Мустақил мамлакатимизда хорижий мутахассислар билан тажриба алмашиш анъанага айланган. Юртимизнинг кўплаб кутубхоначи-мутахассислари Корея, Россия, АҚШ, Германия каби мамлакатларда хизмат сафарида бўлишди. Тошкент шаҳар “Билим” Ахборот-кутубхона Маркази директори Ҳафиза КАРИМОВА билан Олмония кутубхоналари ва немис китобхони ҳақида суҳбатлашдик.
– Истиқлолдан кейин барча соҳалар каби кутубхоначилик соҳаси ҳам жадал ривожлантирилаяпти. Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона бунинг яққол намунаси. Айниқса, хизмат кўрсатишнинг юксаклиги, жумладан аъзо бўлишнинг жуда қулай тизими яратилгани барчага маъқул келяпти. Жаҳон кезган, дунё кўрган кишининг эса ҳайратлари янада кўп бўлиши, қиёслаш, солиштириш имкониятлари пайдо бўлиши билан аҳамиятлидир. Суҳбатимизни сафарнинг мақсад ва вазифаларидан бошласак.
– Сафаримиз мақсади – хорижнинг намунали тажрибаларини ўрганиб, юртимиздаги ахборот кутубхона ва ахборот ресурс марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, электрон кутубхоналар ташкил этиш жараёнларини янада тезлаштириш, ноёб адабиётларнинг сақланиши, реставратсия ва консерватсия жараёнлари билан яқиндан танишиш эди. Зеро, ҳар бир халқнинг ўзига хос гўзал тажрибаси бўлади. Бир сўз билан айтганда, тажриба алмашиш ва малака ошириш мутахассиснинг дунёқарашини кенгайтиради, қиёслаш, солиштириш имконияти пайдо бўлиши билан янада аҳамиятли бўлади.
Сафар давомида Берлин давлат кутубхонаси, унинг шарқшунослик ва китобларни рақамлаштириш ва реставратсия бўлими билан танишдик. Америка – Геденк кутубхонаси, Кутубхона фондларини сақлаш бўйича эксперт маркази, Гумболд номидаги Берлин университети кутубхонаси каби кўплаб маданий марказларнинг фаолияти билан яқиндан таниш имконияти бўлди ва уларнинг фаолиятини қиёсий ўрганиш бизга катта руҳият бағишаб, фикрат дунёмизни бойитди.
– Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот кутубхона фаолияти тўғрисида” Қонуни 2011 йил 25 мартда қабул қилинган бўлиб, соҳа ушбу қонун билан тартибга солинади. Уларнинг қонунчилик ва тизимни тартибга солиш асослари қай даражада?
– Германияда кутубхоначилик қонун-қоидарини тартибга солувчи ягона қонун қабул қилинмаган. Ҳатто, мамлакат миқёсида ҳеч қандай ҳуқуқий меъёрий ҳужжат ҳам мавжуд эмас. Мамлакатдаги ўлкаларда махсус ишлаб чиқилган тартиб асосида кутубхона хизмати йўлга қўйилган. Германияда қонун йўқлиги туфайли “Кутубхоналарнинг сиёсий уюшмаси” ташкил этилган. Уюшма ушбу соҳадаги давлат сиёсатини амалга оширади. Ҳозирги кунда икки хил уюшма мавжуд, яъни кутубхоналар ва кутубхона директорлари уюшмаси. Кутубхона уюшмалари бундан 60 йил аввал, директорлар уюшмаси эса 2 йил олдин ташкил этилган.
– Алишер Навоий номидаги республика Марказий кутубхонамиз энг етакчи маърифат маскани ҳисобланади. Уларнинг Марказий кутубхонасидан олган таассуротларингиз?.
– Германияда Миллий кутубхона даражасидаги кутубхоналар сони тўртта ҳисобланади. Уларнинг бири Франкфуртда жойлашган. Иккинчиси Бавария давлат кутубхонаси, учинчиси Берлин давлат кутубхонаси, тўртинчиси эса Гумболд университети кутубхонаси бўлиб, биз улардан иккитасини Берлин давлат кутубхонаси ва Гумболд университети кутубхонасининг иш тажрибасини ўргандик.
Берлин давлат кутубхонаси Европадаги энг катта ва қадимий қадриятларга эга кутубхоналардан бири ҳисобланади. Ушбу кутубхонага бундан 355 йил аввал давлат қироли томонидан асос солинган. Бу ерда шарқшунослик бўлими энг катта бўлимлардан бири эканлиги эътиборимизни тортди. У ерда ноёб китоблар, қўл ёзмалар сақланиши билан муҳим аҳамият касб этади. Демак шарққа оид китоблар кўплиги учун ҳам бўлим улуғвор. Бу ерда бизнинг мамлакатимизда яратилган Берлинга келиб қолган ва алоҳида Ўрта Осиёга тегишли бўлган қадимий қўлёзмалар ҳам мавжуд. Бундан деярли 100 йил аввал, 1919 йил шарқшунослик бўлими очилган. Бу бўлимнинг асосий йўналишлари – асарларни сақлаш, тарғибот қилиш ва сотиб олишдир. Бўлим Яқин Шарқ, Жанубий, Шарқий Осиё, Африка давлатларидан муҳим тадқиқотларга оид асарларни сотиб олишни уюштиради. Бу ерда 2,5 мингга яқин қўл ёзмаларнинг электрон шакли яратилган. Келажакда барча қўл ёзмаларнинг рақамлаштирилиши режалаштирилган, улар ҳам ушбу ишни биздагидек босқичма-босқич амалга оширишмоқда. Аҳволи оғир бўлган, аниқ асраб-авайлашга мухтож бўлган асарларни рақамлаштириш фаолияти алоҳида эътиборга молик. Бундай китобларнинг китобхонларга фақат электрон шакли берилади.
Шуни ҳам алоҳида айтиш керакки, жаҳон миқёсида алоҳида нуфузга эга бўлган яъни ноёб ҳужжатлар ҳақида “Ҳужжатларнинг тўплами” мавжуд. Бу маскандаги 3 та муҳим ҳужжатнинг ушбу тўпламга киритилганлиги уларнинг ютуғи эканлигини таъкидлашди.
– Бу ерда аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси бизнинг кутубхоналардан фарқ қиладими?
— Берлин давлат кутубхонасида аъзолик бадали бир ойга 12 евро, бир йилга эса 30 евро. Кутубхонага масофадан туриб ёзилиш учун хам албатта кутубхонага биринчи марта келиш керак бўлади. Чунки у пуллик. Бизда эса аъзо бўлиш, китобхонлик қилиш текин ҳисобланади. Бироқ менга уларнинг бир тажрибаси маъқул келди. Бу ерга аъзо бўлган киши мамлакатдаги барча кутубхоналарга ушбу маскандан берилган гувоҳнома орқали кира олар экан.
– Яна кайси иш услуби сизга маъқул келди.
– Китоб сақлаш бўлимидаги ажраткичларга эътибор бердик. Турли ранглардаги ажраткичларда китоблар тартибига кўзимиз тушди. Бу ранглар нимани англатиши барчамизни қизиқтирди. Қизил ранг ўқув залига яъни китобхонларга буюртма асосида берилган китобларни билдирар экан. Яшил ва зангори ранг – китобхонларнинг буюртмаси асосида уйга берилиши мумкин бўлган ва берилган китоблар экан. Сариқ ранг – шикастланган, реставратсияга мухтожлиги бор китоблар бўлиб, жигарранг – йўқолган китоблар экан. Йўқолган китобларнинг кейинги тақдири билан қизиқдик. Улардан, қайсидир бўлимда ёки бошқа заҳиралар қаторига қўшилиб қолган деган жавоб олдик. Бу рангдаги китоблар билан доимий иш олиб борилар экан.
Уни ўзим ишлайдиган Тошкент шаҳар кутубхонасига ва барча АРМларга тадбик этиш мумкин деб ўйладим. Зеро, бу китобларни асраб авайлашга, мутахассисларни масъулият билан ўз ишига ёндошишга чорлайди.
– Гумболд университети кутубхонаси нега марказий кутубхона ҳисобланади.
– Дарҳақиқат саволингиз ўринли. Гумболд университети мамлакатдаги файласуфларнинг 3 та университетидан бири ҳисобланади. Бироқ, бу ерда мамлакатда ягона бўлган кутубхонашунослик бўйича билимлар назарияси ўргатилади ва докторлик унвони учун илмий ишлар асосан шу ерда ҳимоя қилинади. Кутубхонашунослик кафедраси мавжуд бўлиб, профессорлар фаолият олиб боришади. Шунингдек, бу ерга давлат миқёсидаги тажрибали мутахассислар ҳам дарс ўтиш учун жалб этилади. Университетда бакалавр бўйича 2 та, магистратура бўйича ҳам 2 та йўналиш мавжуд.
– Марказий ва ҳудудий давлат кутубхоналарининг ўзаро алоқасига эътибор бердингизми?
– Марказий ва ҳудудий давлат кутубхонаси фондларининг сақланиши бўйича эксперт маркази билан ҳам танишдик. Марказ Кенгаши 3 йўналиш бўйича фаолият олиб борар экан. Бу ерда кутубхоначилик фаолиятига оид махсус замонавий техникалар ўргатилади, Қадоқлаш, пўпанак босиши каби заҳиранинг сақланишига салбий таъсир этувчи омилларга оид масалаларни ўргатувчи ўқув курслари мунтазам уюштирилади. Хуллас, узлуксиз мутахассис малакасини оширилишига кўмаклашилади.
Шунингдек, омма билан ишлаш яъни уларга ахборот ва маълумот етказиш ҳамда қизиқарли маълумотларни йиғиб кутубхона сайтларига жойлаштириш ҳам уларнинг вазифасига киради.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институти кутубхонаси асосан ногиронларга ва кўзи ожиз фуқароларга хизмат кўрсатади. Бу ерда “Компас китоби” мавжуд бўлиб у кўзи ожиз ва қулоқи эшитмайдиган кишилар учун махсус техника ва технологиялар билан жиҳозланган экан. Ҳатто уларнинг электрон шакли онлайнга қўйилган экан. Бу дегани ногиронлар замонавий техникалардан фойдаланиб, интернетдан ҳам фойдаланиша олишар экан.
Кутубхона асосан “Инсонларнинг миллий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш”га оид маълумотларни тўплайди ва тарғибот қилади. Фақат Германия аҳолиси учун мўлжалланган. Бу тизим 2002 йилда тузилган. Инглиз тилида иш юритилади.
– Ҳудудий кутубхоналаридан олган тассуротларингиз?
Трептов – Копеник туман кутубхонаси ўз ҳудудидаги 153 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Кутубхона икки жойда жойлашган ва иккита бинодан иборат бўлган туман Марказий кутубхона ҳисобланади, Бу ерда китоб топшириш жараёни автоматлаштирилган. Кутубхона ёпиқ бўлганида ҳам китоб топшириш ва олиш имконияти йўлга қўйилган. Махсус аппарат хизмат қилади. Энг асосийси топширилаётган китоблар яна ўз жойига йўналишига қўйилади.
Пабло Неруда кутубхонасининг ўзига хос томони шуки, талабаларга имтиёзли, олимлар, пенсионерлар ва ишсизларга эса бепул аъзолик билети берилади.
Таҳлил натижаларига кўра охирги 10 йилда Германияда 60 фоизга кутубхоналарда хизматчилар сони қисқартирилган. Молиявий қийинчиликлар ва муаммолар пенсия ёшига етган ходимларнинг штатини қисқартириш билан ечилмоқда.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ҳар бир соҳанинг замон талаблари асосида фаолият юритиши учун ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибасини мунтазам кузатиб ва ўрганиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Мустақил Ўзбекистонимизда мана шундай хизмат сафарларининг ташкил этилиши, албатта биз каби соҳа мутахассислари учун қувонарлидир. Бизнинг сафар давомида олган таассуротларимиз, билим ва кўникмаларимиз иш жараёнида ўзининг ижобий натижасини беради, келгусида янги ғоялар ишлаб чиқишга, электрон кутубхона ва электрон каталог яратишда, хизмат кўрсатишнинг самарали усулларидан фойдаланишга мустахкам замин яратади, деб ишонч билан айтиш мумкин.
– Қизиқарли суҳбатингиз учун ташаккур.
Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист