Бутунжаҳон Соглиқни сақлаш ташкилотининг ортиқча вазн ва семизлик бўйича чоп этган энг кейинги ҳисоботига (2016) кўра, дунёда 18 ёшдан катта бўлган 1.9 миллиард киши ортиқча вазнга эга. Шундан 650 миллион нафари семизлик даражасидаги кишилардир.
Бошқача айтганда, 18 ёшдан катта бўлган аҳолининг 39 фоизи ортиқча вазнли, яна шундан 13 фоизи эса семиздир. Жинс нуқтаи назардан айтилса, ер юзида аёлларнинг 40 фоизи ва эркакларнинг 39 фоизи ортиқча вазн, яна 11 фоиз эркаклар ва 15 фоиз аёллар эса семиздир.
Aвваллари семизлик асосан юқори даромадли мамлакатларда кўпроқ учраган бўлса, кейинги йилларда семизлик кам даромадли давлатларда ҳам кўпайиб бормоқда. Масалан, 2000 йилдан бери Aфрика қитъасида 5 ёшгача бўлган ортиқча вазнлик болалар сони 50 фоизга ошган. Осиё қитъасида эса 5 ёшгача бўлган болаларнинг деярли ярми ортиқча вазнга эга.
Дунё бўйича 1975 йилдан бери ер юзи аҳолиси ўртасида семизлик 3 барабар ошган.
Семизлик деб организм қабул қилаётган ва сарфлаётган калория миқдори ўртасидаги номутаносиблик тушунилади. Бошқача айтганда, дунё бўйича кишилар тобора кўпроқ калорияга бой таомлар истеъмол қиляптилар, кам ҳаракатли турмуш тарзига ўтмоқдалар.
Ортиқча вазн юрак-томир, қандли диабет, мушак ва бўғин касалликлари, саратоннинг баъзи турларини келтириб чиқаради. Унутманг, меъёрда ва тўғри овқатланиш, фаол турмуш тарзи олиб бориш орқали ортиқча вазн ва семизликнинг олдини олиш мумкин.