Болакай футболни хуш кўрарди. Онаси берган тушлик пулига футболист Мессининг плакатларини харид қилмасликка ваъда берди. Аммо, бунинг уддасидан чиқолмаслигини биларди. Чунки, унинг хонаси шифтида ҳали Мессининг плакатлари ёпиштирилмаган жой бор эди.
…2011 йили Аргентина терма жамоаси Алварес яшайдиган жойдан юз километр узоқликдаги шаҳарга келишди. Бундай имкониятни қўлдан чиқариб бўладими?Отаси ўша куни ишдан қолса-да, фарзандини футболчилар жойлашган меҳмонхонага олиб борди.
Ўша куни кутилмаган воқеа юз берди. Месси овқатланиш учун асосий лобби орқали чиқиб келди ва бу ҳолат болакай Алварес ҳаётидаги энг бахтли кунга айланди. Ушбу учрашув юқоридаги фотосуратга муҳрланди.
Улар орадан 11 йил ўтиб, жаҳон чемпионатида ёнма-ён тўп суришни, Алварес ярим финал учрашувида гол уришини, Месси ушбу голли узатма беришини билишмас эди…
Бугунги кунда Аргентина футбол командаси жаҳон чемпиони бўлди. Месси ва Алварес жаҳон чемпионати олтин кубогини бошлари узра кўтаришди!
Орзули дунё! Халқимизнинг «Эзгу ният — ярим давлат» дейиши бежиз эмас, албатта! Қаранг-ки, болакайнинг эзгу орзуси бутун давлат бўлиб чиқди.
Жавлон САЪДУЛЛАЕВ тайёрлади.