Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси, Адвокатлар палатаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси ва бошқа давлат ташкилотлар билан ҳамкорликда Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак!” шиори остида “Ҳуқуқий ахборот кунлари” ўтказилди.
“Ҳуқуқий ахборот кунлари”ни ўтказиш бўйича Хоразм вилояти ҳокимининг 2018 йил 24 апрелдаги 95-ф-сон фармойиши қабул қилиниб, тадбирлар режаси тасдиқланди.
Тадбирнинг дастлабки кунида адлия бошқармаси ҳамда мутасадди ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирокида 250 нафар ходимдан иборат 25 та ишчи гуруҳга ташкил қилинган ҳолда, тумандаги жами 50 та МФЙда ҳар бир хонадонга уйма-уй кириш орқали фуқаролар, яъни аҳолимиз билан бевосита мулоқот ўтказилди.
“Ҳуқуқий ахборот кунлари”нинг сўнгги кунида Қўшкўпир тумани хиёбонида ташкил этилган якуний байрамона тадбир “Ҳуқуқий сайл”га айланиб кетди.
Хиёбонга жойлаштирилган 30 та столда адлия бошқармаси, нотариуслар, ФҲДЁ ходимлари, адвокатлар, ИИБ, бандликка кўмаклашиш, давлат хизматлари агентлиги ходимлари томонидан тадбирга ташриф буюрган фуқароларнинг берган саволлари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 80 турдан ортиқ плакатлар, уларга тарқатилган 44 турдаги буклет ва 12 турдаги флаерларда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилувчи маълумотлар содда ва тушунарли шаклда намойиш этилди.
Тадбир давомида санъаткору раққосалар, ҳарбий хизматчилару каскадёр-ҳайдовчиларнинг чиқишлари ҳаммага бирдек манзур бўлди.
“Ҳуқуқий ахборот кунлари” якунида бу каби тадбирларни кейинчалик вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам доимий равишда ўтказиб боришга келишиб олинди.