«Агар Бойсундаги Бойбулоқ ва Вишневский ғорларининг уланган жойи топилса, бу дунёдаги энг чуқур ғорлардан бири бўлади», дейишмоқда жаҳон тоғшунослари.
Бу йил Россия, Швейцария ва франциялик ғоршунослардан таркиб топган халқаро экспедиция Чўлбайир тоғ тизмасидаги Бойбулоқ ва Вишневский ғорларини тадқиқ этдилар, дея хабар беради BBC UZBEK.
Чуқурлиги 1415 метрни ташкил этадиган Бойбулоқ Осиёнинг энг чуқур ғори ҳисобланади ва бутун дунё ғоршуносларининг эътиборини ўзига жалб қилган
Нуфузли «National Geographic» журналининг март ойи сонида чоп қилиниши кутилаётган мақолада айтилишича, Ўзбекистоннинг Бойсун шаҳри яқинидаги ғор ер юзидаги энг чуқур ғор бўлиши мумкин.
Асосан россиялик 31 кишилик экспедицияга қўшилган британиялик тадқиқотчи Марк Синнотнинг мақоласида ёзилишича, «Қоронғи юлдуз» дея ном олган мазкур ғор тобора кўп альпинистларни ўзига жалб этяпти.
«Биз биламизки, Эверест чўққиси ер юзидаги энг баланд чўққи, лекин янги ва баҳайбат ерости бўшлиқларини топиш йўлидаги салоҳиятнинг чегараси йўқ. Олимлар ер остида нима яширинганидан кўра Марс сайёраси ҳақида кўпроқ билимга эгалар», — деб ёзади у.
Грузиядаги Крубера ғори шу кунгача аниқланган энг чуқур ғордир. Унинг чуқурлиги 2196 метр. Аммо, Бойсундаги ғор ундан анча чуқурроқ бўлиши мумкин, деган гипотезалар айтилмоқда.
«Қоронғи юлдуз» оғзини россиялик альпинистлар 1984 йилда топишган, аммо илк марта унинг ичидаги тизимни британияликлар 1990 йилда кашф қилишган ва бугунги номини беришган.
У ер остида қўшни «Фестивальная» ғори тизимлари билан қўшилиши мумкин деган қарашлар туфайли жаҳоннинг энг ашаддий ғорчилари Бойсунга қизиқиб қолганлар.
Ойдин САЪДУЛЛАЕВА тайёрлади