Фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича фикр алмашилди

0
21
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 18 декабрь куни “Tashkent Pharma Park” инновацион кластерида фармацевтика соҳасидаги корхоналар раҳбарлари билан мулоқот қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий аҳамиятга эга бу соҳага давлат томонидан кенг имкониятлар яратилмоқда. Охирги етти йилда фармацевтикада ишлаб чиқариш 2 карра ошган. Экспорт 11 баробар кўпайган. 750 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, корхоналар сони 3 баробар ўсган.

Юртимизда 3,5 минг турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилаяпти. Лекин бу талабни тўла қопламайди.

Шу боис давлатимиз раҳбари кўп турдаги дориларни маҳаллийлаштириш ва экспортни кенгайтириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Асака банк ва Фармацевтика агентлига йирик маҳаллий корхоналар билан бирга 2025 йилда кенг истеъмол қилинадиган 200 турдаги дори воситаларини ўзлаштириш ҳамда ишлаб чиқаришни 2 баробар ошириш бўйича дастур тайёрлаш топширилди. Бундай лойиҳаларга хориждан жалб қилинган 400 миллион доллар қулай шартларда йўналтирилади.

Энди фармацевтика тармоғида Илғор лойиҳалар инвестиция жамғармаси ташкил қилинади. Бу жамғарма биофармацевтика, ҳужайра технологиялари, онкология каби йўналишлардаги лойиҳаларга улуш билан киради, уларга катализатор бўлади.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан Асакабанкка соҳани ривожлантириш учун 100 миллион доллар кредит линияси очилган. Энди бу малағ лизинг учун ҳам берилади.

Асака банк томонидан фармацевтика соҳасида янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун 10 миллион долларлик венчур компания очилади. Стартап лойиҳа четдан қанча маблағ жалб қилса, мазкур компания шунча пулни қўшимча экспертизасиз беради.

Янги ишланмалар учун Инновация жамғармасидан 20 миллиард сўм грант ажратилади. Бу олимлар яратаётган янги маҳаллий дори ишланмаларини тижорат лойиҳасига айлантириш ва стартаплар учун йўналтирилади.

Маҳаллий фармацевтика корхоналарига 2025 йил 1 январгача берилган божхона имтиёзлари муддати яна 3 йилга узайтирилади.

Мамлакатимиз корхоналари етакчи хорижий фармацевтика компаниялари технологияси ва рецепти асосида дорилар чиқаришга тайёр. Лекин бундай кооперация учун ҳуқуқий асос яратилмагани сабабли ҳар бир дорини янги маҳсулот каби клиник тадқиқот ва рўйхатдан ўтказишга тўғри келаяпти. Бунга кўп вақт кетади. Шу боис бу тартибни соддалаштириш муҳимлиги айтилди.

Тадбиркорларнинг экспорт бозорларини кенгайтириш учун АҚШнинг Озиқ-овқат ва дори воситалари сифати назорати бошқармаси (FDA) ҳамда Европа тиббиёт агентлиги сертификатларини олиш харажатлари бюджетдан қоплаб берилади.

Юртимизда ўсимликларни саноат усулида етиштириб, қайта ишлаш орқали субстанция ва косметик компонент олиш ривожланаяпти. Шунга мувофиқ, Асака банк иштирокида келгуси йилда ҳар бири 5 гектардан бўлган доривор ўсимликлар плантацияси барпо этилиб, уларни қайта ишлаш бўйича 5 та намунавий лойиҳа бажарилади.

Умуман, фармацевтикада 1 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантирилиши белгиланди. Улар талаб юқори дори воситаларини чет элникидек сифатда ишлаб чиқариб, бозорда рақобат яратиб, нархларни арзонлаштиришга қаратилган.

Мулоқотда соҳа вакиллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳсулотлар сифати ва экспортини ошириш, илм ва таълимни рағбатлантириш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.