Китоб дўконлари таълим манбаидир. Китоб дўкони деганда қандай масканни тасаввур этасиз? Намунали китоб дўкони қандай бўлиши керак? Бу борада жаҳон тажрибасига бир назар ташладим.
Тақдир тақозоси билан дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири — АҚШга сафар қилганимизда китоб дўконлари ҳақидаги таассавурларим бутунлай ўзгарди. Бу мамлакатда китоб дўконлари нафақат китоб сотадиган тижорат жойи, балки кишини мутолаа ва ижод сари ундовчи илхомбахш зиё маскани эканлигига гувоҳ бўлдик. Қуйида ана шу бир қанча намунали жиҳатлари ҳақида ҳикоя қиламиз.
Биринчидан, бу мамлакатдаги китоб дўконлариниг китоб заҳираси жуда бой бўлиб, бу ерда турли ёшга турли қизиқишга турли мавзуда миллионлаб китобларни топиш мумкин.
Икккинчидан, тинч ва шинамгина китоб дўконларида “Бир пиёла чой устида мутолаа” бурчаклари ташкил этилган бўлиб, дўконга келган киши жавонлардан истаган китобини танлаб, чой ёки қаҳва буюриб, истаганча мутолаа қилиб ўтиришлари мумкин.
Жажжи китобхонлар учун эса мўъжазгина мутолаа “уйча”лари ёки каттароқ болалар учун “китобхонлик бурчаклари”ташкил этилган бўлиб, шу ерда ҳам сотувдаги китоблар жавонидан истаган китобни танлаб, соатлаб ўқишлари мумкин. Мазкур мутола уйчалари болаларнинг ёшига мос жиҳозланган бўлиб, бу ерда миттивойлар эртаклар оламига шўнғиб кетишлари учун қулай имконият яратилган.
Учинчидан, бу ердаги китоб дўконларида ҳар куни маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилади. Масалан, “Ижод маҳорати”, “Ноширлик сирлари” сингари амалий машғулотлар, “Бугунги суҳбат мавзуси:…”, “Танишинг:…” каби баҳс-мунозаралар, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, шунингдек “Мутолаа соатлари” шулар жумласидандир.
Жажжи китобхонлар учун эса мунтазам “Эртаклар – яхшиликка етаклар” соатлари ташкил этилиб, дўкон ходимлари миттивойларга эртаклар ўқиб берадилар, китобдаги суратларни изоҳлайдилар. Зеро, китобга меҳр эртак эшитишдан бошланади.
Каттароқ болалар билан эса “Биргаликда китоб ўқиймиз” соатлари ўтказилиб, навбатма-навбат китоб ўқилади. Китоб ўқиб бўлгандан сўнг, ўқиган ҳикояси ҳақида суҳбатлашадилар. Китобнинг мазмун-моҳияти ҳақида фирлашиб, таҳлил қилиб, қиссадан хулоса чиқаришга ўргатадилар.
Шу билан бирга, яна тез-тез бoгча ва мактабларда кўчма ярмаркалар уюштирилади, дўконнинг ўзида “Чегирма кунлари” ташкил этиб, ён-атрофдаги боғча ва мактабларга бу ҳақида хабар берилади.
Ана шундай маърифий-маънавий тадбирларнинг барчаси кишиларни китоб дўконларига чорлайди. Ҳа, албатта, АҚШ дўкондорларининг бу тарғиботдан мақсади кишиларни китоб сотиб олишга ундашдир. Лекин, иккинчи томондан, бунинг натижасида, эл-юрт одамларининг мутолаа маданияти ҳам юксалади. Бизнинг китоб дўконларига ҳам бу усулни кенгроқ киритиш, айниқса жажжи китобхонларни қўллаб-қувватлаш мақсадидаги тадбирларни кучайтириш лозим.
Донишмандлар айтганларидек, тарбия болаликдан бошланади. Ота-оналар фарзандларини тез-тез китоб дўконларига олиб боришга вақт ажратсалар, китоб олами билан боғлиқ тадбирларда иштирок этсалар, биргаликда китоб мутолаа қилсалар, “ёшлар китоб ўқимайди”, дейишга ҳам ҳожат қолмайди. Бунинг учун эса ўз навбатида, китоб дўконларимизда юқоридаги каби намунали шарт-шароитлар, маънавий-маърифий тадбирларни йўлга қўйиш лозим.
Ойдин Саъдуллаева