25 май куни Бухоро шаҳрида «Ипак ва зираворлар — 2018» фестивалининг тантанали очилиши бўлиб ўтди.
Унда шаҳарнинг тарихий “Арк” қўрғони олдидан то Кўкалдош мадрасасигача Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Қашқадарё, Фарғона вилоятларидан ташриф буюрган ҳамда Бухоро вилоятининг барча фольклор жамоаларининг ўз ҳудудига хос жозибали чиқишлари намойиш этилди.
Тантананинг ранг-баранглиги, айниқса, фестивални кўриш ва унда иштирок этиш учун ташриф буюрган хорижий меҳмонларда катта тассурот қолдирди, гўё уларнинг юзларида қуёшнинг нури балқиди.
Ушбу фестивалнинг “Ипак ва зираворлар” деб аталгани бежиз эмас, чунки, оламнинг барча гўзаллигига, халқимизнинг буюк ижодкорлигига уч кун давомида шу ерда гувоҳ бўлиш мумкин.
Кўкалдош мадрасасининг ҳовли қисмида либослар кўргазмаси намойиши бўлиб ўтди. Кўргазманинг очилиши карнай-сурнай садолари остида бошланиб, ўзбек санъат вакиллари томонидан чиройли куй ва қўшиқлар ижро этилди, ундан сўнг театрлаштирилган саҳна кўриниши билан давом этди.
Тадбирда нафақат ўзбекистонлик чеварлар балки, хорижлик меҳмонлар ҳам ўзининг муаллифлик либослари билан иштирок этишди. Бундай кўргазма ушбу фестиваль доирасида илк бора ташкил этилди. Нозик дид усталари томонидан адрас, атлас, шойи, ипак матолардан яралган нафис либослар барчани хушнуд қилди.
Шунингдек, миллий атлас ва адрас матолар кўргазмаси ўзининг ранг-баранглиги билан томошабинларни лол қолдирди.
“Минораи калон” ҳовли қисмида зираворларнинг ярмаркаси ташкил этилиб, унинг ифори бутун Бухорони ўз кўрки-таровоти билан забт этди, барчага хуш кайфият бағишлади, қувонтиради.
“Ёшлар маркази” биносида эса фестиваль доирасида Халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда Бухоро вилоятида йил давомида бўлиб ўтадиган фестиваллар ҳақида вилоят хоким ўринбосари атрофлича маълумот берди
Бу ерда асосан маданий мерос объектларига туристларни жалб этиш, бой меросимизни дунё бўйлаб тарғиботини олиб бориш, кичик ва ўрта бизнесни хориж банклари ҳамкорлигида ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва шу орқали ёшларни иш билан таъминлаш масалалари борасида суҳбат бўлиб ўтди.
Хуллас, фестивал юртимизнинг ижодкорлик фазилатларини акс эттирадиган катта байрам шодиёналарига айланиб кетди.
Р. Сапоева