АҚШ ва Хитой савдо уруши: божлар миқдори 100 миллиард долларга чиқиши мумкин

0
129
марта кўрилган.

 Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги янги баёнот билан чиқди. 

“Хитой АҚШ билан савдо-сотиқ қарама-қаршилигида ўз манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр. Қўшма штатлар дунё ҳамжамияти ва ХХРнинг норозилигини ҳисобга олмай, савдо соҳасида протекционистик йўлда кетишда давом этса, Пекин ҳал қилувчи чорани қўллайди”, дейилган баёнотда. 

Вазирликнинг бундай баёнот билан чиқишига куни кеча АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Хитойдан импорт қилинадиган товарларга қўшимча божлар киритиш бўйича берган фармойиши сабаб бўлди. Мазкур фармойишда Хитой маҳсулотларига қўйиладиган божлар умумий миқдорини 100 миллиард долларгача етказиш имкониятларини аниқлаш вазифаси қўйилган. 

Эслатиб ўтамиз, ҳафта бошида АҚШ Хитойнинг 1,3 минг турдаги маҳсулотига импорт божи қўйилишини маълум қилган эди. Бу билан чекланмаган Вашингтон ўз маҳсулотларига тегишли интелектуал ҳуқуқлар бузилаётганини рўкач қилган ҳолда Хитойнинг кенг турдаги маҳсулотларга янги божлар қўйиш борасида таклифини ҳам берди. Шу аснода АҚШ Хитойни импорт божлари эвазига йилига 50 миллиард доллардан тўлашга мажбур қилмоқчи. Унга жавоб чораси сифатида Хитой Давлат кенгаши АҚШнинг 106 турдаги маҳсулотига 25 фоизлик бож қўйиш ҳақидаги қарорни қабул қилди. 

АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг 23 мартида “Хитой савдо таҳдидларига қарши курашиш тўғрисида”ги меморандумни имзолаган. Мазкур ҳужжат Хитой маҳсулотларига чекловларни жорий этишга рухсат беради. 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.