АҚШ Давлат департаменти томонидан амалга оширилган «Кутубхона бошқаруви ва менежменти» дастурига асосан Жорий йилда Ўзбекистонлик бир гуруҳ кутубхона соҳаси вакиллари хизмат сафарида бўлиб қайтдик.
Хизмат сафари таассуротларини дунёда энг йирик кутубхоналар қаторидан ўрин олган Америка Қўшма Штатларининг Конгресс кутубхонаси тарихи ва бугуни ҳақидаги қизиқарли маълумотлардан бошламоқчиман.
Конгресс кутубхонаси 1800 йилда АҚШ президенти Джон Адамс томонидан АҚШ пойтахтини Вашингтонга кўчириш тўғрисидаги қонун имзоланган йили ташкил топган. Унинг бошланғич фонди 740 китоб ва 3 та харитадан иборат бўлиб, у Капитолий биносидан жой олган эди. 1814 йил августида Британия қўшинлари бостириб келиши натижасида, бинога ўт қўйилиб, кутубхона вайрон қилинган. Бу пайтларда АҚШнинг президенти Томас Джефферсон истеъфога чиқиб, Монтичеллода яшаётган эди. У вайрон бўлган кутубхона ўрнига ўзининг шахсий кутубхонасини тақдим этади. 1815 йил январида Конгресс Джефферсоннинг 6487 та китобдан иборат коллекциясини сотиб олиш учун, 23.950 АҚШ доллорини ажратади. Шу билан миллий кутубхонага асос солинади. Джефферсоннинг Америкада қонуний ҳукумат учун барча мавзулар аҳамиятли бўлиши лозим, деган таълимотига кўра кутубхона ўз фондини кенг қамровли бутлашни асос қилиб олган. Икки марта вайроналик келтирган ёнғин ва Капитолийдаги жой танқислиги сабабли, Конгресс ўз кутубхонаси учун янги алоҳида иморат қуриш ҳақида қарор қабул қилиши натижасида 1897 йил 1 ноябрда очилган янги Конгресс кутубхонаси бебаҳо миллий ёдгорлик сифатида тан олинган. 1980 йилда кутубхона тарихига қўшган улкан ҳиссаси сабабли унга Томас Джефферсон номи берилди. Ҳозирги иморатнинг иккинчи қаватида Томас Джефферсон кутубхонасига бағишланган кўргазма жой олган.
Конгресс кутубхонаси – АҚШнинг миллий кутубхонаси бўлиш билар бирга илмий тадқиқот маркази ҳам ҳисобланади. Кутубхонанинг ресурслари жуда улуғвор. Дунёдаги 470 дан ортиқ тиллардаги тадқиқот материаллари мавжуд, ҳар йили олинган китобларнинг учдан икки қисми инглиз тилидан бошқа тилларга таржима қилинади.
Кутубхона АҚШда нашр этилган китоблар, хариталар, чизмалар ва диаграммаларни икки нусхада олади ва муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоялайди. Кутубхона “Америка фольклор маркази”, “Америка хотираси” каби лойиҳалар орқали саводхонлик ва Америка адабиётини тарғиб қилади.
Конгресс кутубхонаси фонди 150 миллиондан ортиқ объектни ташкил қилиб, кутубхонанинг асосини китоблар, босма нашрлар, овозли ёзувлар, фото нусхалар, харита, нота, кинофильмлар ва қўлёзмалар ташкил этади. Буларга Американинг давлат арбоби Томас Джефферсон тўпламидан тортиб, энг янги материалларни ўз ичига олган замонавий маданият намуналари киради.
Шунингдек, 32 миллиондан ортиқ каталоглаштирилган китоблар ва бошқа босма материаллар сақланади. Жумладан, 61 миллиондан ортиқ қўлёзмалар; Шимолий Америкадаги энг ноёб китоблар тўплами, Мустақиллик Декларациясининг лойиҳаси, 1 миллиондан ортиқ АҚШ ҳукумати нашрлари, сўнгги уч асрда жаҳон газеталарининг 1 млн. 33000 та тўплами, 500000 микрофильмлар, жами 6000 дан ортиқ номдаги, 120 мингдан ортиқ мавзулардаги романлар тўплами, фильмлар, 5,3 миллион харита, 3 миллион овозли ёзув, 14,7 миллиондан зиёд фотосуратлар, ноёб ва машҳур санъат асарлари ва меъморий чизмалардан иборат.
Кутубхона муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш жараёни бўйича қонуний институт сифатида фаолият олиб боради. Муаллифлик ҳуқуқини олган ноширлар ўзларининг барча асарларининг тўлиқ нусхасини кутубхонага тақдим этиш тартиби ўрнатилган. Бу талаб мажбурий депозит деб номланади. АҚШда нашр қилинган қарийб 15000 та янги мақола кутубхонада ҳар иш кунида келиб тушади. Кутубхона ушбу асарларнинг барчасини доимий тўпламда сақламайди, гарчи кунига ўртача 12000 та ресурсни қўшсада, рад этилган ёки кам сўраладиган қисми дунёдаги бошқа кутубхоналар билан савдоларда, федерал агентликларга тарқатилган ёки Қўшма Штатлардаги мактабларга, жамоаларга ва бошқа ташкилотларга совға сифатида тақдим қилинади.
Шунингдек, Кўзи ожизлар ва имконияти чекланган фуқаролар учун алоҳида бинода Миллий кутубхона хизмати ташкил этилган. Брайл шрифти ва аудиоматериалларни ёзади, кўпайтиради ва тарқатади. 1990 йилдан бошлаб дастлабки рақамлаштириш ишлари бошланган, бу эса мактаб ва кутубхоналарга тарқатиладиган лазер дисклар ва CД ларда рақамли равишда фойдаланиш имкониятини яратади.
Маскур зиё масканининг18 та ўқиш залига ҳар йили 1,7 миллиондан зиёд меҳмонлар ташриф буюриши бизни жуда ҳайрон қолдирди. Бу ерда мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданиятини акс эттирувчи ўзбек тилидаги китоблар тўплами, фотосуратлар ва қўлёзмалар сақланишининг гувоҳи бўлдик. Айниқса дунё давлатлари тарихига, маданиятига оид адабиётлар залида шеърият мулкининг султони, бобомиз Алишер Навоийнинг ҳайкали ва ўзбек китобларидан иборат кўргазманинг ташкил этилганлиги бизни янада ҳайратга солди.
Америка кутубхоналар ассоциацияси нафақат Қўшма Штатларда балки бутун дунёда кутубхоналарни қўллаб-қувватловчи ташкилот бўлиб, 66 мингга яқин аъзолари бор. Уюшма 1876 йил 6 октябрда Филадельфияда ташкил этилган. Ассоциациясининг Вашингтондаги ваколатхонаси кутубхоналар ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ бўлган сиёсатни ва муҳим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мониторинг қилиш, шунингдек, мунтазам равишда мамлакатдаги қонунчилик ва қарорлар қабул қилиш жараёнларида кутубхоналарнинг фаол иштирокини таъминлаш билан шуғулланади.
АҚШда федерал ҳукумат томонидан кутубхона ва музейларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва иш фаолиятга жорий этиш билан бевосита боғлиқ бўлган IMLS институти мавжуд экан, унинг асосий мақсади – кутубхоналар ва музейларга инновацияларни жорий этиш, жамоатчиликни (барча ёшдагилар учун) ўқитиш ва аҳолининг маданий ва фуқаролик фаоллигини янада оширишда яқиндан ёрдам беришдир. Ушбу муассаса соҳадаги етакчи ташкилот бўлиб, илмий тадқиқот олиб боради, грантлар ажратади, кутубхоналар ва музейлар амалга ошираётган ишларни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, музей ва кутубхоналар ривожланишига ҳисса қўшиб, уларнинг маданий имкониятларини янада кенгайтиради, иқтисодий барқарорлигини ошириш билан бирга АҚШ президенти ва Конгресси томонидан фуқароларнинг ғояларини қўллаб-қувватлашини янада яхшилашга қаратилган режалари, сиёсати ва фаолияти ҳақида мазкур институтларга маслаҳат беради.
Сиэтл Халқ кутубхонаси Америка Қўшма Штатларидаги энг йирик шаҳар кутубхоналаридан биридир. Биз кутубхона тизимининг тузилиши ва ишлаш усуллари, маркетинг дастурлари билан танишдик. Сиэтл Халқ кутубхонасида ҳам фаолиятни молиялаштириб турадиган алоҳида жамғарма мавжуд бўлиб, у одатдаги назорат ва китобларни чиқаришдан ташқари дастурларни ва хизматларни молиялаштиришни ҳам таъминлайди. Шаҳар маъмурияти томонидан тақдим этилган маблағлар ҳам мавжуд
Маълумки, кутубхона фаолиятини янада такомиллаштиришда кенг жамоатчилик, атрофдаги турли корхона ва ташкилотлар ҳамкорлиги жуда муҳим ҳисобланади. Америкада ушбу йўналиш бўйича жамоатчиликнинг кутубхоналар тизими учун хайр-эҳсон тўплашда ва бу хайр-эҳсонларни бошқаришда ёрдам берадиган “Кутубхона дўстлари” клубининг беғараз хизматлари менда алоҳида қизиқиш уйғотди. У барча тадбирлар ҳақида маълумот берадиган ва бунинг учун маблағ тўплайдиган кўнгиллиларнинг оммавий ташкилоти ҳисобланади. Биз ушбу жамоатчилик ташкилотининг ўз вазифаларини бажара олиши учун кутубхона тизимининг имкониятларини қандай мустаҳкамлаш, фонд ташкил этиш сир-асрорлари ва тузилмаси тўғрисидаги фаолиятни ўрганиб, ўзимизда ҳам жорий этишни кўнгилга тугиб келдик.
Сиэтлдаги Кэпитол Хиллда жойлашган “Тошкент парки”га саёҳат пайтида ўз юртимизнинг рамзий белгилари, маданий қадриятлари улуғланганлигининг гувоҳи бўлдик.. “Тошкент – Сиэтл биродар шаҳар” уюшмасининг собиқ президенти жаноб Ден Петерсон ҳамкорлигида амалга оширилган ташриф чоғида Тошкент ва Сиэтл ўртасидаги алоқалар тарихи 1971 йилда бошланганини гапириб беришди. Ўша пайтда Аляска авиакомпанияси раҳбарияти таклифига биноан, Тошкент шаҳар ижроқўми раиси Воҳид Козимов ўзининг Иркутск ва Сочи шаҳридаги ҳамкасблари билан Сиэтлга ташриф буюради. Сиэтлнинг ўша вақтдаги мэри ва Козимов жуда яқин дўст бўлиб кетишади ҳамда икки шаҳар ўртасидаги биродарлик алоқаларини ўрнатиш ташаббуси туғилади. Натижада, 1974 йилда Сиэтлда “Тошкент парки” барпо этилганлиги, кейинчалик машҳур ҳайкалтарош Шарипо Яковнинг “Бахт қуши – Семурғ” композицияси ушбу паркнинг кўркига айланганлиги, ўзбекистонлик фуқароларимиз миллий қадриятларимизни, урф-одатларимизни шу рамзий масканга келиб нишонлаш маросимлари тўғрисидаги маълумотлар қалбимизни фахрга тўлдирди.
Кутубхона, музей, архив ва университетларга ташрифдан ташқари гуруҳимиз аъзолари учун маданий-маърифий тадбирлар ҳам уюштирилди. Фольклор ва Джаз ансамблининг концертлари бизларга Америка санъати ва маданияти билан яқиндан танишиш имкониятини берди. Бундан ташқари, америкаликлар оиласи томонидан уюштирилган меҳмондўстлик орқали маҳаллий халқининг турмуш тарзи, оилавий муҳити, қадимий анъаналари билан яқиндан танишишга эришдик.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Америка кутубхоналарида бевосита китобхонларни жалб этишга хизмат қиладиган клуб ва тўгараклар мавжудлиги, айниқса болалар ва ўсмирларнинг интеллектуал ривожланишида муҳим ўрин эгаллайдиган самарали тажрибалари бизга маъқул келди. Бундан ташқари, ижодий изланиш, чуқур таҳлил қилиш орқали кутубхоналар фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техника базасини замон талаблари асосида мустаҳкамлаш, янги илғор инновацион ғояларни иш фаолиятига жорий этиш, давлат бюджетидан ташқари маблағ билан таъминлаш мақсадида “Кутубхоналар ассоциацияси”, “Кутубхона дўстлари”сингари нодавлат нотижорат ташкилотлар тузишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
АҚШ Департаменти томонидан уюштирилган “Кутубхона бошқаруви ва менежменти” дастури йўналишларида олган бой таассуротлар асосида АКМ ўқув залида “Америка кутубхоналари тажрибасидан” мавзусида кўргазма ташкил этилди ва тақдимот тайёрланди. Республика ахборот-кутубхона марказидаги Директорлар кенгашида ва «Bilim» ахборот-кутубхона марказида тақдимотлар ўтказилди.
Энг ривожланган давлатлар кутубхоналарининг илғор иш тажрибаларини ўрганиш, ҳозирги кунда кутубхона хизматини жаҳон андозалари асосида таҳлил ва ташкил қилишга ёрдам беради, бундай тадбирларни режа асосида ўтказиб бориш эса соҳа ҳодимларини ўз устида ишлашга, мунтазам ижодий изланишга чорлайди, деган умиддамиз.
Ҳафиза КАРИМОВА, Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона маркази директори