Она табиатни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби эзгу ғояларни ўзида мужассам этган Наврўз халқимизнинг энг қадимий, асл миллий байрамидир. Асрлар давомида эл-юртимизнинг олижаноб орзу-интилишларини ифода этиб келаётган Наврўз мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди.
Наврўз байрамининг беқиёс ижтимоий-маънавий аҳамиятини ҳисобга олиб ҳамда ушбу қутлуғ айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида:
1. 2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ташкилий қўмита Наврўз байрамини пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказишга қаратилган, “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ўн кун муддатда ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.
2. Мазкур дастурни тайёрлашда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:
Наврўз муносабати билан инсон ўзини табиат фарзанди, унинг ажралмас бир қисми деб ҳис этишини ифода этадиган, атроф-муҳитни, она заминни асраб-авайлашга, бугунги тинч, эркин ва фаровон ҳаётни қадрлаб, уни ҳимоя қилиб яшашга чорлайдиган маънавий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш;
барча шаҳар ва қишлоқларда Наврўзнинг тарихи, мазмуни ва фалсафасини, ушбу байрамни ўтказиш билан боғлиқ урф-одатлар, қадрият ва анъаналарнинг моҳияти ва аҳамиятини ўзида мужассам этган оммавий сайиллар ўтказиш;
Наврўз кунларида ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз кўмак бериш, жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган савоб ишлар, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарларни амалга ошириш;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган сайилларга фольклор-этнографик гуруҳлари ва ансамблларни, таниқли санъаткорлар, ҳаваскор хонанда ва созандалар, бахшилар, аскиячи ва қизиқчилар, дорбозларни, ёш ижрочиларни кенг жалб этиш;
халқ сайиллари дастурларини тайёрлашда халқона ўйинлар, фольклор санъатининг энг яхши намуналарига кенг ўрин бериш, ҳунармандлик кўргазмаларини ташкил этиш, ибратли оила, ибратли маҳалла, ибратли мактаб, моҳир бахши, моҳир лапарчи йўналишлари бўйича кўрик-танловлар ўтказиш, адабий-бадиий учрашувлар, китоб байрамларини ташкил этиш.
3. Ташкилий қўмита томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Наврўз байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, ижодий кечалар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этилсин ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб бориши таъминлансин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва бастакорлар, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, фольклор санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига:
Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ҳокимлар раҳбарлигида ҳудудий комиссиялар тузиш;
байрам сайилларини барча шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда босқичма-босқич равишда юқори савияда, об-ҳаво шароитини ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш юзасидан тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминлаш;
март-апрель ойларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлигини ташкил этиш ҳамда бу борадаги ишлар энг яхши йўлга қўйилган туман, қишлоқ ва маҳаллалар тажрибасини оммалаштириш;
Меҳрибонлик, Саховат, Мурувват уйлари, кам таъминланган оилалар ва ногирон шахсларга моддий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш вазифалари юклансин.
6. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда жойлардаги ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;
Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.
7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 23 февраль
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат портали