Имом Ҳумайний номидаги Теҳрон халқаро аэропортида Украина йўловчи самолёти ҳалокатга учрагани ҳақидаги мудҳиш хабар тарқалди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги жаҳоннинг турли ОАВлари маълумотларини кузатиб, унга кенгроқ шарх беради.
Эрон фавқулодда вазиятлар бўйича бошқарма директорининг РИА Новости ахборот агентлигига маълум қилишича, ҳалокат туфайли барча йўловчилар ҳалок бўлган.
Аввалроқ, Эроннинг Тасним агентлиги Украинанинг бортида 180 йўловчи бўлган самолёти «техник муаммолар» сабабли ҳалокатга учраганини маълум қилган эди. Хабарда айтилишича, самолёт ҳавога кўтарилгандан кейин орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас қулаб тушган.
PS752 рейси Теҳрондан эрталаб маҳаллий вақт билан соат 5:42 да ҳавога кўтарилган ва икки дақиқа ўтгандан кейин, яъни 5:44 да самолёт билан алоқа узилган. Бундан келиб чиқадики, Украинанинг «Boeing 737-800» ҳаво лайнери ҳавога кўтарилгандан сўнг ҳалокатга учраган.
Самолёт ҳалокатга учраган жойда иккита қора қутининг бири топилган. Уни Эрон қутқарувчилари аниқлаган. Бундан олдинроқ, Теҳрон аэропорти вакили ҳалокатга самолёт двигателида ўт чиққани сабаб бўлганини айтган эди.
Шу кеча тунда Эрон ҳарбийлари АҚШнинг Ироқдаги бир нечта объектларига ракета зарбалари берган эди. Айрим кузатувчилар самолёт ҳалокатини ушбу воқеаларга боғлашга ҳам ҳаракат қилмоқда. Яъни самолёт тасодифан ракеталарнинг бири билан уриб туширилган бўлиши ҳам мумкин. Аммо Эроннинг ракета зарбаларини бериш вақти билан самолётнинг парвози бошланган вақт бир-бирига тўғри келмайди.