Ўзбекистон Президентининг Россия, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркия Президентлари билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида

0
177
марта кўрилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Хорижий давлатлар раҳбарлари Ўзбекистон Президентини туғилган куни билан самимий табриклаб, кўп миллатли халқимизга тинчлик,  тарақққиёт ва фаровонлик тиладилар.

Мулоқотлар чоғида мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, ижтимоий соҳани ислоҳ этиш ва иқтисодиётни либераллаштириш, қонун устуворлигини, хавфсизлик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида сифат жиҳатидан янги босқичда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишига, аҳоли турмуш даражаси ва сифатининг муттасил ошиб боришига хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти юритаётган вазмин ва конструктив ташқи сиёсатга, давлатимиз раҳбарининг хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, шунингдек, минтақамиз ва глобал миқёсда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қаратилган халқаро ва минтақавий ташаббусларига юксак баҳо берилди.

Жорий йил 22 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Марказий Осиёда минтақавий ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича махсус резолюцияси қабул қилингани минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва ишонч муҳитини шакллантириш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиб, кенг қўллаб-қувватланаётганидан далолат бериши таъкидланди.

Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларнинг долзарб жиҳатлари ва халқаро сиёсатга оид масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан мулоқотда Ўзбекистон – Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.

Ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида йирик инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари Россия Президентини футбол бўйича 2018 йилги Жаҳон чемпионати юксак даражада ўтказилгани ва унда Россия терма жамоаси муваффақиятли иштирок этгани билан самимий табриклади.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқотда олий даражадаги икки томонлама учрашувлар якунида эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни кенг кўламда амалга ошириш муҳим экани қайд этилди.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, аввало, савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва транзит, энергетика соҳаларидаги аниқ лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда маданий-гуманитар алмашувни кенгайтириш борасида томонларнинг интилиши қатъий экани таъкидланди.

Мазкур йўналишдаги ўзаро ҳамкорликнинг аниқ жиҳатлари шу куннинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Эсенмират Оразгелдиев билан учрашувида муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан мулоқотда қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлашга, стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган шахсий ҳиссаси учун самимий миннатдорлик билдирди.

Ўзаро савдо ҳажмининг жадал ортиб бораётгани, қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани, транспорт қатнови кенгайиб, мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ва ҳудудлари ўртасида фаол алоқалар ривожланаётгани, Қозоғистонда Ўзбекистон йили ма даний-гуманитар ва ишбилармонлик тадбирларига бой ўтаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан мулоқотда Тожикистон раҳбарининг Ўзбекистонга илк давлат ташрифига тайёргарлик кўриш ҳамда бўлажак олий даражадаги учрашувлар дастурини аниқ мазмун, жумладан, ўзаро манфаатли лойиҳалар билан бойитиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида барча имкониятларни ишга солишга, қўшма бизнес ташаббуслари ва ҳудудлараро алоқаларни қўллаб-қувватлашга, маданий-гуманитар алмашинувларни ҳар томонлама фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Давлатимиз раҳбари Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков билан узоқ муддатли ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини муҳокама қилди. Жорий йил март ойида Фарғона шаҳрида икки мамлакат Бош вазирлари раислигида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараолди ҳудудлари раҳбарлари кенгаши биринчи мажлисининг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди.

Томонлар кенг кўламли ҳамкорликни, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа соҳалардаги шерикликни ривожлантиришдан манфаатдор экани таъкидланди.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан телефон орқали мулоқотда Туркия раҳбарининг жорий йил апрель ойининг охири – май ойининг бошида Ўзбекистонга давлат ташрифи якунида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Туркиянинг етакчи компаниялари ва банклари иштирокида мамлакатимизда юқори технологик ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, энергетика, транспорт-коммуникация ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти хорижий давлатлар раҳбарларига самимий табрик учун миннатдорлик билдириб, ўз навбатида, дўст мамлакатлар – Россия, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркия халқларига тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик тилади.

Ўзбекистон Президенти номига кўплаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари, таниқли, сиёсий арбоблардан қутловлар келмоқда: 

– Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин;

– Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин;

– Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев;

– Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко;

– Арманистон Республикаси Президенти Армен Саркисян;

– Украина Президенти Пётр Порошенко;

– Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натх Ковинд;

– Индонезия Республикаси Президенти Жоко Видодо;

– Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко;

– Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев;

– Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян;

– Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён;

– Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазир Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён;

– МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев;

– Халқаро авиация қўмитаси раиси Татьяна Анодина;

– Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича делегацияси раиси Ивета Григуле-Петерсе.

Қутловлар келиши давом этмоқда.

GUJUM.UZ сайти таҳририяти ҳам муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевни таваллуд айёмлари билан муборакбод этади.
 


Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.