Ватанни севмоқ имондандир

0
36
марта кўрилган.

Ўзбекистон буюк алломалар юрти. “Фақатгина Ўзбекистонни буюк алломалар юрти деб аташади! Боболаримиз бизнинг бошимизни қиёматга қадар баланд кўтариб кетишди”, – деган эди  шарқшунос олим, профессор Убайдулла Уватов биз билан телесуҳбатимизда (охирати обод бўлсин).

Дарҳақиқат, Убайдулла Уватов таъкидлаганидек, Ўзбекистонда асрлар мобайнида яратилган, ривожлантирилган ғоят катта илм, мўъжизакор ижодий меҳнат бор. Жаҳон илм дурдонасига беҳисоб ҳисса қўшган буюк ўғлонлари, ўз замонасининг, илм оламининг султонлари яшаб ўтган!

Мустақилликдан кейин Ўзбекистон телевидениесида “Мозийдан ёғдулар” туркум кўрсатувларини тайёрлай бошладик. Ўшанда сценарийларимнинг ўқ илдизлари аллома Алишер Навоийнинг “Мажолис-ул-нафоис” ва Насоимул-муҳаббат” асарлари бўлди. Ҳазрат Алишер Навоийнинг ушбу асарларида аждодларимизнинг таърифу-тавсифлари гўзал ифода этилган 500 дан ортиқ шоиру фузалони эътироф этганлар.

Нажмиддин Кубро, Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Паҳлавон Махмуд ва бошқа алламою саркардалар ҳақида кўрсатув тайёрлаганимда албатта ҳазратнинг китобига қайта-қайта мурожаат қилардим.

Кейинчалик “Соғлом авлод” газетасида бош муҳаррир бўлганимда “Мозийдан ёғдулар” саҳифасини ташкил этдик. Газета саҳифаларида ёритилаётган мақолаларни беришдан олдин ҳазрат Навоийнинг ушбу китобларини варақлаб аллома ҳақидаги фикрлари билан танишардим. Уларни олимлар ёзиб келган мақола билан муқояса қилардим. Ҳазрат Алишер Навоийнинг тарихни чуқур англаган энциклопедик олим бўлганига яна бир карра имон келтирардим.

Аждодларимизнинг хотирасини ёдлашдек улуғвор анъананинг қайта тиклангани мустақиллигимиз шарофаати бўлди. Аллома Беруний, Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, ҳазрат Нажмиддин Кубро, Имом Бухорий, Мотуридий, Термизий, соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўзбек алломаю жаҳонгирларининг сиймоси мустақиллик шарофаати билан қайта қаддини кўтарди.

Бугунги кунда жаҳон бўйича ишлатилаётган 1 дан 9 гача бўлган математик  рақамларuга нолни қўшиб, ХХ аср фани – кибернетикасига асос солган олим деярли 1200 йил аввал яшаб ўтган бизнинг аждодимиз – ал-Хоразмий! Алгебра фани, машҳур алломанинг исми билан боғлиқлиги, яъни ал-Жабр бора-бора алгебрага айланганини, Алгаритм сўзи Ал-Хоразмий сўзининг ассимилиацияга учраган шакли эканлигини ва бизнинг авлод уни ўқиб математикани ўрганаётганлигини бугунги кунда жаҳон аҳли тан оляпти.

Ернинг думалоқ шаклда эканлигини исботлаб, дунё харитасини тузган ва уни глобус шаклида биринчи акс эттирган энциклопедик олим Абу Райҳон Беруний эканлигини ўқувчилар онги-шуурига қайта-қайта қуйиш анъанага айланганлиги кишида ифтихор туйғусини юксалтиради.

Мукаммал тиббиёт қонунларини яратган Абу Али ибн Сино китобларидан жаҳон тиббиётида ҳамон дастуруламал сифатида фойдаланилмоқда. Агар эътибор берсак, “Тиб қонунлари”да мураккаб жарроҳликдан тортиб, оддий овқатланиш маданиятигача ўргатилган. Инсон саломатлигини авайлаш аввало ўзидан, оддий овқатланиш маданиятидан бошланади, деган ўгитлари бугунги кунда ҳар бир фарзандга сингдирилмоқда!

Дарёлар сувини ўлчайдиган ускуна яратган ва дастлаб Нилнинг сув ҳажми-ю сиғимини ўлчаб берган бизнинг ватандошимиз ал-Фарғоний!  Бу йил  Мисрга  бордик. Болалигимдан  бешинчи синф тарих китоби саҳидаларида акс этган пирамидаларни кўришни орзу қилардим. Уни муаллимларимиз, падарибузрукворим дунё маданиятидаги, тамаддунидаги етти мўъжиза бўлмиш  обидаларнинг бири деб тилга олишарди.  Фарғонийнинг Нил дарёсининг сув сиғимини  ўлчагич яратганини, ундан яқин яқинларгача фойдаланишганини таъкидлашарди.   Ушбу ўлчагич улуғвор ускуна бўлса керак деб ўйлардим. Улуғвор иншоот – ускуна экан. Уни кузатар эканман, оддийликдан мураккабликка деган физика қонуни эсимга тушди. Оддий топилмадан  улуғвор ҳақиқатни яратганини ҳис қилдим.

“Зижи Курогоний” асарида юлдузлар жадвалини тузиб фалакиёт илмини дунёга танитган ҳам бизнинг аждодимиз Мирзо Улуғбек!

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Мажолис-ул-нафоис” ва Насоимул-муҳаббат” асарларида аждодларимизнинг таърифу-тавсифлари гўзал ифода этилган 500 дан ортиқ шоиру фузалони эътироф этганлар. Аждодларимиздан урф бўлган бу анъанани келгуси авлодларимизга етказиш бизнинг бурчимиз. Беруний, Хоразмий, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғларимиз навқирон авлоднинг ғурур тоғларидир.

Мамлакатимиз истиқлоли туфайли Ислом маданияти ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшган Замахшарий, Имом Бухорий, Мотуридий, Термизий  каби алломаларнинг китоблари ўрганила бошланди.

Аллома Алишер  Навоийнинг биргина ҳикмати минглаб ўгитларга тенг. Ақл ила олам юзини обод қилишга чорлайди. Гўзал хулқ ила элни шод қилишга  ундайди.

          Ақл ила олам юзин обод қил,

          Хулқ ила одам элини шод қил.

Навоий бобомиз куйлаганларидек, мозийшунос олим Убайдулла Уватов айтганларидек юртимиз   алломалари ўз амаллари-ю  асарлари ила дунёга нур сочиб, олам юзини обод қилиб кетишди.

Аждодларимиз меҳнатининг маҳсули бўлмиш ғоят қимматли ва дунёдаги энг қадимий қўлёзма “Авесто”даги гўзал битиклар ҳам ана шундан далолат беради. Эрамиздан олдинги даврда яратилган ёзма манба “Авесто”да оламни мунаввар қилувчи қуёш Шарқдан чиқиши тилга олинади. Зеро, қуёш билан олам мунавварлашади, жамики табиату мавжудот ҳаракатга келади.

Табаррук юртимиз – Ўзбекистон ўзида Шарқ тарихи, маърифати, маданияти, санъати, хўжалик ҳаёти ривожининг гўзал намуналарини жамлаган ва жаҳон аҳлига кўз-кўз қилган маъжизакор макон эканлигини мустақиллик шарофаати билан исботланмоқда.

Биз ҳам жаҳон аҳли кўз ўнгида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа мутафаккирларимизнинг номини юртимиз номи билан боғлаш тадбирларини амалга ошириш ишлари ҳам бошланди. Чунки, ушбу ҳаракат энг аввало мамлакатимизни дунё майдонида кўпроқ танилишига, хорижликларнинг мамлакатимизга қизиқиши ортиб, туризмни ривожланишига муносиб ҳисса қўшади. 

Масалан, Ўтган йили «Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофотини таъсис этишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида» президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, ЮНЕСКО билан ҳамкорликда сунъий идрок соҳасида одоб-ахлоқни тарғиб этиш орқали илмий мулоқотни рағбатлантириш бўйича Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофотини таъсис этиш белгиланди ва Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида  Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва ижодига бағишланган халқаро кўргазма ва тадбирлар юқори савияда ўтказилди.

Ўтган алломаларимизнинг охирати обод бўлсин. Издошлари кўпайсин. Унга эса янги Ўзбекистонда  шароитлар мавжуд.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Расмда: Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Венадаги биноси олдидаги Шарқнинг тўрт буюк алломаси ҳайкали

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.