Жиззахда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси ва кўпгина давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда “Ёшлар ҳафталиги” ўтказилди.
Ёш ижодкорларга эътибор. Ҳафталик доирасида Бахмал туманидаги “Новқа” зиёратгоҳи боғида, Ғаллаорол туманида “Маржон” болалар оромгоҳида таниқли шоир ва ёзувчилар ҳамда 800 нафар ёш ижодкорлар билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Унда иқтидорли ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Шеърий тўпламлар муҳокама этилди. Бахмалдаги учрашувда Республика Ёзувчилар уюшмаси ва Ёш ижодкорлар кенгаши томонидан 4 нафар қаламкашларнинг шеърий тўпламларини чоп этиш бўйича тавсия берилди. Йигирма нафар ёшлар Республика ёш ижодкорлар кенгаши аъзолигига қабул қилинди.
Бахмал туманида эса келажаги порлоқ исътедод эгалари Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ёшлар иттифоқининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жиноятчиликнинг олдини олиш борасида семинар. Ҳафталик доирасида Зомин, Бахмал, Ғаллаорол туманлари ва Жиззах шаҳридаги таълим муассасалари директор ўринбосарлари, ёшлар етакчилари, психологлар, маҳалла мутахассислари, профилактика инспекторлари билан жиноятчиликнинг олдини олиш йўналишида семинар тренинглар ташкил этилди.
Соҳа мутахассислари ўқув машғулотларини видео материаллар, слайдлар намойиш этиш орқали интерактив усулларда олиб боришди. Ёшлар билан ишлашда янги механизм асосида иш юритиш тавсия этилди.
Психолог маслаҳатхонаси. Ҳафталикда ушбу фаолиятга ҳам алоҳида эътибор берилди. Ажрим ёқасидаги ёш оилалар билан психологларнинг суҳбатлари уюштирилди. Яраштирувлар амалга оширилди, янги тузилган оилаларга нигоҳ гувоҳномалари тантанали топширилди. Никоҳ қуриш арафасидаги ёшлар билан эса якка тартибда мулоқот олиб борилди, мутахассислар томонидан тегишли маслаҳтлар берилди.
Тарбияси оғир болалар билан ишлаш. Ғаллаорол ва Бахмалда истиқомат қилаётган 32 нафар ИИБ профилактик ҳисобида турувчи вояга етмаганлар, тарбияси оғир болалар учун алоҳида психологик тренинглар, якка тартибдаги суҳбатлар ташкил этилди.
Мулоқотлар сўнггида “ижобий” деб топилган 5 нафар вояга етмаганлар ички ишлар органлари профилактик ҳисобидан чиқариш бўйича тавсиялар берилди. Масъулларга тарбияси оғир болалар билан ишлаш бўйича т йўл-йўриқлар берилди.
Сардорлар учун йўл харитаси. Бахмал, Ғаллаорол туманларидаги 170 та таълим муассасаларининг 340 нафар “Иттифоқ” ва “Камалак” сардорлари иштирокида интерактив усулда ўқув-семинар ўтказилди. Ёшларнинг етакчилик (лидерлик) қобилиятини янада ривожлантиришга кўмаклашилди.
Ўқув-семинарларда умумий ўрта таълим мактаб сардорларининг 2018-2019 ўқув йилида ўзлаштириши паст бўлган тенгдошлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилди.
Спорт. Ушбу тадбирларга 2 328 нафар ёш жалб қилиниб, туман ва шаҳарларнинг марказларида ҳамда чекка қишлоқларда футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси, югуриш, кураш, шашка ва шахмат, сузиш, дзю-до, кикбоксинг, тош кўтариш, қўл тўпи, арқон тортиш ва бокс мусобақалари уюштирилди.
Ушбу ҳафталик ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга, уларни ижтимоий, маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Ҳафталик доирасидаги тадбирлар давом этаяпти.
Гулчеҳра Ашурова