Америкада илм истаб ишлаётган ўзбек қизи

0
664
марта кўрилган.

Қўшроботда зиёли оиласида туғилган Гулноза Зиёдуллаева АҚШдаги энг йирик аудиторлик ташкилоти бўлган РWC  компаниясида аудитор бўлиб ишлайди.

Ушбу ташкилот дунёдаги энг йирик тўртта компаниянинг бири бўлиб, ўзбек қизининг ана шундай ташкилотда ишлаши фахр, албатта.

Гулноза қисқа давр ичида катта ютуқларни қўлга киритди. Мустақиллик шарофати билан пойтахтимизда ташкил этилган инглиз тилини чуқур ўргатишга йўналтирилган “Inter Hauze”лицейини 2002 йил тугатиб, Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг  туризм факультетида ўқишни давом қилдирди. Бакалаврлик дипломи соҳиби бўлгач, 2006 йилдан “CEVINCH BIZNES” кархонасида директор лавозимида ишлади. Оила қурди. Қизи  Севинч Анварова Мирзо Улуғбек туманидаги молияга ва инглиз тилига ихтисослашган мактабнинг 9 синфида таълим олаётганди. Айни кунда АҚШда онасининг ёнида онлайн таълимини давом қилдирмоқда. Мақсади хорижий тилларни янада чуқурроқ ва изчил ўрганишдир.

Гулноза қизини элига, юртига муносиб хизмат қиладиган етук мутахассис бўлишини истайди. Унинг шиори ”ҳаракатда баракат” яъни ўқиш, изланиш, эл-юртга зарур мутахассис бўлишдир. Қизи Севинчга ҳам ана шу руҳиятни сингдирмоқда.

2011 йил  Тошкент шаҳридаги Сингапур университетининг магистратурасини, 2013 йил Лондондаги университет магистатурасини тугатгач, АҚШнинг Техас штатидаги Хьюстон” Чамасо университетини тугатиб, ишга кирди. У ўзининг тинимсиз ҳаракатлари, чуқур билими туфайли ўзга юртларда ютуқларга эришиб келмоқда. Ўзга юртларда ўз ўрнини топиш осонми? Бунга албатта, катта салоҳият керак бўлади!

Учта магистрлик дипломи соҳиби Гулноза айни кунда  халқаро аудиторлик масалалари бўйича етук мутахассис бўлиб фаолият олиб бормоқда. У рус, инглиз тилларини ўзининг она тилисидек мукаммал билади.

Ўтган йили ишхонаси уни шартнома асосида Филиппинга жўнатди. У ерда маҳаллий аҳоли мутахассисларига аудиторлик  сир-синоатларидан уч ой таълим бериб, малакаларини оширишга кўмаклашди. Ўзбек қизи ўзга юртларда билим олиб, ишлаб устоз мақомига эришди.

 Бироқ, унинг ёди – хаёли юртида, интернетни очиб мамлакатимиздаги бўлаётган ўзгаришлар билан мунтазам танишиб боради. Ўзбекистон билан нафас олмаган кунини  тун ҳисоблайди.

– Мамлакатимиздаги улуғвор  бунёдкорликлар ва ислоҳотларни чирой очаётган баҳорга қиёсласанг арзийди. Баҳор гўзаллигидан кўнгиллар яшнайди. Диллар тозаради. Бугунги кунда  ўзбек диёри  буюк саҳнага айланиб кетди. Битта мисол  қисқа давр ичида  чўлда Қандим заводи қад ростлади. У билан бирга бутун бир шаҳар вужудга келди. Қарақалпоқистоннинг Орол бўйидаги  туман — Мўйноқни олайлик. Чўлда улуғвор кархоналар ила гўзал шаҳар бунёд бўлди. Ушбу янги қурилган завод-у кархоналар минглаб кишиларни иш билан таъминламоқда. Мамлакатимиздаги улуғвор ислоҳотларни, бунёдкорликни  юксак тоғларга, пурвиқор ва кўм-кўк самога, атрофга оромбахшлик бағишлаб оқаётган азим дарёларга қиёс этгулик. Чунки, халқимизнинг тарихи улуғвор, алломалари буюк, келажаги порлоқ.  Ана шундай  гўзалликларни, ободликни, билимдон ва захматкаш инсонлар яратмоқда. Мен ҳам “Янги Ўзбекистон– янги ислоҳотлар” шиори билан ишлаётган элимиз одамлари қаторида салоҳиятли юртимизга муносиб кадр бўлишни орзу қиламан. Бироқ, ҳозирча қизимнинг ёнида бўлишим ва етакчи мамлакатлар илмий салоҳиятини, тажрибасини кизим билан  биргалашиб эгаллашимиз керак.– дейди Гулноза.

Гулнозанинг онаси ва отаси  тадбиркор кишилар. Онаси Ҳусния Синдарова ана шу буюк ислоҳотларни кузатиб, ўшандай пайтларда қизи ёнида эмаслигидан афсусланиб кетади. Она шундай дейди:

– Қизим ҳозир АҚШда  ўз ишхонасида обрў-эътиборга эга. Бунинг учун қизимга ва ишхонасига раҳмат! Лекин, мен ёлғиз қизим Ватанига қайтиб келишини истайман. Бир неча марта илтимос қилдим. «Яна бироз ишлаб тажриба орттириб олайлик кейин Севинч билан бирга қайтамиз» дейди у. Ўзга юртларга ўрганса қайтмаслигидан қўрқаман.  Ана шундай истакларда юрган бир пайтимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрда Америкада ишлаётган бир гуруҳ ўзбек ёшлари билан учрашди. Уларнинг замонавий билим ва тажрибаларини мамлакатимизни ривожлантиришга, Ҳаракатлар стратегияси  асосда амалга  оширилаётган улуғвор ишларга муносиб ҳисса қўшишга даъват қилди. Ўз ватани тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш истагидаги барча ёшларни Ўзбекистонга таклиф этди. Бу сўзларни эшитганимда бир она сифатида жуда хурсанд бўлдим. Бу сўзлар менга қанот берди. Чунки, болаларим эл-юртга хизмат қилиб обрў- эътибор топишини ҳамиша орзу қилганман, умидим амалга ошса  мен дунёдаги энг бахтли она бўламан.

Дарҳақиқат, тарихга эътибор берсак, азал-азалдан ўзбек халқи илм истаб жаҳон кезган. Дунёвий илму урфонга муносиб ҳисса қўшишган. Исми шарифига юртини билдириб турадиган тахаллусларни қўшишган. Ал-Хоразмий, ал- Фарғоний, аз- Замахшарий, ал-Бухорий каби. Булар Ватан туйғусини ўзида ифодалайди. Ҳа, ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё, дейди халқимиз. Ҳуснияхон ва Гулнозанинг орзуларига тилакдошмиз.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.