Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи матбуот котибининг хабарига кўра, жорий йилнинг 6-май куни Ўзбекистон ҳамда Туркияда таҳсил олаётган Ўзбекистон ёшлари ўртасидаги “Дўстлик лойиҳаси” доирасида Ўзбекистон ёшлар умумжаҳон ассоциациясининг Туркиядаги вакилини сайлаш ҳамда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси маъсул ходимлари, шунингдек, Туркияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба-ёшлар билан учрашув ташкил этилди.
Мазкур учрашув доирасида Ўзбекистон Ёшлар умумжаҳон ассоциациясининг раиси Муродилла Алимбаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув Академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти директори Актам Жалилов ҳамда Туркияда магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар, ёш олимлар иштирок этдилар.
Ушбу йиғилишда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси вакиллари сўзга чиқиб, икки давлат ўртасидаги иқтисодий-сиёсий, ижтимоий ва таълим соҳасидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилганлигини, хусусан, Ўзбекистон ва Туркия давлатлари раҳбарлари ўртасидаги музокаралар ҳамда келишувлар тўғрисида гапиришди.
Йиғилиш сўнгида Ўзбекистон Ёшлар умумжаҳон ассоциациясининг Туркиядаги вакили этиб Эргаш Жумаев сайланди. У билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдириб, Туркиядаги Ўзбекистон ёшларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда уларнинг ўз мутахассисликлари бўйича зарур кўникмаларни эгаллашлари учун барча имкониятлар яратилишида кўмаклашишга ҳаракат қилишини таъкидлаб ўтди.