Шавкат Мирзиёев ташаббусига асосан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди

0
137
марта кўрилган.

Остона шаҳрида 15 март куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар берилмоқда Prezident.uz сайтида.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев,  Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев,  Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков,  Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Межлиси раҳбари Акжа Нурбердиева иштирок этди. 

Бундай учрашувни мунтазам ўтказиш ва минтақавий муаммоларимизни биргаликда ҳал этиш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси, деди Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев. Йиғилишимиз ҳаммамиз учун умумий бўлган Наврўз байрами арафасида ўтаётгани ҳам чуқур маънога эга. Албатта, алоҳида учрашиб турардик, мулоқот қилардик, лекин бундай яхлит учрашув анчадан бери бўлмаган эди. 

Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига киришиш чоғида қўшни мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга алоҳида аҳамият қаратишини таъкидлаган эди. Ўтган қисқа вақтда барча айтганларининг устидан чиқди. Президентимиз давлат ташрифи билан барча қўшни мамлакатларда бўлди. Давлат чегаралари, савдо алоқалари, транспорт коммуникациялари, ҳудудлар ҳамкорлиги каби кўплаб масалалар бўйича ўзаро манфаатли ечимлар топишга эришилди. 

Давлатимиз раҳбари 2017 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашга қаратилган конструктив ғоя ва ташаббусларни илгари сурди. Бу ташаббуслар ноябрда Самарқандда ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда яхлит дастур тарзида тақдим этилди. 

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви шу тарзда ташкил топди. 

Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев бу кун Марказий Осиё халқларининг кўп асрлик яхши қўшничилик тарихида янги саҳифа очилганини таъкидлади. 

Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлиги изчил ривожланиб бормоқда, деди давлатимиз раҳбари. Мамлакатимизнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиздан зиёд ўсган. Шу билан бирга, халқларимиз фаровонлиги йўлида фойдаланишимиз мумкин бўлган кўпдан-кўп имкониятлар мавжуд. 

Президентимиз Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ҳар йили Наврўз байрами арафасида ўтказишни, навбатдаги учрашувни келгуси йили Тошкентда ташкил этишни таклиф қилди.

Ўзаро ишонч ва манфаатдорлик асосида савдо, иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда, хавфсизлик ва барқарорлик масалаларида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.