Жанубий Қозоғистон номи Туркистон вилояти деб ўзгартирилиб, қадимий ҳамда тарихий шаҳар Туркистон унинг маркази қилиб белгилангач, Чемкент шаҳрини алоҳида мегаполис сифатида ривожлантиришнинг истиқболли режаларини амалга оширишга киришилди.
Шаҳар ҳокимияти ташкил қилинди. Янги тайинланган ҳоким Габидулла Абдураҳимов республикада жорий қилинган Давлат хизматчилари куни байрами билан табриклаб, жами шаҳарликлар олдида турган вазифалар хусусида тўхталди: “Мамлакатимизда учинчи миллионли шаҳар сифатида эътироф этилган Чемкентни ҳар жиҳатдан Остона ва Олмаота шаҳарлари даражасига етказиш учун барча имкониятларни яратиш лозим” деди у.
Шунингдек, ҳоким республика даражасидаги шаҳар мақоми берилиши муносабати билан давлат хизматчилари маошлари оширилиши, ҳамда моддий рағбатлантирилишини маълум қилди.
ЎзА