ТАИЛАНД  (Саёҳат очерки)

0
862
марта кўрилган.

Мактабда ўқиган кезларимизда ривожланаётган мамлакатлар дея ўргатилган Таиланд Осиё қитъасига кирсада биз Шарқликлардан тубдан фарқ қилади.

 Ўзбекистон мустақиллигидан кейин икки мамлакат ўртасида турли иқтисодий маданий алоқалар йўлга қўйилиб, у янада фаоллашганлиги, ўзига хос табиати, тиббиёти, турмуш тарзи ва дунё кўришга бўлган қизиқишимиз туфайли  у ерга интилдик. Шунингдек,  таиландликларнинг  ўзига хос халқона малҳамлари борлиги, Геннеслар китобига кирган Сиам боғлари мавжудлиги ва улар машҳурлиги биз дўстларни  у ерга чорлади..

 Дўстимиз  Раҳима опа мен туғилган кунимни бирор хорижда кўнгилли дўстлар даврасида ўтказишни орзу қилаяпман дея ташаббус кўтарди. Биз тўрт дугона йўлга отландик.

Таиланднинг маркази Бангкок аэропортигача Тошкентдан олти соатлик йўл экан. Кечаси самолётга чиқиб эрталаб манзилга етиб олдик. Самолётда йўловчи камлигидан бамалол ухлаб дам олиб етиб келдик. Белгиланган меҳмонхонага йўл олар эканмиз, шаҳарнинг ўзига хослигини томоша қилиб бориш завқли эди. Йўл чеккаларидаги ибодатхоналар ҳам дўконлар ҳам ҳатто ғиз-ғиз ўтаётган машиналар ҳам ранг-баранг ёрқин тилларанглар  билан безатилган. Йўл ўрталарида вафот этган президентига қўйилган хотирлаш жойлари ёрқин рангли гуллар билан чўлғанган. Мамлакат аҳли давлат раҳбарининг  хотираси учун бир йиллик матом эълон қилган экан. Деярли ҳар бир бекатда хотирлаш майдончаларини кузатиш мумкин. Бу ҳам халқнинг ўз етакчисига бўлган садоқатининг ўзига хос рамзи.

Фақат бир нарса бизнинг мамлакатга уйғун эди. Бу халқнинг очиқ чеҳра ва хушкайфият билан саволларга жавоб беришга интилиши шарқликларга ўхшаб кетарди. Биз буни меҳмонхонага келиб ухлаб қолганимизда яққол сездик. Келиб ювиниб олибмиз-у ухлаб қолибмиз. Бир пайт пилесоснинг гувиллаган товушидан уйғониб кетдим ва йўлакка чиқдим. Хонани тозалайдиган аёллар таъвози билан, қўлларини жуфтлаб саломлашди. Ва бир-бирига қараб тиржайиб қўйишди. Билдимки, атайлаб тозалагични ишлатишган ва бизни йўлга чорлашган. Биз саёҳат ишқибозлари меҳмонхонанинг айвонли ҳовлисида чой ичиб йўлга тушдик.

Уларнинг ўзига хос урф-одатлари бизни жуда қизиқтирди. Улар ҳеч қачон қўл бериб кўришмайди. Қўлни жуфтлаб тавози қилиб саломлашишади. Бошни эса жуда муқаддас билишади. Бировнинг бошига қўл тегизиш ёки силаш мумкин эмас. Бу ҳурматсизлик ҳисобланади. Ухлаб ётган кишининг бош томонига оёқ узатиб ўтириш ҳам мумкин эмас. Массаж қилиш зарур бўлса, узр сўраб рухсат олишар экан.

Шунингдек, бу ерда рамзлар шу даражада кўп-ки, эслаб қолиш амримаҳол. Сигирбошли одам ҳайкали наркобаронни билдирар экан.Улар бу рамзларни ана шу кулфатдан асрайдиган эзгулик деб англашар экан. Мушуклар-суюқоёқ қизларни ифодалар экан.  Шунинг учун улар мушукларнинг думини қирқиб, қўйишар экан. Кучук эса ичкиликбозликка рўжў қўйган одам тимсоли экан. Одамлар ўртасида ичкиликка кўнгил қўйувчилар  кўпаймасин дея итнинг ҳам думини қирқиб қўйишар экан. Шунинг учун улар уйида кучук, мушук асрашмайди. Бу ерда маймун бошли одам тимсоли акс этган ҳайкаллар ҳар қадамда учрайди. Улар наздида бу ҳайкал — қудратли аскар жангчи тимсоли бўлиб, у турган жой хавфдан холи бўлади деб ишонишади.

Уларнинг тафаккурида  эркакнинг руҳияти аёлнинг руҳиятидан юқоридир. Агар икки қаватли автобус бўлса аёллар одоб сақлаб эркакларнинг олдидан кеса ўтмаслик учун баландга чиқмайлар. Урф-одатлар бошқа, қонун бошқа албатта. Албатта булар қонунларда белгиланмаган, халқнинг ўзига хос урф-одатлари, ирим-сиримларидир. Мана шу тимсолларнинг аксариятини хон саройида кўриш мумкин.

Бангкок биз ўйлагандан ҳам катта шаҳар экан. Пойтахтда 5,5 миллион аҳоли яшайди. Унинг энг саёҳатбоп жойи бу ерда яшаб ўтган хонлар саройи бўлиб, уни  Олтин сарой (Гранд палас) деб аташади. Бу жой бизга “Анна ва қарол” фильмидан таниш. Дарҳақиқат, 4 гектар ерни эгаллаган сарой дабдабали ва ўзига хос бўлиб, тилла рангда жилоланади. Экскурсия етакчиларининг айтишича, бу ердаги безакларнинг 70 фоизи тилладан ишланган экан. Ўттиз битта  сарой ва павилионлардан иборат ушбу тарихий обиданинг меъморий тузилиши, безаклари бир бирини такрорламайди.  Айниқса, уларда турли маънони ифода қиладиган тимсоллар-ҳайкаллари бир-бирини мантиқан тўлдиради. Подшоҳ саройларининг эшиги тагида ёмонликдан асрайди деб ҳисобланадиган дев бошли, дев келбат жангчи рамзлар қўйилган. Аёллари яшайдиган саройлар олди гўзал сийратли ярми қиз ярми  қуш қўринишдаги фаришталар ҳайкаллари билан ясатилган. Яна бирида баҳайбат шер бошли одам-ҳайкаллар деворларга, гўё сарой аҳлига тиргавуч бўлиб турибди.

Энг қизиқарлиси бу ерга калта кўйлак, шўртикларда кириш мумкин эмас. Бу қадриятларга ҳурматсизлик ҳисобланади. Эшик тагида узун лозимлар, ўраладиган кийимлар сотилар экан. Биз сайёҳлар қуёш тафтидан қочиб узун-узун енгли кийимлар кийиб олган эдик. Улар бизнинг кийинишимизни кўриб хурсандлигини миннатдорлигини билдиришди. Албатта, борган мамлакатингизнинг урфу одатини ҳурмат қилсангиз бу яхши-да. Ўзининг халқи бу саройга гуррос-гуррос келиши, қўлида байроқча ушлаб бир жойга тўпланиши ва ибодатхонасига кириб ибодат қилиб шамчироқлар ёқишларини ҳайрат билан кузатдик.

Шунингдек, тарихий музейида бўлдик. Музей сўзи уларда ҳам музей деб ишлатилар экан.  Умуман уйғун бўлган интернационал сўзлар кўплиги яхши экан. Емакхонага, ресторанига кирсангиз чек десангиз улар дарҳол ҳисоб-китобни олиб келишади.

ПАТТАЙЯ. Эртасига биз умман бўйидаги курортлар шаҳри Паттайяга қараб йўл олдик. Йўллари жуда равон, машина қилт этмайди.  Ҳайдовчи йўл-йўлакай махсус масканларда тўхтаб, худди Ҳиндистондагидек йўл пулини тўлаб кетяпти.  Меҳмонхонадан бизга такси чақириб беришган, шофер анчагина сергап экан, инглизча, тайча гапириб имо- ишоралар билан сўзлашишга ҳаракат қиларди. Мен Таиланд,” сиз ким?” сўради бизга қараб. Ўзбекистон деган жавобни эшитгач, бирдан руҳланиб кетди: О бокс! Кубани ютди, деди у. Мамлакатимизни, бугун эрталаб эълон қилинган хабарни билишидан унинг бокснинг ишқибози эканлигини англадик.  Спорт мамлакатни жаҳонга танитишини яна бир карра ҳис қилдик.

 Йўлнинг икки чеккасидаги буғдойзор-у шолизорларни, полизларни кузатар эканмиз, далалар ўртасида ҳам санамлар қўйилиб безатилган жойлар мавжуд эди. Ҳар ер ҳар ерда санамларини ҳудди Ҳиндистондагидек безаб қўйишибди. Бу кўздан-суқдан асрайди деб тушинтиришади улар. Бу ердаги дарахтлар субтропик мамлакатларга хос бўлиб, мевалари ҳам бизнинг мевалардан анчагина фарқ қиларди. Деразадан лип-лип ўтаётган кокос, ананас, аждарҳо кўзи, бананзорлар,  папаязорлар эътиборни тортади. Улар ҳам ҳам ўзига хос гўзаллик  бахш этиб турарди.

Бизнинг мамлакатда инсон қўли билан етиштириладиган полиз сабзавотлари кўп. Бу ерларда эса бир экиб қўйсанг бас ўзи ўсиб ётаверадиган дарахтлар кўплиги билан ажралиб туради.  Инсон бирор жойга борса, албатта беихтиёр ўзининг қадрдон юрти билан таққослайди.

Йўлларнинг икки чеккасидаги ҳар бир бинонинг олдида мўъжазгина ибодатхоналар мавжуд бўлиб, худди Ҳиндистондагидек ёрқин ранглар, хушбўй гиёҳлар билан безатилган. Йўлбошловчининг айтишича, санамлар уларнинг худоси эмас. Улар аввал ўтган авлиёлар бўлиб, қудратли куч борлигига ишонишар экан. Бироқ ирим-сиримлари бирам кўпки, уларни худди ривоятдек эшитаверасиз.

Бу суҳбатларни тинглар эканман, жаҳон кезиш, турли халқлар билан, уларнинг турмуш тарзи билан танишиш, инсоннинг дунёқарашини ўстиришига ўз юртининг қадрини янада  чуқурроқ англашини ҳис этаман.

Паттайяга яқинлашган  сари баланд-баланд манзарали дарахтлар қийғос гуллаган магнолия дарахтларининг ранг баранглиги ва гулларининг хушбўй ифори дилни яйратади.

Ер ости музейи. Паттайяда рус туристик ташкилотлари жуда кўп экан. Рус тилида чоп этилган реклама қоғозлари ҳам талайгина, ҳатто русча-тайча сўзлашгичлар тузилган. Уларни магазинлар, ошхоналар олдида текинга олиш мумкин. У рекламаларга қараб бу ерда кўпгина магазинларга текинга такси чақириб берилишини тушиндик. Биз алоқа боғлаган ташкилот тўртта магазинга текинга олиб борди. Терини қайта ишлаб, сўмка тикадиган фабрика ва унинг магазинига, шунингдек, тери ва мехдан устки кийимлар сотадиган магазинга, Швейцария соатлари магазини ҳамда маржон ва кумушдан иборат зеб-зийнатлар магазини.

Бизга кумуш ва турли хил қимматбаҳо тошлардан тайёрланган зеб-зийнатлар магазинидаги хизмат жуда маъқул келди. Аввало бизни ер остидан ўтказилган темир йўлли  машинада  ғор — музейни томоша қилдиришди.   Бошловчи рус тилида манзараларга изоҳлар бериб борди. Таиландликларнинг антик даврдан бугунгача ҳунармандчиликни тараққий қилдириш йўлидаги сай- ҳаркатлари жуда чиройли ва содда қилиб ифода этилган эди.  Мамлакатда ҳунармандчиликнинг 9 тури ривожланган экан: тўқимачилик, заргарлик, терини қайта ишлаш, кулолчилик ва бошқаларини бир бир кўрсатиб ўтди. Дастлаб қимматбаҳо тошлар оддий йўл билан қазиб олинганлиги акс этган манзараларни тамошо қилдик. Бу борада тараққиёт ва  бугунги техника — технология бир-бир кўрсатиб ўтилди. Энг охирида тайёр маҳсулотлар залига келдик. У ерда турли хил рамзлар музейларда кўрганимиз, шоҳларга хос ва оддий кишиларга хос зеб-зинатларни намойиш қилишди. Ғор-музейдан кейин зеб-зийнатлар тайёрланаётган замонавий цехга олиб киришди ва ундан магазинга олиб чиқишди.  Савдо-сотиқда ҳам турли тилларни билувчи ходимлар ҳозиру нозир. Биз албатта рус тилида мулоқот қилдик. Сўнгра кофе, какао, чай билан мулозамат қилишди.  Яна бир хизмати бор экан. Агар маълум суммадан ортиқ нарса сотиб олсангиз аэропортда қисман қайтариб беришар экан.  Магазинда ҳам ҳаммасини гарантия бериб паспортларни олиб расмийлаштиришяпти.  Сўнгра яна тавозе билан эшиккача олиб келиб, машинага ўтказиб кузатиб қўйишди.

Бу ерда менга ёққани шу бўлдики: ҳам мамлакат тарихи, бугуни билан таништиришяпти ҳам тадбиркорликни  амалга ошираяпти. Маҳсулотини сотаяпти. Пировардида ташвиқот билан иқтисодиёт уйғунлашиб, мамлакатни таништириш ва иқтисодиётини кучайтиришга муносиб ҳисса қўшиляпти. Кейинги пайтда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга катта эътибор берилаяпти. Бу ўрганса арзийдиган тажриба экан. Бизнинг маданиятимиз ҳунармандчилигимиз жуда ранг-баранг ва улуғвор.

Сиам боғлари(Мини Сиам). Биз дунё мўъжизалари жамланган Паттайядаги Сиам боғларига бордик. У ерда Европа Америка, Автралия ва Осиё мамлакатларидаги ғаройиб обидалардан 40тасининг нусхалари акс этган. Масалан, сув ўртасига қурилган Американинг Озодлик ҳайкали, Парижнинг машҳур Эйфел телеминораси, Италиядаги антик даврга оид спорт ўйингоҳи, Миср пирамидалари, Австриядаги Жохан Страус хотирасига қўйилган манумент, Россиянинг Волгаград шаҳридаги Иккинчи жаҳон уруши аскарлари хотирасига қўйилган ёдгорлик, Канадаги ҳундулар давридан қолган қаср, Бразилиядаги Исо пайғамбарга қўйилган дунёдаги энг катта ҳайкал, Эрондаги оташпарастлар давридан қолган ёдгорликлар каби Хитой, Корея, Туркия, Британия, Белгия ва бошқа мамлакатларнинг машҳур обидаларининг нусхалари яратилган.

 Иккинчи томонида эса Таиланддаги ибодатхоналар, манзарали жойлар, қадимий обидалар, замонавий бетакрор қурилмалар, табиат мўжизаси бўлмиш ғорлар акс этган 57та зиёратжойлари ифодаланган.

Бу боғни кезиб дунёдаги машҳур масканлар билан танишасиз.  Таиландни эса янада яхшироқ билиб олишингизга кўмаклашади.  Инсон қўли, ақл-идроки билан яратилган мўъжизалар билан танишиб ҳайратланасиз. Уларнинг ҳар бирига тайча ва инглиз тилида изоҳлар берилган. Бу мўъжизалар билан танишар экансиз, беихтиёр Қурони каримдаги Оллоҳнинг “Инсонни ер юзига сарвар қилиб яратдим” деган сўзларини эслайсиз. Етти гектар ерни эгаллаган ушбу боғни тўрт соат айландик.

Ўша жойларда Ўзбекистондан ҳам ёдгорликлар бормикан деб роса изладик. МДҲ дан фақат икки жой киритилган эди. Бири Кремл майдонидаги саройлардан бири, иккинчиси Россиянинг Волгаград шаҳридаги иккинчи жаҳон уруши аскарлари хотирасига қўйилган ёдгорлик эди.

 Рус йўл бошловчиси Аня билан саёҳат. Рахима опанинг туғилган куни биз махсус экскурсия уюштирдик. Русларнинг туристик ташкилотидан Аня бизга  етакчилик қилди. У туристик ташкилотлар билан шартнома асосида ишлар экан. У бизни Таиланднинг қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариши, урф одатлари билан таништирди.

Саёҳатни ананас етиштириладиган далалардан бошладик.  У ўсимлик худди юртимизда айни кунда тропик мамлакатлардан келтирилган бўйи бир метрдан ошмайдиган манзарали ўсимликка ўхшаб ўсар экан.  Ананас меваси эса худди гулга ўхшаб ўсимлик ўртасида очиларкан. Бир тупдан 3-4 ананас олиш мумкин экан.

Уни алоҳида парваришлаш, суғориш  шарт эмас экан. Худди она қарнидаги гўдакка ўхшаб тўққиз ойда пишиб етилар экан. Плантацияни томоша қилгач, бизни ананас билан меҳмон қилишди.

Анянинг айтишича ананаснинг 30дан ортиқ тури бор экан. Лекин асосан учга бўлинар экан. Эркак ананас тўқ сариқ, аёл ананас оч сариқ, емишлик ананас  эса қаттиқроқ бўлиб у кўпинча консерва қилинади. Ананас кўчати 14 асрда Бразилиядан олиб келинган ва бойваччаларнинг дастурхонида бўлган, халос. Уч аср ўтиб, ёппасига кўпайтирила бошланган.  Ҳозир ананас плантациялари кўп бўлиб, мамлакат иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган экан.

Храм Сат Ян. Мамлакатда 41та тайча ибодатхона бор. Уларнинг еттитасида татировка қўйишади. Татировка орқали яхши овура очилади деб ҳисоблашади. Монахларда эса икки татировка мавжуд. Уларча қизил ранг рухларнинг рамзи ҳисобланади. Шунинг учун монахлар қизил рангли неъматларни истеъмол қилишмайди, дея тушинтирди Аня.

Уларнинг яна бир гўзал урф- одатини ҳикоя қилди. Монахлар хафа бўлса кўлга, табиат қўйнидаги сувларга боришар экан. Балиқларга узоқ тикилиб ўтиришади. Уларга емиш беришади. Асаби тинчлангунча  ўтириб яхши кайфият билан уйга қайтишади. Ёмон кайфиятда уйга кириб бориш мумкин эмас деб ҳисоблашади монахлари. Балиқли кўлмак ва диққатни тўплаб ўтириш овурани яхшилайди, атрофингдагиларга озор етказмайсан, деди улар.

 Монахлари худди  тибетликлар каби рўдапога ўралиб юришади. Бироқ у қизил рангда эмас, тўқ сариқ рангда бўлади. Шунингдек, улар қизил рангли меваларни ейишмайди. Масалан, бу ерда аждарҳо кўзи деб аталадиган қизил мевани ейишмайди.

Улар ҳам бутларга сиғинувчиларга ўхшаб, храмдаги маъбудларнинг олдига чўчқа боши, гуруч, балиқ, ичимликлар қўйишади. Бу қут-барака келтиради деб ҳисоблашади.

Эртасига у неъматлар ахлатга ташланади. Увол бўлади. Нима деймиз урф-одатда!  Тайландликлар одам дунёга етти марта келади деб ишонишади. Бу ибодатхонада расмга тушиш мумкин эмас. Ёмон рухлар юракингизга кириб қолади дейишади. Музейга кирганлар қўнғироқни бир ёки уч марта бонг уриб чалиш мумкин экан. Уни кўпайтириши ёки камайтириши мумкин эмас.

Сид Хаха ибодатхонаси. Уларда маъбудлар Исо пайғамбардек авлиёлар. Самода қудратли куч борлигига ишонишади, дея ҳикоя қилади Аня. Авлиё Сид-Хаха туғилмасдан бурун онаси туш кўради. Тушида турмуш ўртоғи яъни юрт подшоҳининг танаси олтинранг бўлади. Авлиёларни ҳузурига йиғиб, таъбирини сўрайди.  Туғиладиган фарзандингиз дунёга машҳур одам бўлади дейишди улар. Чақалоқ Ҳиндистонда онаси тушида кўрганидек танаси олтинранг тусда туғилади. Боши тухумсимон бўлиб, тепасида дўппайган нишона билан дунёга келади. У кун сари ўсиб улағаяди. Мўъжизаларга бой бола бўлади.

 Етти қадам ташласа ортида гуллар очилади. Гўдак юрган йўлларида хушбўй ифорлар таралади. У саройда камол топади. Мукаммал тарбия берилади. Бироқ ,  ҳеч қачон саройдан ташқарига чиқмаган бўлади. Йигирма уч ёшида биринчи марта саройдан ташқарига чиқади. Ана шунда камбағалларни, оч-ялонғоч кун кечираётган ночорларни кўради. У дарҳол тилла  аравадан тушиб, ночорларга ёрдамга интилади. У 29 ёшигача саройдан одамларга ёрдам бериш учун тез-тез чиқиб туради. Бироқ, бу йўл билан қашшоқликни, ёмонликни камайтира олмайди. У тенгликни, ҳамма гўзал яшашини истайди. Бироқ ундай имкониятни топа олмайди.

Ниҳоят дунёдан кўнгли қолиб, саройдан бутунлай кетиб кимсасиз чангалзорда яшай бошлайди. Тезда кучдан қолади, терисининг ранги ўзгаради. Ўзига келиш ва яна одамларга ёрдам бериш учун икки йилдан сўнг уйига қайтади. У саройга йигирма беш нафар авлиё бўла оладиган ёшларни тўплаб, уларга эзгуликдан дарс бериб яхшилик уруғини тарқатиш мақсадида мамлакат бўйлаб юборади.

Сид Хаха ибодатхонасида унинг туғилишидан тортиб охирги дамигача бўлган фаолияти етти даврга бўлиб акс эттирилган. Уни ухлаётган будда ҳам дейишади. У эрамиздан олдин 543 йилда яшаб ўтган дейилади ва мамлакатда 10 май унинг туғилган куни сифатида нишонланади.  Яна уни жисми ўлган ўзи ер юзини тирик кезади деб ўйлашади. Чунки, ҳаёти охирида дунёда одамлар тенг, бир-биридан кам бўлмасдан яшашлари учун ўзини қурбон қилади.  Еттинчи босқичда тилларанг ухлаётган маъбуд тасвирланган. Шунингдек, ушбу ибодатхонада бу дунёда гуноҳ иш қилаган кишилар нариги дунёда қандай жазоланишлари ифодаланган манзаралар ҳам акс эттирилган. Масалан, ўғрилик қилган одамнинг у дунёда қўли кесиляпти, харом-хориш юрган, қотиллик қилган, ёлғон гапириб бировга захмат етказган, товламачилик қилган одамнинг аҳволи нариги дунёда қандай жазоланиши тасвирланган.

Таиландликлар назарида маъбудлар Оллоҳнинг назари тушган,  гўзал хусусиятларга эга кишилардир.

Гиёҳлар боғи. Ундан чиқиб, таиландча анъанавий тиббиёт фабрикасига бордик. У ерда рус аёли бизга тайча дорилар қайси гиёҳлардан олишини кўрсатиб намунали боғни намойиш этди.  Кўпгина гиёҳлари ўзимизнинг юртдаги гиёҳларга ўхшайди. Тайёрлаш услублари ҳам деярли бир хил. Гиёҳли чой тайёрлаш усулларини  тушинтириб, чой билан меҳмон қилишди. Бу ерга келган сайёҳлар  ўзига керакли шифобахш гиёҳларни сотиб олишди.

Зираворлар фабрикаси. Ундан зираворларини таътиб кўрадиган фабрикасига бордик. У ерда денгиз маҳсулотлари билан меҳмон қилишди. Денгиз чиғаноклари 33 соат сувсиз яшай олар экан. Тозаланган ушбу жониворлар зираворлар билан ейилар экан. Уни пишириб ҳам ейиш мумкин. Бироқ тозалаб зираворлар қўшиб ейилса кони фойда эканлигини таъкидлашди. Хоразмда ижжон деган таом бор, шунга ўхшаб кетади. Фақат буларда иложи борича туз ҳам қўшилмас экан. Ижжонга эса туз билан ишлов берилади.

Тушлик. Меҳмонларнинг танавулига ҳам алоҳида эътибор берилади. Столга миллий ва европанинг турфа  таомлари, турли хил мевалари қўйилган. Ҳатто бу ерда бизнинг мамлакатда урф бўлмаган  илон, қисқичбақа, тимсоҳ шўрвалар, улардан турли хил овқатлар, салатлар тайёрланган. Миллий яхна ичимликлари ўзига хос эди. Таомларга инглизча ва тайча  изоҳлар берилган.  Минг хил таомномадан таъбингизга қараб танлайсиз.

Рахима опанинг туғилган куни  билан шу ерда табриклаб, таиландча дур тақиб қўйдик.  Бир зал тўла кишилар опамизни қутлади. Тушликдан кейин зоопаркка бордик. Филлар билан саёҳатга чиқиб ўрмончани айландик. Филларнинг хартумида расмларга тушдик. Икки фил хартумини туташтириб супача ясади. Биз бу супачада бир пас ором олиб, эсталик учун сувратга тушдик. Ундан кейин, йўлбарслар, филлар, тимсоҳлар шоусини кетма-кет учта залда томоша қилдик. Инсоннинг энг йиртқич ҳисобланган йўлбарс билан тимсоҳни қандай бўйсундираётгани ҳайратланарли эди. Филлар эса инсон бажарадиган баъзи юмушларни уддалар эди. Ҳа, инсон нималарга қодир эмас дейсиз.

Маршрут такси йўлга тушди. Шаррос ёмғир қуйди. Энди бугун уммонга чўмила олмас эканмиз деб афсусланиб тургандик. Паттайяга етиб келгунча ёмғир тиниб, осмон ёришди.

Саёҳатдан келиб умманда чўмилдик.  Уйда денгизнинг шифобахш  тузидан ванна қабул қилардик. Бу ерда табиий ванна турибди. Уни қолдириб бўлармиди.  Саёҳат аъло, қанча ажойиботларни кўрдик. “Яшасин Мустақил Ўзбекистон”, дея хонамизга йўл олдик.

Туризм ва тадбиркорлик ёнма ён. Бу ҳақида алоҳида ҳикоя қилишни маъқул кўрдим. Чунки бу ҳам зиёрат, ҳам саёҳат, ҳам тижоратни ўзида умумлаштирган.

Бу ерда сайёҳлар учун турли хил ўзларида ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотлари сотиладиган магазинларга олиб бориш саёҳатлик компаниялари томонидан текин уюштирилади. Магазин ва ошхоналарининг олдида реклама қоғозлари бўлиб, улар текинга тарқатилади. Саёҳат бюроси ходимлари сизни меҳмонхонадан олиб кетади ва яна олиб келиб қўяди. Реклама қоғозларида ана шундай магазинлардан 11 таси кўрсатилган экан. Улардан бир нечтасига бордик. Устки қийимлар сотиладиган магазинидаги пальто, плаш ва куртка ва бошқа кийим- кечаклар бари табиий теридан тайёрланган. Улар тимсоҳ, илон, ҳатто қурбақадан тайёрланган сувенирлар ҳам мавжуд эди. Яна бири зеби зийнат фабрикаси бўлиб, у ҳам ўзига хос эди. Таиландча халқ табобати аптекаси ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туради. Эсклюзив марказ ”Отоп” да учта йўналишда савдо-сотиқ қилинар экан. Зеб-зийнат фабрикаси ва магазини, латекс магазини ва миллий сувинерлар. “Вован шўп”мазазинида эса  экзотик ҳайвонлар- тимсоҳ, мол, кобра, питон, страус ҳатто қурбақалар териларидан тайёрланган турли хил сўмкалар мавжуд эди.

Ҳеч нарса сотиб олмасангиз ҳам уларни томоша қилиш завқли. Чунки, у ердаги барча нарсалар худди музейдек гид ёрдамида тушинтирилиб тавсия қилинади. Улар ниҳоятда сифатли ва қиммат эди. “Лукдод” магазинида эса табиий тери ва ипакдан тайёрланган кийим –кечаклар ва турли хил сувинерлар билан харид қилишингиз мумкин. Энг асосийси буларнинг бари табиий нарсалардан тайёрланган. У ерда замонавий кийим — кечаклардан тортиб туб аҳолининг миллий либосларигача табиий матолардан эди. Бу ерга буюртмалар кўп бўлади шекилли бизни олиб кетган ўн кишилик машина йўл-йўлакай яна битта меҳмонхонада тўхтаб сайёҳларни олди. Сайёҳларни кузатамиз қиммат бўлишига қарамасдан эсдалик учун нимадир сотиб олишга интилишаяпти. Бу ҳам туризм билан тадбиркорликнинг уйғунлашган услуби экан. Чунки, компания ўз мамлакатининг  ишлаб чиқариши, миллий урф –одатлари билан  таништиряпти, диёрини гўзал бир қиёфада тарғиб- ташвиқ қилаяпти ва ниҳоят ундан манфаат кўраяпти. Даромад олаяпти.

 Мамлакатнинг ўзига хос мевалари. Менинг одатим борган мамлакатнинг ўзига хос меваларини таътиб кўришни хуш кўраман. Дарҳақиқат, Ўзбекистонда ўсмайдиган ўзига хос мевалари жуда кўп экан. Масалан, Мангустин(Манг Кут). Унинг пўстлоғи тўқ фиолетовой рангда. Унинг ичида саримсок доначаларига ўхшаш оппоқ, серсув, юмшоқ мева мавжуд. Унинг пўсти тарвузникидек қаттиқ  пичоқ билан иккига бўлиб тозаланади. Қўл билан арчса ҳам бўлади, бироқ бироз қийинроқ. Ушбу мева офтоб уришининг олдини олар экан. Офтоб урганда чиқадиган ҳароратни пасайтирар экан. Оллоҳнинг мўъжизасини қаранг, шифо табиатнинг ўзида!

Рамбутон(Нго). Олхўри катталигидаги қизил рангли бу мевани ҳам пўстини арчиб ейсиз. Ичида оппоқ узум мевасига ўхшаш шириш юмшоққина неъмат бор. Уни мевасини олиш учун қўлда ҳам пичоқда ҳам бўлса бўлади.

Манго(Мамо уон). Меваси серсув, юмшоқ худди кичикроқ қовунни эслатади. Бироқ, ичида катта ва қаттиқ данаги бор. У шафтоли данагига ўхшаб ейилмайди.

Личи(Лин чи). Бу тайландликларнинг энг севимли меваси ҳисобланади. У думалоқ, қизил рангли,  серсув, ичида қаттиқ қора данакли ўта яқимли таъмга эга мева. Пўстини тирноқни киритиб арчиш ҳам мумкин.

Лонгон(лам -яй). У узум доначаларидек  катталикдаги оч кул ранг тоғ олчасини эслатувчи мева. У Паттайя кўчаларида ҳам Пальма дарахтига ўхшаш ўсимликда узумдек ғуж-ғуж бўлиб ўсади. Ичида митти узумникига ўхшиган  қора данаги бор. У ейилмайди.

Помела(Сом-о). Грепфуртга ўхшайди. Бироқ пустини ажратиш қийин. Жуда қаттиқ.Унинг ичи қизғиш ва сарғиш тусда. Пўсти кўклари жуда сувли, сарғишлари банандек сувсизроқ бўлади.

 Аждарҳо кўзи (Кео-манг-ко). Мени жуда қизиктирган ушбу неъматнинг  пўсти қип-қизил, яшил барглари ҳам ёнидан чиройли бўлиб  чиқиб туради. Қовун пўчоғини арчгандек арчиб ейсиз, ичида седана сепилгандек қовун рангидаги меваси мавжуд. Бироқ, таъми қовундек эмас, ўзига хослиги бор. Менга жуда ёқди. У юракка қувват берар экан.

Шакарли олма(Ной-на). Семеренка олмасига ўхшаб кетади, бироқ, ундан бироз каттароқ ва пўсти қалинроқ,  уни иккига бўлиб қошиқча билан мевасини ейиш керак бўлади. Чунки, жуда юмшоқ, ўта пишиб кетган Хоразмнинг гурвак қовунини эслатади.

Дуриан(Тури-ан). Таиландликлар уни меваларнинг султони ҳисоблашади.  Жуда ейимли ва кучли калорияга эга. Ўзининг яқимли таъми ва ҳиди билан машҳур. Бозорнинг ўзидаёқ еган маъқул. Уни еганда ширин кремнинг таъми келади. Пўстини қўл билан арчса бўлади,  кулранг ғидир-будир  қобиғи ичидан сарғиш мевалари чиқади. Уни кўпроқ еб қўйилса, ҳароратни кўтариб юборади. Ҳамма нарсада мёеёр яхшида.

Бу меваларнинг аксарияти баланд-баланд пальмага ўхшаш дарахтларда ўсади. Ушбу меваларнинг ўзиёқ мамлакатнинг ўзига хослигини англатиб турибди. Меваларни номини тилга олганда эътибор берган бўлсангиз, таиландликлар сўзларни бўлиб бўлиб талафус қилишади. Уларда 48та товуш бор.

Ўзбек миллий таомлари ресторани. Ўзга мамлакатга борганда ўз юртинг ҳақидаги гаплар жуда қизиқтиради. Рекламалар орасидан “Каравон” ўзбекча — русча таомлар ресторани деб ёзилган реклама буклетини олдик.  У ерни кўриш истагида изладик. Шундоққина биз жойлашган меҳмонхонаниннг  ёнида экан. Дарҳақиқат, у ер ўзбекона безатилган. Миллий каштали дастурхонлар, суяниб ўтиришга ёстиқлар қўйилган. Ресторан кичкинагина мўъжазгина бўлсада, худди юртимизни кўргандек бўлдик. Бизга ҳузурбахш кайфият бағишлади. У ерда 67 хил ўзбекона таомлар тайёрланар экан. Палов, самса, лагман, бешбармоқ, курдик, хоним хуллас бари Ўзбекистонни эслатади.  Ошпазлар-у хизмат кўрсатувчилар бари таиландликлар экан. Биз бир-биримизни тилимизни билмасакда, менюга қараб керак овқатни буюртма бердик ва  ресторан бошқарувчисини сўрадик. У кетаётганимизда келиб қолди.  Бошқарувчи Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида ўқиган самарқандлик ёшгина йигит экан. Бизни кўриб у йигитчанинг ҳам кўзлари чақнаб кетди.  “Ўз тилингда гапиришадиган кишиларни кўриш нақадар ёқимли” деди беихтиёр. Йигитчанинг бу ерга келганига икки йил бўлибди. Қисқа давр ичида маҳаллий халқнинг тили ва маданиятини ўрганиб олибди. Дарҳақиқат тадбиркор ва исътедодли болаларимиз жуда кўплиги бизни хурсанд қилди.

“Караван”  ресторанининг асосий маскани Бангкокда жойлашган  бўлиб, ушбу  филиал эса деярли  7 йилдан бери ишлаётган экан.

Бизнинг саёҳатимиз ҳам, ушбу ресторан ҳам Ўзбекистон мустақиллиги, мамлакатлараро дўстлик, иқтисодий — маданий алоқалар  шарофатидир.

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.