Салима Абдураззоқова:Орзулар қанотидаги кексалик гашти

0
378
марта кўрилган.

Юртимиз ёшларини етук ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларни ватанпарварлик руҳида камол топишларини таъминлаш, иқтидори ва қобилиятларини тўла намоён этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш “Соғлом авлод учун” фонди жамоасининг муҳим вазифаларидан бирига айланган.

Шунингдек, фонд ёшларни маданий-маърифий тадбирлар орқали тарбиялаш ишларига улкан хисса қўшиб келмоқда. Жумладан, Республикадаги  барча “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги “Камалак жилоси” расмлар кўрик-танлови, мактабгача таълим муассасаси ва умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари жалб қилинадиган “Ер куррасида тинчлик” номли кўрик-танловлар бунинг яққол намунасидир.

Мазкур тарбиявий ишларнинг давоми сифатида Ўзбекистон Бадиий Академияси,”Соғлом авлод учун” фонди ҳамда Тошкент фотосуратлар уйи ҳамкорлигида Тошкент фотосуратлар уйида Абдураззоқова Салима Махмудовнанинг “Орзулар қай томон етаклар” номли шахсий расмлар кўргазмасининг тақдимоти ўтказилди.

 Тақдимотни “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия  фонди раҳбари Светлана Турсунходжаевна Иномова қисқача табрик сўзи билан очди.  Шунингдек, тадбирда амалий санъат намоёндалари, мухлислар ўз фикр-мулоҳазалари билан қатнашдилар. Кўргазма иштирокчилари санъат асари намуналарини қизиқиш билан томоша қилдилар. Кўргазмада рассомнинг портрет, пейсаж, натюрморт ва саҳна жанрларидаги турли-туман асарлари тақдим этилди. Ёрқин рангларга бой асарларда муаллифнинг она юртга, бетакрор табиатга, захматкаш халкимизга бўлган юксак туйғулари, меҳру муҳаббати ўз ифодасини топган бўлиб, ёшларни эзгуликка чорлайди..

Кўргазма муаллифи Салима опа Абдураззоқованинг ўз туйғуларини ифода этиш ва шахсий мукаммалликка элтувчи йўлларни излаб биринчи бор 65 ёшида қўлига мўйқалам олганлиги таҳсинга лойиқ. Шунингдек, бу ҳолат инсонлар ҳаётида  жуда наёб ҳодиса! Салима опанинг ўзи  бу ҳолатни “орзулар қанотидаги кексалик гашти” деб ифодалайди.  Олтмиш беш ёшида бошлаган  изланишлари у кишига омад келтирди. Ҳаётга бўлган завқ-шавқиини оширди, интилишини кучайтирди, ухлаб ётган исътедодини уйғотди, руҳиятини юксалтирди. Ҳаётга, санъатга бўлган муҳаббати мўйқалаиларда  қайта жонланди.

Муаллифнинг бетакрор ижодидаги етакчи мавзулардан бири – қуёш нурларига тўйинган она табиатнинг матодаги ифодасини ранг-баранг олам, турфа гуллар, она юрт неъматлари орқали акс эттириш ҳамда инсонларга табиат билан мулоқотлашиш бахтини улашдир.

Кексалик гаштини сураётганида ҳаётида янги бурилиш ясаган, ўзлигини, иродасини, ижодкорлигини намоён қилган Салима опа Ўзбекистон Бадиий академиясининг марказий залида 2000 ва 2005 йилларда ташкил этилган дастлабки муаллифлик кўргазмалари орқали муваффақиятга эришганди. Шунингдек, 2010 йил Тошкнт шаҳридаги “Зарқайнар” миллий санъат марказида ташкил этилган кўргазма ҳам санъат ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинган эди.

Салима ая ёшларга ибрат қилса арзийдиган ҳаёт кечираётганлигини ва одамларга завқ-шавқ бағишлаш йўлида ҳамон изланишда, интилишда эканлигини куни кеча намойиш этилган кўргазма яна бир бор  намоён қилди.

Салима опа Абдураззоқова Ўрта Осиё Давлат университети (бугунги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)нинг шарқшунослик факультетини битирган. Олий муассасани тамомлагандан сўнг собиқ ЎзССР Фанлар Академиясининг илмий ходими сифатида фаолият юритган. 1970 йилдан 1986 йилгача Ўзбекистон амалий санъат музейининг директори лавозимида фаолият олиб бориб, музей заҳирасини бойитишга ҳамда амалий санъат ривожига,  моҳир санъат усталарини қўллаб-қувватлашга улкан хисса қўшган заҳматкаш инсондир.

Намунали ҳаёт кечираётган меҳрибон бувижон ва заҳматкаш ижодкор Салима опа Абдураззоқовага файзли интилишларида қут-баракатлар тилаб қоламиз.

Жавлон САЪДУЛЛАЕВ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.