Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июль куни жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz сайтида.
Йиғилишда парламент ва ҳукумат аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари қатнашди.
Қонун устуворлигини таъминлаш ва жиноятчиликни жиловлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳани такомиллаштиришга оид 80 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинди. Ички ишлар идоралари тузилмаси тўлиқ янгиланди. Илгари барча ходимларнинг 60 фоизи шаҳар ва туман бошқармаларида, 40 фоизи жойларда фаолият юритган бўлса, бугунги кунда ходимларнинг 65 фоизи аҳолига яқин ишлаш учун маҳаллаларга йўналтирилди.
2017 йилда жиноятлар 2016 йилга нисбатан 16 фоизга, жорий йил 6 ойида эса 39 фоизга камайган. Лекин қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, талончилик, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларининг сони юқорилигича қолган.
“Агар ҳамма бирдек жон куйдириб, оилалар муаммоларидан тўлиқ хабардор бўлиб, уларни ҳал этишга кўмаклашган, жиноятчиликнинг барвақт олдини олганда эди, бугун натижалар умуман бошқача бўларди. Афсуски, жиноятчиликка қарши курашишда ҳалигача эскича ишлаш тизимидан воз кеча олмаяпмиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бу фаолиятга кўрсаткичларни олдинги давр билан таққослаш орқали баҳо бериб келмоқда. Аслида битта бўлса ҳам жиноят бўлгани ҳаммамизни ташвишга солиши керак”, деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда жиноятчиликни жиловлаш бўйича ишни бутунлай янгича тизимда ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. “Жиноят ҳақиқати ва адолати” деб номланган бу тизимга мувофиқ жиноят содир этилганлиги бўйича республикадаги масъул раҳбарлар жойларга борган ҳолда унинг сабабларини ўрганади, муҳокамасини ташкил қилади, шундай ҳолат такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўради, телевидение, радио ва газетада бонг уради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 июндаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан “Хавфсиз пойтахт” концепцияси жорий этилган эди. Унга кўра, Тошкент шаҳрида секторлар кесимида 73 та ички ишлар бўлими ташкил этилиб, аҳолига янада яқинлаштирилди. Ички ишлар органлари ходимлари, Миллий гвардия ва жамоатчилик вакиллари иштирокида туну кун 3 сменада иш юритиш йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбари Тошкентда бошланган мазкур амалиётни йил охиригача бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда ҳуқуқбузарликлар ва уларни содир этишга мойил шахслар ҳисобини юритиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Навбатчилик қисмларининг эскича услубда иш юритаётгани жиноят ҳақидаги хабарларнинг баъзан эътиборсиз қолишига ёки ҳисобдан яширилишига сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Шу боис Ички ишлар вазирлигининг Ахборот марказини Бош прокуратура таркибига ўтказиш, навбатчилик қисмларини республика бўйича ягона ахборот ва бошқарув тизимига бирлаштириш, ҳуқуқбузарликларни рўйхатга олишнинг электрон тизимини жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, ҳар бир ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фаолияти рейтингини жорий этиш вазифаси қўйилди. Рейтингда юқори ўрин олган раҳбар ва ходимлар мукофотланади, паст ўрин олганлар эса қатъий жазоланади.
“Ҳар бир жиноятнинг илдизигача етиб бориш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш керак. Акс ҳолда, жиноятнинг оқибатлари билан овора бўлиб юраверамиз. Бундай кайфият билан ишлашга йўл қўймайман”, деди Президент.
Аҳолига, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларга психиологик ёрдам кўрсатиш, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ҳар бир суицидга “фавқулодда ҳолат” деб қараб, тезкор чоралар кўриш, бундай хулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймасликка қаратилган психологик дастурлар ишлаб чиқиш, жонга қасд қилишнинг катта гуноҳлигини таъсирчан усулларда тушунтириш зарурлиги таъкидланди.
Ўғрилик, фирибгарлик ва босқинчилик билан боғлиқ жиноятлар таҳлил қилинар экан, профилактика, жиноят-қидирув ва қўриқлаш хизматлари фаолиятининг мутлақо қониқарсиз ташкил этилгани танқид қилинди. Жойларда қўриқлаш хизматидан фойдаланиш учун етарли шароит яратилмагани, шунингдек, айрим одамларнинг ҳуқуқий онги пастлиги, кўчаси, маҳалласидаги воқеа-ҳодисаларга бефарқлиги жиноятчиларга шароит яратиб бераётгани айтиб ўтилди.
Шу боис қўриқлаш хизматлари фаолиятини янги тизим асосида ташкил этиш, ахборот технологияларини тўлиқ жорий қилиш, давлат-хусусий шериклик асосида сервис кўламини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилнинг 6 ойида ёшлар олти мингдан зиёд жиноятга қўл ургани, таълим-тарбия ва бандликни таъминлаш борасидаги муаммолар бунга сабаб бўлаётгани қайд этилди.
“Мактаб ва коллежларни битириб, олий ўқув юртига кирмаган ёшлар эртага ким бўлишини чуқур ўйлашимиз, уларга бугун муносиб шароит яратиб беришимиз керак. Шу мақсадда “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурини қабул қилдик ва 800 миллиард сўм маблағни ёшлар тадбиркорлиги, бандлиги учун йўналтирдик. Бу маблағни, керак бўлса, яна кўпайтирамиз. Фақат энди уйма-уй юриб, ҳар бир ёш билан суҳбатлашиб, ушбу дастурнинг ижросини таъминлаш лозим”, деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилнинг 6 ойида рўй берган шундай ҳодисаларнинг 871 тасида 943 нафар одам ҳалок бўлган, яна кўплаб инсонлар жароҳатланган. Ҳайдовчи ва пиёдаларнинг билими, қоидаларга итоаткорлиги ва йўл ҳаракати иштирокчиларига ҳурмати пастлиги бунга сабаб бўлган.
Яна бир асосий муаммо – йўлларнинг аянчли аҳволи, дейилди йиғилишда. Йўл қуриш нархи Ўзбекистонга нисбатан Хитойда 6 баравар, Польшада эса 7,5 бараварга арзон. Лекин мамлакатимиздаги аксарият йўллар қониқарсиз аҳволда. Бу ҳам кўплаб йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқармоқда.
Шу боис 2018-2022 йилларга мўлжалланган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси тўлиқ ва сифатли бажариш, автотранспорт бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиш ва йўл ҳаракати қоидаларини қасддан бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда ички ишлар ходимларининг муомала маданияти, улар ўртасида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари учраб тургани муҳокама этилди. Шахсий таркибни тарбиялаш ва кадрларни ротация қилиш, ички ишлар органларининг таҳлилий-ҳуқуқий ва прогнозлаш фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Видеоселекторда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилди, вазифалар белгилаб берилди.