Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи арафасида 10 сентябрь куни Деҳлида Ўзбекистон маданияти кунлари очилди. Маросим Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги форумлар саройида бўлиб ўтди,дея хабар беради Маданият вазирлиги матбуот хизмати.
Ўзбекистон элчиси Фарҳод Арзиев ўз нутқида икки давлат ўртасидаги кўп асрлик маънавий-маърифий алоқалар тўғрисида сўзлаб, ўзбек-ҳинд мулоқоти бугунги кунда янги суръатларда ривожланиб бораётганини таъкидлади. У Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга амалга оширилажак давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорликка янги мазмун бахш этишига ишонч билдирди.
Тадбирнинг асосий қисми «Сирдарё наволари» гуруҳи концерт дастуридан иборат бўлди. Ўзбекистоннинг сайёҳлик ва маданий салоҳияти тўғрисидаги фильмлар намойиш этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон амалий санъати намуналари кўргазмаси ташкил қилинди.
Учрашув доирасида Деҳлида чоп этилган тўрт жилдлик ўзбек тили дарслиги тақдимоти ҳам ўтказилди.
Маълум қилинишича, Маданият кунлари 14 сентябргача давом этади.