман.

Бувим отам ўзларини назорат қилаяптилар. Онам гўё сўлаяпти. Назарида бизлар бирин кетин дунёни тарк этадигандай олдиларимизга келиб, кўзларимизга жовдираб тикилади. Биз эса онамизни йўқотишдан қўрқаяпмиз. Опа-сингиллар маслаҳатни бир жойга қўйдик. Онажонимизни чалғитишимиз керак. Ҳурпошша у дунёлик бўлса саккизимиз бу дунёдамизку! Шукур қилиши керакку. Айнан шу мавзудаги гапларни эслатавердик. Ҳур опамизнинг 40 кунлик маъракасидан кейингина онам салгина ўзини ўнглаб, гапларимизни эшитадиган бўлди.

Бувим чуқур уҳ тортиб “Фарзанд ўти ўчмайди. Юрагингни бир чети қоврилиб тураберади. Онангни авайланглар. Менга эътибор берманглар. Менинг юрагимни ўрнида куйиб кўмирга айланган катта доғ турибди. Ҳа демай увалиб тўкилади. Ҳурларимни олдига кетаман”.

Шукурлар бўлсинки, Худойим бизга мурувват кўрсатди. Бувим минг ойни кўриб яшади.

Ҳурпошша опаямиз йўқ. Ҳаёт эса гуё ҳеч қандай воқеа юз бермагандай давом этаяпти. Кун чиқади, ботади. Қоринимиз очиқса таомни четга сурмаймиз, еймиз. Одатдагидек ўқишга борамиз. Уй юмушларини бажарамиз.

Қирқ кунлик маърака ўтгач, телевизор кўришга рухсат бердилар. Томоша татийдими. Юрагимиз ғаш. Йўқотиш ҳисининг қаттиқ босими остидамиз. Барчамизни беҳаловат қиладигани онамизни дам бадам “Воҳ болам, боламей. Юрак бағримни минг пора қилиб куйдириб, азобларга мубтало этдингку” дея нола чекишлари. Бу нола бизни тушкунликка тортади. Ҳурпошшамизни бетакрор хушруй сиймоси, қадди басти борлиғи билан кўз ўнгимизда намаён бўлаверади. Опаямиз ойнинг олтинчи кунида дунёни тарк этган эди. Ҳар ойнинг олтинчи кунида қурон тиловот қилишни, шу куни саккиз опая, кейинчалик уларнинг куёвлари, фарзандлари жам бўлишни Хуримизни хотиралашни одатга киритдик. Бу бизга рухий озуқа берди. Бирлигимиз ғамимизни аритди.

 Опаямиз Кишжон хусусида. Опаямизнинг маракалари ниҳоялангач, Кишчан бизнинг хонага кўчиб ўтди. Чини, Аслпошша ойбикамаларим ҳам менга ўхшаб норозилик билдирдилар.

-Яхшиси, сен бувимнинг хонасида қолавер!

Кишчан гапимизга парво қилмади. Ҳурпошша опаямизни йиғиштириб олинган кўрпа тўшаги ўрнига ўзиникини тахлади. Тахлашдан олдин Аслпошша опаямиздан атрофни яхшилиб супириб, артишни сўради.

Биз тортишиб ўтиришни бефойдалигини тушундик ва эҳтиёт чораларини кўрдик. Бундай дейишимизнинг боиси бор. Кишчан битлас!

Кишчаннинг исмини тилга олсам ҳам асабим ўйноқлайди. Бувим Кишчанни “Дўмбўйин” дейди. Дўмбўйин дегани менимча  қулоқ осмас, хушёқмас, ўзибилармон дегани бўлса керак. Яна ким билади.

Орамизда ялқови, уй ишларини ўлда –жўлда бажарадигани шу қиз. Бувим уришгани уришган:

-Қайнонасини кул қилади бу. Борган жойидан бизга рахмат келтирмайди.-дейдию, ҳар гал секингина қўшиб қўяди:

-Соппи онасининг кўпияси!

Соппи, яъни Сафаргул она момомиз, онамизнинг оналари. Айтишларича бирор марта бозорга бориб харажат қилмаган. Уй юмушларига ҳам бепарво. Олдинлари эри, Қуронбой бобомиз, кейин тоғаларимиз бозорлик қилганлар. Сафаргул онамизнинг қайноналари бизнинг катта момомиз чаққон аёл, то умрининг охиригача ўзи хамир қориб, нон ёпган. Кир ювган. Сигир соққан. Паймонаси тўлганда қийналмай, фақат бир кунгина ёстиқ тортиб инқиллаб ётганмишу, пуф этиб, осонгина жон берганмиш.

Соппи онамизнинг қайнонаси дунёдан ўтгач, ўрнини келинлари босаётганмиш. Бувимнинг таъкидлашича шу қудағайи  жонини ҳазини, қадрини биладиган тантиқ хотин. Хушёқмас. Кишчан ҳам худди шундай. Ўқишда уй вазифалари менинг зиммамда, хонадонимиздаги уй юмушларини алдаб сулдаб опаяларимиз Аслпошша, Янгилжон, Тўхтажонларга юклайди.

Дарсларимни тайёрлаб, дафтарларимни бекитиб қўяман. Барибир топади, кўчириб олади. Бир гал дафтаримни сўнгги варағи қолганда мисолларни хато ечдим. Кишжон чиройли тарзда кўчирибди. Устозимиз унга икки баҳо, менга беш баҳо қўйганда кўтарди воғирдини! Вазифани янги дафтарга тўғри ишлаганимни билмаганда. Жанжал уйгача етиб келди. Отамдан танбеҳ эшитдим.

-Кўчирса кўчираверсин. Амаллаштириб мактабни тамомласин. Бу томони бир гап бўлар.

Мактабда ойда бир текширув келади. аллақандай СЭС деган идорадан. Тирноқларимиз, қулоғимизнинг ичи, ёмони сочларимизни ҳам диққат билан кўздан кечирадилар. Безовта бўлиб ўтираман. Сабаби Кишжон битлас! Унинг бошидан бит ё сирка топилса устоз уни эмас, мени тергайди.

Бир гал синфдошимиз Дўсчанов Йўлдош мотамсаро куйга  мослаб, гуё кўзларини ёшлаб, баланд пардаларда. Кишжонга тикилиб  “Битлассо-қуртлос. Сиркахон” деб калака қилди. Ва қаттиқ пушаймон бўлди. Шусиз ҳам жаҳли чиқиб турган Кишжон синфнинг полини артадиган лойли пол латта билан юз-кўзига қарамай савалади. Эртаси Йўлдошнинг онаси келиб солди сурангни:

-Ёлғизгина папалаган боламга ўзим қаттиқ гапни раво кўрмасам, бу битлас қиз боламни юзларини кўкартириб дўппослабди. Милисага бераман. Ёқалашишни билгунча битини йўқотсин!

Албатта, Кишжонни ҳеч ким милицияга бермади. Лекин устидан назорат кучайтирилди. Бош ювганида бувим, мен сочини бир-бир кўздан кечирамиз барибир бит ё сирка топилади.

-Фойдаси йўқ, фойдаси! Соппи онасининг лақаби Соппи битлас эди. Терисида сирканинг уяси бор бунинг-дерди куйиниб.-Агар битингни йўқотмасанг сочингни пойки билан қирдираман.

Ҳар гапни маъносини чақишга интиладиган Тўхтажон секингина сўради:

-Унда сирканинг уяси нима бўлади.

Мириқиб кулдик. Кўз ўнгимизда сирканинг уяси тақир бошида тўмпайиб турган Кишчан гавдаланган эдида!

 Бувимнинг насиҳатлари Уйда отамдан бошқа эркак йўқ. Барча опаяларнинг сочлари қалин. Ҳар биримизни бошимиздан бир тола соч тўкилса, томошани кўринг. Бувим “Соч бошда сумбул, ошда заҳар” дейди. Оилада олтин қоида бор. Уйга келгандан бошимизга дурра танғиймиз. Хонамизнинг бурчагида ўтириб  соч тарайдиган махсус жой ҳозирланган. Кўзгу ҳам ўтириб қараб, соч турмаклашга мўлжалланган. Сочимизнинг патини соладиган махсус халтача михга илиниб туради. Навбатимиз бор. Ўз вақтида тараниб оламиз. Бош ювиш учун қатиқ махсус ивитилади. Вақти-вақти билан гуруч ювилган сувга соч чаямиз. Шунда толалар ярқираган, илдизи мустаҳкам бўлармиш. Бувимнинг тароғи қандайдир суякдан ишланган. Лекин у кишини соч тараб ўтирганини ҳеч кўрмаганмиз. Оппоқ силлиқ сочлари устидан ўраб қўядиган чўттиси(лачакнинг кичик, ихчам тури) ниҳоятда ярашади.салобат бахш этади

Бувим сочни ёйиб юришимизга йўл қўймайди. Эри ўлиб, бева қолган хотингина эрининг ўлиги устида соч ёйиб йиғлар экан. Даҳшат. Шундай гапни эшитгандан кейин ким ҳам сочини ёйиб юрарди.

Биз опаялар Кишжонни айнан битласлиги туфайли хонамизга қўйишни хохламаганмиз.

Лекин вақти келиб шу битласимиз опаялар орасида энг бадавлат, ишбилармон аёлга айланди. Бу борада кейинроқ сўз юритамиз.

Бувимнинг насиҳатларига энг кўп қулоқ тутадиган Янгилжон билан Тўхтажон. Улар гап мазмунини англаб олишга жон жаҳди билан интиладилар.

Уйимизга водопровод кувурлари тортилиб сув келганда қанчалик қувонганмиз. Сувни узоқдан, ёпнинг нариги ёғидаги қудуқдан ташиш жонга теккан. Елкамизни икки челак сув илдириладиган калантар яғир қилган. Энди эса жўмракни бураймиз, шовуллаб тип тиниқ сув келади. Юз қўлларимизни атрофга томчиларни сачратиб ювамиз. Бир-биримизга сув сепиб рохатланамиз. Эшик олди, боғ томонларни шалобба қилиб эзамиз. Бундай шовқинли қувончимиз узоққа чўзилмади. Бувим чегара қўйди.

-Сувни фақат қумғонга солиб ишлатасиз. Бир томчисинида бекорга совурмайсиз. Дарё бошида ўтирсангда сувни тежаб сарфла деган гап бор. Қулоғингизга қуйиб олинг!  Бекорга исроф қилинган сувнинг гуноҳи оғир!

Сувнинг оғир гуноҳи қанчалик катталикда бўлиши мумкинлигини Татош билан Янгош тасвирларига сиғдира олмай биз опаларини сўроққа тутиб безор қиладилар.

Жўмраклардан оби ҳаёт тошиб келаётган бир вақтда биз худди олдингидек сувни челак ва хумларда сақладик. Ўша хумларни кул билан ишқалаб ювиб, ярақлатишни унутмадик.

Қозон тавоқларни озода сақлашга қатъий амал қилишга мажбурларди бувимиз.

-Овқатдан кейиноқ ювилган қозон тунда маккани зиёрат қилиб, эгасига савоблар келтиради. Ювиқсиз қозонга шайтон сийиб қўйиб, уйда вағирди жанжал кўтараради.

Бувимнинг сўзлари сингилжонларимизга ўзгача таъсир кўрсатади.

Бир куни  кўчада болалари  сабаб икки қўшни ўртасида келишмовчилик юзага келиб, сан-манга бориб, ёқалашишгача етдилар. Бизнинг Янгилжон билан Тўхтажон ҳар иккала қўшнининг ошхонасига бесўроқ кириб уларнинг болалари билан қозон товоқларини текширганлар. Ва ювуқсизлигини кўрганлар! Қўшнилар ўртасига низо тушишига сабабчи тенгқур ўртоқларига бувимнинг насиҳатларини етказганлар.

Давоми бор.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.