Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилаётган 10-16-апрель кунлари бўлиб ўтадиган “Ёш ватандошлар” фестивали олдидан 7 апрель куни матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда фестивалнинг мақсад- вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида давом этадиган мазкур фестивал юртимизда илк бор Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизни замонавий Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, урф-одат ва анъаналари билан яқиндан таништириш, уларни амалга оширилаётган ислоҳотларга жалб қилиш ва тажрибаларидан унумли фойдаланиш, инвестиция киритишга тарғиб қилиш, шунингдек, ёшлар ўртасида ўзаро мулоқот муҳитини яратиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Фестивалда Америка Қўшма Штатлари, Россия, Япония, Туркия, Покистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби 18 дан зиёд мамлакатлардан 70 нафар ўзбекистонлик ёшлар ташриф буюриши кутилмоқда. Анжумаанда тўрт юз нафар ёшлар иштирок этиб, жамиятимиз ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида рўй бераётган ўзгаришларга гувоҳ бўлиб, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлишади.
“Ёш ватандошлар” фестивали тадбиркорлик, туризмни ривожлантириш, илм-фан ва ахборот технологиялари йўналишларида иш олиб боради. Мазкур йўналишларда давра суҳбатлари уюштирилиб, унда чет элда муваффақиятли фаолият олиб бораётган, илмий салоҳияти юксак бўлган ёшлар тақдимоти ўтказилади, шунингдек, юқори тажрибага эга бўлган давлат вакиллари билан фикр-мулоҳазалар алмашишади –дейди, Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Камолиддин Бекназаров.
Ж. Саъдуллаев тайёрлади.