Баҳорнинг илк куни- Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия таваллудига бағишланган анъанавий тадбир Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида ҳам ўтказилди.
Университетнинг жаҳон тиллари кафедраси ўқитувчиси Мухлиса Муҳиддинова раҳбарлигида тайёрланган Зулфияхоним ҳаёти ва фаолиятига бағишланган дастурнинг ижрочилари Корпоратив бошқарув факультетининг 1-курс талабалари бўлди.
Тадбирда шоира Зулфия ижодидан намуналар ўқилди. Она Ватанни, баҳорни тараннум этувчи шеърлари янгради. Умр йўлдоши ўзбек халқининг севимли шоири Ҳамид Олимжон билан кечган ҳаёти, ижодий фаолияти саҳна кўринишларида акс эттирилди. Ижодкор ёшлар уларни кўнгил кечинмаларини ҳар бир юракка етиб борадиган тарзда меҳрга буркаб ифода этишди. Энг асосийси бундай тадбирлар тез-тез ўтказилиб турилар ва дастурларни талабаларнинг ўзлари тайёрлаб ўзлари ижро этишар экан.
-Талабаларимиз жуда фаол ва исътедодли. Бундан аввал кафедрамиз алломаларимиз Алишер Навоий ва Заҳриддин Муҳаммад Бобур таваллуди кунлари муносабати билан тадбир ўтказган эдик. Бугунги тантанадан фойдаланиб тадбирларимизда фаол қатнашаётган талабаларни фахрий ёрликлар билан рахбатлантириш ниятидамиз,- деди тадбир ташкилотчиси Мухлиса Муҳиддинова.
Маъруф Қурбонов, Ҳуснигул Собирова, Муроджон Мухторов, Гулчеҳра Яҳёева, Назира Саъдуллаева, Муҳаммадсодиқ Муродхонов каби кўплаб фаол талабаларга фахрий ёрликлар топширилди. Бундай тадбирлар талабаларни олган билимини уқишга, фикрини ривожлантиришга, мустақил мутолага, мулоҳаза қилишга ўргатади. Талабаларда жамоат бўлиб ишлаш муҳитини яратади. Студентнинг кайфиятини, илмга, билимга майлини оширади. Ўқишга, изланишга, фикрлашга мушоҳадага чорлайди. Яна бир аҳамиятли томони шундаки, бундай тадбирлар туфайли илм исташ билан дам олиш уйғунлашади. Талабаларнинг бўш вақтлари мазмунли ўтказилишига муносиб ҳисса қўшади.
Тадбирга бизни «Соғлом она ва бола» марказини ҳам таклиф этишди. Мен ҳам ўз фикр-мулоҳозаларим билан қатнашдим.
Энг асосийси бизга устозлик қилган шоира Зулфияга бағишланган тадбирда қатнашганим, унда талабаларнинг фаол иштироки мени мамнун этди, катта тассурот қолдирди.
Тадбир ташкилотчиларидан, талабаларнинг истеъдодини тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган мураббийлари, устозларидан хурсанд бўлдим. Уларга омадлар тилаб қоламан.
Раъно Зарипова,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист