Президент Шавкат Мирзиёев Кармана туманида иқтисодий лойиҳалар билан танишди.
“Навоий” эркин иқтисодий зонасида яқин икки йилда 32 та янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Уларнинг натижасида 1 минг 660 га яқин иш ўрни яратилиб, 138 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Қиёс учун: 2010-2016 йилларда 22 лойиҳа бажарилиб, 904 та иш ўрни яратилган ва 20 миллион долларлик экспорт қилинган.
Президентимиз эркин иқтисодий зонага бўш турган бинолар ва қўшимча ер майдони ажратиш таклифини маъқуллади.
Ушбу эркин иқтисодий зонада амалга ошириладиган лойиҳалардан бири Ғазғон мармари ва гранит бўлакларидан композит тош маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасидир. Бундай материал жуда ноёб ва экспортбоп бўлиб, мазкур корхона шу йўналишдаги дунёдаги бешинчи завод бўлади. Лойиҳа натижасида йилига 12 миллион долларлик материаллар экспорт қилинади.
Президентимиз шиша маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Умумий қиймати 97 миллион евродан ортиқ бўлган мазкур корхонага Германия, Франция ва Хитой технологиялари ўрнатилади. Қурилиш ва саноат учун ойналар, шиша идишлар ишлаб чиқарилади.
Бу корхона мамлакатимиздаги қурилишларга ойна етказиб бериш ва импорт ўрнини босишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Навоий вилоятида чўл ва тоғ ҳудуди кўплиги, сув танқислиги боис суғоришда гидрогеллардан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Бундай маҳсулотнинг 10 грамми 3-4 литргача ёмғир сувини шимиб олади ва ўзида сақлайди. Бу ўрмон хўжалигини ривожлантириш, автомобил ва темирйўллар атрофини ободонлаштиришда қўл келади.
Президентимиз бу лойиҳага қўшимча маблағ ажратиш, уни қўллашни кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.
Қишлоқ хўжалиги лойиҳалари билан танишар экан, давлатимиз раҳбари паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Бу аҳоли фаровонлигини ошириш, гўшт, балиқ, товуқ ва тухум нархини арзонлаштиришда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Масалан, томорқаларда кичик сув ҳавзалари ташкил этиб, Хитой тажрибаси асосида интенсив усулда балиқ етиштириш жуда қулай ва самарали. Томорқада 2 сотихлик ҳавзада бир йилда 12 тоннагача балиқ етиштириш мумкин.
Шавкат Мирзиёев бу лойиҳани Навоий вилояти тажрибаси сифатида йўлга қўйиш, уйларда шундай ҳавзалар ташкил этиб, уларни чавоқ ва озуқа билан таъминлаш тизимини ҳудуднинг ўзида яратиш зарурлигини таъкидлади.
Боғ ва замонавий иссиқхоналарни кўпайтириш орқали мева-сабзавотларни экспорт қилиш, яйловлардан самарали фойдаланиш, қоракўлчилик марказини ташкил этиш, эчкичиликни кенгайтириш, жунни қайта ишлаш, пахта-тўқимачилик кластерини ривожлантириш ва бошқа лойиҳалар намойиш этилди.
Президентимиз лойиҳаларни ишга тушириш муддатини тезлаштириш ва қувватини ошириш, маҳаллий хомашёдан фойдаланиб, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича топшириқлар берди. Марказий телеканалларда Навоий вилояти имкониятларини кенг тарғиб қилиш, юртимиз тадбиркорлари ва чет эллик инвесторларни жалб этган ҳолда бизнес-форум ўтказиш зарурлигини таъкидлади.