Бугунги кунда юртимизда транспорт воситаларининг сони кескин ортиб бормоқда. Транспорт воситалари сонининг ўсиши республика, айниқса Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, соғлиққа боғлиқ муаммоларнинг кўпайишига, шунингдек, шаҳарларда чанг, зарарли газлар ва тутун миқдорининг ортиши билан боғлиқ аҳоли мурожаатларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Халқаро статистик маълумотларга кўра, дунё миқёсида атмосфера ҳавосига ташланаётган ифлослантирувчи моддаларнинг 59 фоизи транспорт воситалари, 21 фоизи саноат корхоналари, 20 фоизи электр энергияси ишлаб чиқариш ҳиссасига тўғри келади. Экологик муаммолар жиддий хавфга айланиб улгурди. Одамлар ҳавонинг кучли ифлосланиши саломатликка ёмон таъсир кўрсатишидан ҳавотирда.
АИ-80 маркали бензиндан воз кечишимиз кераклигининг асосий сабаби унинг сифати халқаро стандартларга жавоб бермаслигидир. Бир қанча ривожланган давлатлар ушбу бензин маркасидан аллақачон воз кечган. Айниқса АИ-80 маркадаги бензиндан фойдаланилганда атмосферага карбонат ангидрид, азот оксидлари, олтингугурт диоксиди, углеводородлар ва PM2.5 ифлослантирувчи моддалари бошқа турдаги мотор ёқилғиларига нисбатан кўпроқ ташланади, атмосферада ифлослантирувчи моддалар ва оғир металларнинг тўпланиб қолишига олиб келади.
Хўш, қандай чора кўриш лозим?
2024 йилнинг 29 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт ва экология соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2025 йилдан АИ-80 маркали бензиндан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқ берилган эди. Шунингдек, мазкур йиғилишда Тошкент шаҳри жамоат транспортини электр ва газга ўтказиш, метро вагонлари сонини ошириш чоралари кўрилиши, “яшил энергетика”ни қўллаб-қувватлаш, экологик муаммоларнинг олдини олиш ва зарарли оқибатларни камайтириш мақсадида аҳолининг электромобилларга ўтишини рағбатлантириш тизими жорий қилиниши таъкидланган эди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳасида 2025 йил якунига қадар “Евро – 4” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш таклиф қилинмоқда.
Лойиҳада 2025 йил якунига қадар “Евро – 4” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш илгари сурилган. Шу билан бирга, республиканинг йирик шаҳарларида, жумладан, Тошкент шаҳрида автотранспорт воситаларидан чиқадиган ифлослантирувчи моддалар миқдорининг кескин ошиши ҳамда атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш мақсадида 2025 йил 1 мартдан АИ-80 маркадаги бензин ёқилғисини божхона расмийлаштирувларидан ўтказиш ва “эркин муомала (импорт) учун чиқариш” божхона режимига жойлаштиришни қатъиян тақиқлаш таклиф қилинмоқда. Қолаверса, 2026 йил 1 январдан республикада ташкилий тузилмасидан қатъий назар АИ-80 маркадаги бензин ёқилғисини ишлаб чиқаришни тақиқлаш мақсад қилинди.
Қандай фойда беради?
АИ-80 маркадаги бензин ёқилғисидан воз кечиш натижасида транспорт воситаларидан атмосфера ҳавосига ташланаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажми кескин камайиб, нафақат ҳаво сифати сезиларли даражада яхшиланади, балки аҳоли саломатлиги мустаҳкамланади, атроф-муҳит муҳофазаси кучаяди. Шунингдек, экологик тоза транспорт технологияларининг жорий этилиши иқтисодиётнинг инновацион ривожланишига туртки бўлиб, янги иш ўринлари яратилиши ва халқаро экологик стандартларга мувофиқ қадам ташлаш имконини беради. Бу, ўз навбатида мамлакатнинг халқаро майдонда экологик нуфузини оширади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА