Фарзанд туғилса, оила қанот қоқади. Жигарбанд билан бирга эзгу тилак, орзу-ҳавас, ҳаракат ва баракат туғилади. Янги меҳмон кириб келган хонадон гўё нурга тўлади. Оила гулшани янада кўркам ва ардоқли бўлади. Дарҳақиқат, оиланинг суянган тоғи, Ватанннинг келажаги – фарзанд! Ота-бобомиз «Ўғил болани белимнинг қуввати, қиз болани кўзимнинг нури» дея суяди. Одам Атою Момо Ҳаводан мерос бахту тахт, шодлигу омонлик – шу! Ҳамма-ҳаммасига кўнгил ёғдуси билан безанган никоҳ ҳамда оила гулшани билан эришилади. Муқаддас жуфтликнинг, бирликнинг бебаҳо ва беқиёс бойлиги – кичкинтойларни момоларимиз биринчи бор чўмилтираётиб, сувга бир чимдим тупроқ ва туз ташлайдиларда, «Тупроқдек оғир, туздек азиз, сувдек сероб бўлгин», – дея суядилар.
Момоларнинг билгани билган! Сув покизалик, тупроқ вазминлик, туз азизлик тимсоли. Ана шу қутлуғ тупроқ тўйинтиради, кийинтиради ва таъмини ҳис қила билсин дея тузни ҳам ўзи беради. Юртимизда туғилган ҳар бир гўдак тупроқдек оғир ва қутлуғ, туздек азиз ва беқиёс, сувдек сероб ва улуғвор бўлаверсин. Оналаримиз қалбида осудалик, оталаримиз чеҳрасида нур, уйимизда файз, юртимизда маъмурлик ва мамнунлик балқийверсин. Шунда хонадонларимиз чароғон, элимиз омон, юртимиз тинч бўлади.
Бироқ кейинги пайтда на фақат тўйлар, балки оила даврасида нишонланадиган туғруқхонадан олиб чиқиш маросими ҳам жуда дабдаба билан ўтказиляпти. Кетма-кет сигнал чалган машиналар. Туруқхона олдида карнай-сурнай, видео тасвир олувчи операторлар, фотографлар ва «қарсак чалиб турувчилар»… Эндигина қаддини ростлаган она учун, чақалоқнинг саломатлиги учун ушбу дабдабалар шартмикан? “Камтарга камол, манманга завол”, дейди халқимиз. Бу манманлик, босар-тусарини билмаслик эмасми?
Никоҳ тўйларида эса дабдабозлик янада кучли. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, тўйларни тартибга солиш ҳақида йўл-йўриқ, кўрсатмалар берди. Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида сенаторлар (2018 йил 30 март куни)кўплаб қонунларни маъқуллаш билан бирга “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорни қабул қилдилар. Тўй, маърака ва оилавий маросимлар ўтказилишини тартибга солишга оид жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилиб, унинг таркиби тасдиқланди.
Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида оилавий тадбирларни ўтказиш борасида шаклланган ўзига хос урф-одат ва анъаналарни чуқур ўрганиб чиқиш, уларни ОАВ, шу жумладан интернет нашрларда фаол муҳокама қилинишини ташкил этиш, муҳокамалар якуни бўйича асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ва лойиҳани Олий Мажлиси Сенатига кўриб чиқиш учун тақдим этиш Ишчи гуруҳининг асосий вазифаси этиб белгиланди.
Шунингдек, Сенатнинг ушбу қарори билан тегишли давлат ва нодавлат ташкилотларига мазкур масалаларни чуқур ўрганиб, Ишчи гуруҳга асослантирилган таклиф киритиш топширилди.
Мазкур қарорни қабул қилишдан мақсади аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва фикрлар инобатга олиниб, мазкур масалани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилишини янада мукаммаллаштириш иборат.
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги “Феруза” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган тадбирда Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола” маркази раҳбари Раъножон Зарипова ва Тошкент шаҳар “Билим” Ахборот-кутубхона Маркази директори Ҳафиза Каримова Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида қабул қилинган қонунлар ва тўйларни тартибга олиш ҳақида батафсил маълумот бердилар. Тўй ва маросимлар, шунингдек мутолаа маданиятини юксалтириш борасида маҳалла аҳли билан фикрлашиб олдилар.
Йиғилиш қатнашчилари сўзга чиқиб, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ихчамлаштириб ўтказиш таклифини маъқулладилар ва ўз фикрларини ҳам билдирдилар. Шунингдек, маҳалла зиёлилари ёрдамида фуқаролар йиғини идорасида кутубхона ташкил этиб, маҳалладошлари ўртасида китоб мутолаасига эътибор қаратишаётганини таъкидлашди.
Кекса педагог Тошкент Давлат аграр университети доценти Насиба Нодиралиева маърака маросимлари ҳақида шундай фикр билдирди: “Бизнинг ёшлигимизда таъзия ошлари аёллар учун уйда, эркаклар учун эшик олдидаги тўйхонага мўлжалланган махсус майдончада ўтказилар эди. Камтарона дастурхон ёзиларди. Бугунги кунда ким ўзарга маърака ўтказишадиган бўлишди. Дастурхонга тортиладиган нарсаларни ҳам эътиборга олиш керак. Дабдабаларга чек қўйиш керак».
Маҳалладаги 54- уйнинг етакчиси Нодира Турсунова пойтахтимиздаги тўйҳоналарни ҳам назоратга олиш лозимлиги, тўйхоналарнинг эгалари 150 нафар киши иштирокидаги тўйда икки баробар қиммат нархда ҳисоб-китоб қилаётганларини билдирди.
Дархақиқат, тўйларнинг ихчам ўтишидан энг манфаатдор бўлмаган қатламларнинг бири санъаткорлар, иккинчиси тўйхона эгаларидир. Санъаткорлар тўйларда аввало ўз хизматларини реклама қилишади. Тўйда қанча кўп киши иштирок қилса шунча кўп даромад олиш имконияти пайдо бўлади. Яна улар: «Халқимиз мана шундай гўзал, ҳашаматли тўй ўтказаверсин, биз хизмат қилиб чарчамайлик», дея ҳашаматли базмларга даъват қилишади. Албатта, буни маҳалла аҳли таъкидлаганидек тартибга солиш керак.
Тўйхона масалаларига келсак, Республиканинг барча вилоятларида бу тадбирлар турлича нишонланади. Масалан, вилоятларнинг баъзи туманларида тўйхонадан жой берилади, халос. Ошпазу- хизматчиларни тўй эгасининг ўзи олиб келади. Бу тўй эгасининг чиқимларини бироз енгиллаштиради, бу таклифни атрофлича ўрганиб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Муҳокамада иштирок этаётган маҳалла хотин-қизлар қўмитаси раиси Роҳат Абдухолиқова шундай деди: “Маҳалламизда биргина тўйхона бор, улар билан доимо ҳамкорликда ишлаб келамиз. Улар маҳалла аҳлига ҳамиша енгиллик яратишга интилишади. Эндиликда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини ўз масканларида жойлашган тўйхоналарни назоратга олса бундай муаммолар чиқмаслиги тайин.”
«Маҳалламиз тумандаги энг катта масканлардан бири. Унда кўплаб миллат вакиллари дўстона яшайди. Тўрт ярим минг нафар оила истиқомат қилади. Тўйларнинг ихчам ўтишидан энг манфаатдор бўлмаган қатламлардан бири санъаткорлар, бири тўйхоналар. Иккала томон тўйхонага қанча кўп киши қадам ранжида қилса шунча кўп даромад олади. Улар халқнинг тўйлари эвазига фаровон турмуш кечириб, ҳашаматли уйлар қуришади. Бироқ, бир-бири билан «беллашиб» дабдабали тўйлар ўтказиб қарзга ботиб қолаётган оилалар етарлича топилади. Тўйлар ҳам бизнинг миллий, гўзал қадриятимиз. Маҳалламизда миллий қадриятларни мутолаа маданияти орқали янада юксалтиришга интилаяпмиз. Бу масалага тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни ҳам кенг йўлга қўяпмиз. Халқимиз кенгашли тўй тарқамас» деган матални бежиз айтмаган.-деди маҳалла раиси Алишер Муродов.
Мунозараларга бой ва қизғин ўтган тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди тасдиқлаган лойиҳа асосида уюштирилди.
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист