БМТ Бош котиби Ўзбекистон Президентига мактуб йўллади

0
60
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Жаноби Олийлари!

Глобал миқёсда ўт очишни тўхтатиш бўйича мен эълон қилган даъватни қўллаб-қувватлаб йўллаган мактубингиз учун Сизга самимий миннатдорлик билдираман. Ушбу даъват бутун дунё бўйлаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан, шунингдек, минтақавий шериклар, фуқаролик жамияти ва дин раҳбарлари томонидан ижобий қабул қилингани мени руҳлантирди. Энг муҳими, ушбу даъватга бир қатор ўзаро низолашаётган томонлар бошланғич ижобий муносабат билдирди.

Можаролардан номутаносиб жабр кўрган ва пандемия олдида янада заиф бўлиб қолганлар учун мен ҳали ҳам хавотирдаман, тинч аҳоли, айниқса хотин-қизлар, болалар ва маргинал гуруҳларни ҳимоя қилиш учун барчамиз масъул эканимизни ҳамиша таъкидлайман. Шу муносабат билан Сиз раҳбарлик қилаётган мамлакатнинг минтақада жабр кўрган давлатларга, шу жумладан Афғонистон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун ғоят миннатдорман.

Сизнинг Ҳукуматингиз томонидан Ўзбекистон Республикасида вируснинг тарқалишини жиловлаш, шунингдек, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий, шу жумладан аҳолининг энг эҳтиёжманд қатламлари учун оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилган қатъий чораларни юксак баҳолайман. Ҳукуматингиз ва резидент-координатор бошчилигида БМТнинг Мамлакат гуруҳи ўртасидаги ҳамкорлик юқори даражада экани мени руҳлантиради.

БМТ қарама-қарши томонлар эзгу ниятлари ёки ўт очишни вақтинча тўхтатиш тўғрисидаги баёнотлардан урушни якунлашга, узоқ муддатли сиёсий ечимлар ва барқарор тинчликка эришишга ўтишига кўмаклашиш учун барча ҳукумат муассасалари ва манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликни давом эттиради. Сиз саъй-ҳаракатларимизни қўллаб-қувватлашда давом этасиз, деб умид қиламан.

Шунингдек, Сирдарё вилоятида тўғон ёрилгани тўғрисидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилганимни таъкидлашни истардим. Унинг оқибатидаги сув тошқинидан жабрланган Ўзбекистон халқи ва қўшни Қозоғистон халқига ҳамдардлик билдираман. Муҳтож одамларга ёрдам кўрсатишда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари яқиндан ўзаро ҳамкорлик қилаётганини юксак баҳолайман.

Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.

Энг эзгу тилаклар ила,

                   Антониу Гутерриш, БМТ Бош котиби

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.