Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакатимизда ислом фани ва маданияти ривожига бемисл ҳисса қўшган буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш, халқимизга етказиш ва оламда тарғиб этиш, ўсиб келаётган ёшларимизни буюк боболар изидан борадиган муносиб авлод этиб тарбиялаш бўйича мазмуни ва аҳамияти жиҳатидан улкан ишлар оширилмоқда. Мамлакатимиз барча ҳудудларида буюк аждодлар хоки ётган манзиллар обод этилмоқда, улар зиёратчилар қадами узилмайдиган муборак масканларга айлантирилмоқда, дея хабар берилади uza.uz сайтида
Ушбу ўзгаришларни халқаро илмий доираларнинг эксперт ва мутахассислари ҳам эътироф этмоқда. 2017 йилнинг декабрида Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳан Низомий мамлакатимизга ташриф буюриб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Тошкент ислом университетининг Исломшунослик илмий-тадқиқот марказида бўлиб, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, истиқболда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш таклифини билдирган эди.
Яқинда юртимизнинг етакчи исломшунос олим ва тадқиқотчиларидан иборат делегация Буюк Британияга сафар қилди.
Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази раҳбарияти билан бўлиб ўтган мулоқотда ҳамкорлик режалари, амалга ошириладиган илмий лойиҳалар муҳокама этилди. Келишувга биноан ўзбекистонлик исломшунос тадқиқотчилар Оксфордда таҳсил олиб, илмий-тадқиқотлар ўтказади. Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази билан ҳамкорликда Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний сингари алломалар асарлари инглиз ва ўзбек тилларида нашр этилади. Буюк Британия кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган Ўзбекистонга оид маданий мерос объектлари, ноёб қўлёзмаларнинг нусхалари олиниб, тадқиқ этилади.
– Ўзбекистондаги ислом илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик биз учун катта шараф, – дейди Фарҳан Низомий. – Президент Шавкат Мирзиёевнинг маърифий исломни ўрганиш ва тарғиб этиш ҳақидаги таклифларини юқори баҳолаймиз. Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази Ўзбекистонда янги ташкил этилган марказларнинг Европа ва Америкага чиқиши учун воситачи бўлишга тайёр.
Шунингдек, Буюк Британиянинг қадимий Бодлеан кутубхонаси, Сейнт Жонс коллежи, Фан тарихи музейи, Ашмолеан музейида учрашувлар бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати, Сейнт Жонс коллежида сақланаётган қадимий қўлёзма манбалар орасида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий”, Мирзо Улуғбек ёзган “Зижи Кўрагоний” асарларининг нодир нусхалари сақланмоқда. Келажакда юртимиздан Оксфордга борадиган мутахассислар бу манбаларнинг фотонусхаларини олиш ва тадқиқ этиш билан шуғулланади.
Ўзбекистонга оид хорижда сақланаётган маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази таклифига асосан Оксфорддаги Фан тарихи музейи директори доктор Аккерман билан музей фондида сақланаётган нодир экcпонат – Мирзо Улуғбек глобусининг нусхасини тайёрлаш бўйича келишувга эришилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бундай учрашув ва мулоқотлар, ҳеч шубҳасиз, юртимиздаги марказларнинг халқаро миқёсдаги нуфузи ва обрў-эътиборини янада оширишга, Ўзбекистон ислом илми ва маданиятининг бешиги, деган шарафли мақом халқаро миқёсда яна бир бор эътироф этилишига хизмат қилади.